Тадбиркорлар ва ТИФ
иштирокчилари учун доимий
ишонч телефони
11-08
Божхоначилар тадбиркор ҳузурида
1286
Тошкент вилояти божхона бошқармаси ҳамда унинг таркибидаги ташқи иқтисодий фаолият божхона пости раҳбарлари томонидан тадбиркорлар билан мулоқотнинг аниқ ва самарали усулларини қўллаш борасида кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда.
Божхоначилар тадбиркор ҳузурида

Бунда умумий учрашувлар ва давра суҳбатларига эмас, балки ҳар бир тадбиркор билан алоҳида мулоқотга киришиш, кези келганда бевосита уларнинг корхоналарига бориб, мавжуд вазиятни жойида кўздан кечириш, божхонага доир сўнгги янгиликлардан воқиф этиш, муаммоларни эса зудлик билан жойида ҳал этишга алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Жорий йилнинг ўтган 7 ойи давомида Тошкент вилояти божхона бошқармаси томонидан ташқи иқтисодий фаолият иштирокчилари билан ташкил этилган бу каби учрашувлар сони 79 тага етган.

Яқинда “Олмалиқ” ташқи иқтисодий фаолият божхона пости бошлиғи Г.Комилова бошчилигидаги пост ходимлари Оҳангарон туманидаги  “LIMAX GOLD TEXTILE” хорижий корхонасида бўлиб, бу ердаги ишлаб чиқариш фаолияти билан яқиндан танишишди.

2017 йилдан буён фаолият юритаётган ушбу корхона Ангрен эркин иктисодий зонаси иштирокчиси ҳисобланади. 185 нафар ишчи ходимлар фаолият  юритаётган корхонада асосан сифатли пайпоқлар ишлаб чиқилади.

Шунингдек, бу ерда Ўзбекистон Республикасида  ноёб  хисобланган пайпок ишлаб чикариш учун зарур булган спандекс ипини  махаллийлаштириш, талабларга мувофик пайпок ишлаб чикаришда керакли бўлган қўшимча  аксесуарлар ишлаб чиқариш йўлга қўйилади. Шу боисдан келгусида яна қўшимча  30 тага   яқин   иш  ўрни очилади.

Корхона фаолиятига 2017-2018 йиллар давомида 3,8 млн. АҚШ доллари миқдоридаги хорижий инвестициялар йўналтирилган.

Ишлаб чиқаришни самарали йўлга қўйиш, корхонани янада қўллаб-қувватлаш мақсадида 2017 йилда четдан келтирилган технологиялар ва хом ашёлар учун божхона тўловларидан 154 млн. сўмлик имтиёзлар берилган.

Айни пайтда корхонада ишлаб чиқарилган маҳсулотлар Россия, Қозоғистон ва Қирғизистонга экспорт қилинмоқда. Яқин истиқболда бу рўйхат янада кенгайиши кутилмоқда. Ҳозирга қадар салкам 355 минг АҚШ доллари миқдоридаги корхона маҳсулотлари хорижий харидорларга етказилган.

Табиийки, экспорт-импорт операцияларини қисқа фурсатларда амалга оширишда корхона божхона идораларига мурожаат қилади. Шу боисдан, учрашувда товарларнинг божхона назорати ва расмийлаштирувида жорий қилинаётган сўнгги янгиликлар, эркинлик ва қулайликлар ҳақида божхоначилар томонидан батафсил ахборотлар берилди.

Таъкидлаш жоизки, Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Ўзбекистон Республикасида инвестиция муҳитини тубдан яхшилаш чора-тадбирлари тўғрисида” 2018 йил 1 августдаги ПФ-5495 сон Фармони мамлакатда тўғридан-тўғри инвестицияларни жалб этиш учун энг қулай инвестиция муҳитини шакллантириш мақсадида иқтисодиётни либераллаштириш, давлат бошқарувини ислоҳ қилиш, тадбиркорлик субъектлари фаолиятига аралашувни чеклаш, лицензиялаш ва рухсат бериш тартиб-таомилларини қисқартириш ва соддалаштириш, товарлар (ишлар ва хизматлар)дан эркин фойдаланишни таъминлаш, шунингдек, ҳудудларда зарур инфратузилмани яратиш борасида муҳим қадам бўлди.

Фармонга бинона Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланган тартибда туман (шаҳар) ҳокимларига чет эл инвестицияси иштирокидаги корхоналарга қишлоқ хўжалигига мўлжалланмаган ер участкасини 50 йилгача муддатга, лекин аризада кўрсатилганидан кам бўлмаган муддатга инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш учун узоқ муддатли ижарага бериш йўлга қўйилди.

Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши Раисига, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимларига қонун ҳужжатларида белгиланган ваколатлар доирасида ва тартибда 10 миллион АҚШ долларидан кўп бўлмаган эквивалентда чет эл инвестицияси улуши бўлган инвестиция лойиҳаларини амалга оширишда чет эл инвесторлари билан инвестиция шартномаларини тузишга рухсат этилди.

Шунингдек, чет эл инвестициялари иштирокидаги корхоналар устав фондидаги хорижий инвестициялар улушининг энг кам миқдори 30 фоиздан 15 фоизгача камайтирилди.

Чет эл инвестициялари иштирокидаги корхонанинг иштирокчиси сифатида хорижий юридик шахс қатнашиши шартлиги тўғрисидаги талаб бекор қилинди. Чет эл инвестициялари иштирокидаги корхоналар устав фондининг энг кам миқдорини 600 миллион сўмдан 400 миллион сўмгача камайтирилди. Бу каби корхоналарни давлат рўйхатидан ўтказиш учун давлат божи миқдори ҳам уч бараварга камайтирилди.

Учрашув давомида корхона эгалари томонидан мавжуд муаммолар ҳам ўртага ташланди. Хусусан, айрим сохта тадбиркорлар томонидан корхонанинг савдо белгисидан фойдаланиб, контрафакт маҳсулотлар ишлаб чиқарилаётганлиги қайд қилинди ва буни бартараф этиш мақсадида тегишли идоралар билан ҳамкорликда амалга ошириладиган аниқ чора-тадбирлар белгилаб олинди.

Тошкент вилояти

божхона бошқармаси

Ахборот хизмати

11.08.2018

Эшитиш учун матнни белгиланг ва ушбу тугмани босинг