Тадбиркорлар ва ТИФ
иштирокчилари учун доимий
ишонч телефони
11-08
ЎЗБЕКИСТОН – ТУРКИЯ: божхона соҳасидаги ҳамкорлик янада мустаҳкамланмоқда
1449
2019 йил 11-12 ноябрь кунлари Тошкент шаҳрида Ўзбекистон ва Туркия божхона хизматлари раҳбарлари иштирокидаги Қўшма божхона кенгашининг 1-йиғилиши бўлиб ўтди.
ЎЗБЕКИСТОН – ТУРКИЯ: божхона соҳасидаги ҳамкорлик янада мустаҳкамланмоқда

Шу муносабат билан Ўзбекистонга Туркия Республикаси Савдо вазири ўринбосари – божхона хизмати раҳбари Риза Тўна Турағай бошчилигидаги делегация ташриф буюрди.

Ўзбекистон ва Туркия ўртасида дипломатик алоқалар ўрнатилганига 27 йилдан ошган. Иккала мамлакат ўртасида ўзаро дўстлик, шериклик ва кўп қиррали ҳамкорлик сўнгги йиллардан янги, янада фаол босқичга кўтарилди.

2017 йилнинг кузида Муҳтарам Президентимиз Ш.Мирзиёвнинг Туркияга ва 2018 йилнинг баҳорида Туркия Президенти Р.Эрдўғоннинг мамлакатимизга амалга оширган давлат ташрифлари ҳам фикримиз тасдиғидир.

Мазкур ташрифлар доирасида ўтказилган олий даражадаги музокаралар самараси бугун турли соҳалардаги фаол амалий ҳамкорликни янада кенгайтиришга асос бўлиб хизмат қилмоқда.

Аҳамият беринг, кейинги йилларда иккала мамлакат ишбилармонлари томонидан 750 дан зиёд қўшма корхона ташкил этилди, ўзаро савдо ҳажми икки баробарга ортди. Жумладан, 2019 йилнинг ўтган 10 ойи якунлари бўйича ўзаро товар айланмаси ҳажми салкам 1,97 млрд. АҚШ долларини ташкил этди. Бу эса ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 26,9% га кўп демакдир.

Бундай шароитда эса иккала мамлакат божхона хизматлари ҳам самарали ҳамкорлик ва ўзаро ахборот алмашинувини янада мустаҳкамлашга интилиши, табиий. 2018 йилнинг 30 апрелида Ўзбекистон Республикаси Давлат божхона қўмитаси ва Туркия Республикаси Божхона ва савдо вазирлиги ўртасида Қўшма божхона кенгашининг таъсис этилишидан кўзланган мақсад ҳам аслида шу.

Ташрифнинг илк кунида иккала мамлакат экспертлари иштирокида ишчи йиғилишлари бўлиб ўтди ва унда Қўшма божхона кенгашининг дастлабки йиғилиши кун тартибидан жой олган муҳим масалалар муҳокама қилинди.

2019 йил 12 ноябрь куни эса ташрифнинг асосий тадбири - Давлат божхона қўмитаси Раиси Муротжон Азимов ва Туркия Республикаси Савдо вазири ўринбосари – божхона хизмати раҳбари Риза Тўна Турағай иштирокида Ўзбекистон ва Туркия божхона хизматлари раҳбарлари Қўшма божхона кенгашининг 1-йиғилиши бўлиб ўтди.

Кенгашнинг илк йиғилишида ўзаро ҳамкорликнинг янги қирраларини белгилаб берувчи қатор масалалар муҳокама қилинди. Бунда энг аввало, иккала давлат божхона хизматларининг шартномавий базасини мустаҳкамлашга алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Шу муносабат билан, Ўзбекистон томони иккала мамлакат божхона хизматлари ўртасида товарлар ва транспорт воситалари тўғрисида дастлабки маълумот алмашишни ташкил этиш бўйича ҳамда статистика соҳасида услубий ва ахборот ҳамкорлик қилиш юзасидан шартномалар тузиш ташаббусини билдирди.

Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати билан Туркия Республикаси Ҳукумати ўртасида соддалаштирилган божхона йўлагини ташкил этиш тўғрисидаги халқаро шартнома лойиҳаси юзасидан ички келишувга доир зарурий тартиб-таомилларни ҳам бошлаб юбориш лозимлиги қайд этилди.

Йиғилишда маълум қилинишича, келгусида товарларнинг божхона қийматини аниқлаш ва назорат қилиш учун зарур бўлган маълумотларни ўзаро  алмашиш бўйича ҳам ҳамкорликни йўлга қўйиш кўзда тутилмоқда.

Томонлар божхона соҳасида ҳуқуқни муҳофаза қилиш масалаларида ҳамкорлик қилиш бўйича Ишчи гуруҳ учрашувини ўтказишга, қисқа муддатда 2020-2021 йилларга мўлжалланган ўзаро ҳаракатлар Режасини ишлаб чиқиш, унда асосий эътиборни контрабанда, гиёҳвандлик воситалари, одам савдоси ва бошқа божхона ҳуқуқбузарликларига қарши кураш каби йўналишларга қаратишни келишиб олдилар.

Табиийки, буларнинг барчаси икки томонлама савдо айланмасининг янада ортишига кўмаклашиши билан бир қаторда божхона хизматлари фаолиятида самарадорликнинг ортишига ҳам ҳисса қўшади.

Учрашувда таъкидланганидек, Туркия Республикаси божхона хизмати ўзининг бой тарихи ва кўп йиллик тажрибасига эга. Жумладан, чегара ўтказиш пунктларидаги йирик логистика терминаллари фаолиятини самарали йўлга қўйиш, божхона соҳасига ахборот технологияларини кенг миқёсда жорий этиш, экспресс ташувлар (курьерлик жўнатмалари) тизимидан фойдаланиш, хавфларни бошқариш соҳасидаги ўзига хос ва илғор жиҳатлар борасида турк тажрибасини алмашишга эътибор қаратилади.

Туркия томони Ўзбекистоннинг Туркий тилли давлатлар ҳамкорлик кенгашидаги иштирокини мамнуният билан эътироф этди ва “Бир макон, бир йўл” ташаббусини самарали амалга оширишда “Карвонсарой” лойиҳасида иштирок этишга чақирди.

Юқоридагилардан келиб чиқиб, иккала томон 2020 йилда амалга ошириладиган ўзаро ҳамкорликнинг устувор йўналишлари белгилаш ва уларни амалга оширишни тизимли ташкил қилиш мақсадида “Йўл харитаси”ни ишлаб чиқишга келишиб олди.

Учрашув якунида Ўзбекистон ва Туркия божхона хизматлари раҳбарлари Қўшма божхона кенгашининг 1-йиғилиши баённомасини имзолашди.

Ташриф доирасида Риза Тўна Турағай бошчилигидаги делегация аъзолари Давлат божхона қўмитасининг Божхона экспертизаси ва ташқи иқтисодий фаолият товар номенклатурасини юритиш бошқармаси, “Божхона тарихи” музейи, Божхона институти ва Миллий кинология маркази фаолияти билан яқиндан танишдилар.

Кенгашнинг навбатдаги мажлиси 2020 йилда Туркия Республикасида бўлиб ўтади.

12.11.2019

Эшитиш учун матнни белгиланг ва ушбу тугмани босинг