Тадбиркорлар ва ТИФ
иштирокчилари учун доимий
ишонч телефони
11-08
Сифати кафолатланмаган дори воситаларининг ноқонуний айланмасига чек қўйилди
108
Қорақалпоғистон Республикаси божхона бошқармаси томонидан сифатсиз дори воситаларининг республикамизга кириб келишининг олдини олиш борасида мунтазам тадбирлар амалга оширилмоқда.
Сифати кафолатланмаган дори воситаларининг ноқонуний айланмасига чек қўйилди

Чегара ва ташқи иқтисодий фаолият божхона постларида аҳолига сифатсиз дори воситалари инсон саломатлиги учун қанчалик зарар эканлиги ҳақида тушунтириш ишлари олиб борилаётганлигига қарамай, ҳамон мамлакатимизга сифати кафолатланмаган дори-дармонларни олиб кириш ҳолатлари учраб турибди.

Қорақалпоғистон Республикаси божхона бошқармаси Контрабанда ва божхона қонунбузилиши ҳолатларига қарши курашиш бўлими ходимлари томонидан “Мискин” темир йўл бекати ҳудудида олиб борилган тезкор тадбир давомида фуқаро Р.Г.нинг қинғир қилмишлари фош қилинди.

Йўловчи поезди орқали юртимизга кириб келган ушбу фуқаронинг қўл юклари божхона кўригидан ўтказилганида, божхона расмийлаштирувини тасдиқловчи ҳужжатлари бўлмаган ва хорижда ишлаб чиқарилган, умумий қиймати 10,6 миллион сўмлик 3 600 дона “Конкор” номли таблетка ҳамда 40 та флаконда “Интести-Бактериофаг” номли дори воситаларини ҳеч қандай ҳужжатларсиз олиб келаётганлиги маълум бўлди.

Ҳозирда юқоридаги ҳолатлар юзасидан божхона органлари томонидан суриштирув ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Эслатиб ўтамиз, республикамизда жисмоний шахслар божхона чегаралари орқали шахсий фойдаланиш учун турли номдаги 10 тагача номдаги ва ҳар бири 5 ўрамдан ортиқ бўлмаган дори препаратлари ҳамда 5 бирликдан ортиқ бўлмаган тиббий буюмларни олиб киришлари ёки олиб чиқишлари мумкин.

 

30.10.2019

Эшитиш учун матнни белгиланг ва ушбу тугмани босинг