Тадбиркорлар ва ТИФ
иштирокчилари учун доимий
ишонч телефони
11-08
Ишчи гуруҳ тадбиркорларга маҳаллийлаштириш ва саноатда кооперация алоқаларини кенгайтириш масалалари бўйича амалий ёрдам кўрсатди
62
Бугунки кунда ҳудудларда саноат ва озиқ-овқат маҳсулотларини ишлаб чиқариш ҳажмини ошириш ва турларини кенгайтириш, аҳолининг истеъмол товарларига бўлган эҳтиёжини қондириш, маҳаллийлаштириш жараёнларини жадаллаштириш, ишлаб чиқариш қувватларидан тўлиқ ва самарали фойдаланиш орқали бутловчи буюмлар, эҳтиёт қисмлар ва материалларни ишлаб чиқаришни ўзлаштириш ҳамда саноатда кооперация алоқаларини кенгайтириш ва импорт ҳажмини оптималлаштириш энг устувор вазифалар сифатида қаралмоқда.
Ишчи гуруҳ тадбиркорларга маҳаллийлаштириш ва саноатда кооперация алоқаларини кенгайтириш масалалари бўйича амалий ёрдам кўрсатди

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 24 авустдаги “Давлат ва хўжалик бошқаруви ҳамда маҳаллий ижроия ҳокимияти органларининг ишлаб чиқаришни маҳаллийлаштириш ва саноат тармоқларида кооперация алоқаларини жадаллаштиришнинг янги тизимини жорий этиш бўйича масъулиятини янада ошириш тўғрисида”ги қарори билан тузилган ишчи гуруҳи томонидан Хоразм вилоятида фаолият олиб бораётган импортёр корхона ва ташкилотлар билан яқиндан танишиш мақсадида учрашув ташкил этилди.

Учрашув давомида Хоразм вилоятидаги “Yoldosh Tanobchi” хусусий корхонаси фаолияти билан яқиндан танишилди. Мазкур корхона ўз фаолиятини йўлга қўйганига 22 йил бўлган бўлсада, корхонанинг асосий фаолияти қурилиш ойналари ва турли хил усулда кўзгуларга ишлов бериш ёрдамида тайёр маҳсулотлар ишлаб чиқаришдан иборат бўлиб, корхона томонидан 2019 йилнинг ўтган даври мобайнида 1,8 миллион АҚШ долларлик корхонада ишлаб чиқарилмайдиган қурилиш ойна ва эҳтиёт қисмлари ҳам импорт қилинган.

Ишчи гуруҳи томонидан корхонанинг кўп йиллик тажрибасини инобатга олиб, импорт қилинаётган ойна маҳсулотларини вилоятда ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш масаласи кўтарилди. Корхона раҳбари бу борада хорижий компаниялар ва ташкилотларни жалб этиш, имтиёзли кредит ажратиш орқали эришиш мумкинлиги ҳамда замонавий корхона ташкил этиш учун ер майдонлари ажратиш масаласи долзарблигини билдирди.

Ишчи гуруҳ раҳбари А.Давлетов томонидан бу таклиф қисқа фурсатда ҳал қилиниши, корхона томонидан эса рақобатбардош, импорт ўрнини босадиган товарлар ишлаб чиқаришни йўлга қўйилиши бўйича фикрлар билдирилди.

Шунингдек, “Region Foods” масъулияти чекланган жамияти томонидан ҳам 2019 йилнинг ўтган даврида 1,2 миллион АҚШ долларлик озиқ-овқат маҳсулотлари (биоқўшимчалар, макарон, кунгабоқар ёғи, қуруқ овқат, консерваланган сабзавот, соус, кетчуп, майонез) импорт қилинган. Жамият раҳбари томонидан ушбу озиқ-овқат маҳсулотларини ўзимизда ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш бўйича 3 йил олдин иш бошланганлиги, лекин айрим сабабларга кўра тузилган режалар амалга оширилмасдан қолганлиги айтиб ўтилди. Ишчи гуруҳ томонидан бу масалага ҳам ойдинлик киритилиб, амалий ёрдам берилиши бўйича келишиб олинди.

Ўзаро самимий ва ишчанлик руҳида ўтказилган учрашувда тадбиркорлар томонидан амалдаги қонунчилик базасини такомиллаштириш бўйича қатор асосли таклифлар ҳам билдирилди.

Албатта, бу каби учрашувлар келгусида тадбиркорлик фаолиятини янада ривожлантиришда ўзининг ижобий самарасини беради.

31.10.2019

Эшитиш учун матнни белгиланг ва ушбу тугмани босинг