Тадбиркорлар ва ТИФ
иштирокчилари учун доимий
ишонч телефони
11-08
Сайлов тартиботлари тўғрисида тушунтириш ишлари олиб борилди
80
Барчамизга маълумки, мамлакатимизда 2019 йил 22 декабрда бўлиши режалаштирилган муҳим сиёсий жараён - Қонунчилик палатаси, халқ депутатлари вилоят, туман ва шаҳар кенгашларига ўтказиладиган навбатдаги сайловлар олдидан жойларда тушунтириш ишлари олиб борилмоқда.
Сайлов тартиботлари тўғрисида тушунтириш ишлари олиб борилди

Бу каби тадбирларга тайёргарлик жараёнида аҳолининг ҳуқуқий маданияти, хусусан, сайлов қонунчилигидан хабардорлигини ошириш муҳим аҳамиятга эгадир. Мазкур сиёсий тадбирни юқори савияда ўтказиш борасида ташкил этилаётган тарғибот тадбирларида божхона ходимлари ҳам фаол иштирок этишмоқда.

Бу борада ўтказилган навбатдаги тадбир Муборак тумани Адлия бўлими билан ҳамкорликда туманда жойлашган 1-сон мактабда ўтказилди.

Тадбирда ушбу мактаб ўқувчилари, “Ёшлик” маҳалла фуқаролар йиғинида истиқомат қилувчи фуқаролар иштирок этишди. Тадбир аввалида Муборак тумани адлия бўлими бошлиғи Х.Ачилов сўзга чиқиб, Ўзбекистон Республикасининг 2019 йил 25 июндаги ЎРҚ-544-сон Қонуни билан қабул қилинган Ўзбекистон Республикасининг Сайлов Кодексига асосан амалга оширилиши ва ушбу Кодекснинг мазмун-моҳияти тўғрисида иштирокчиларга батафсил маълумотлар берди. Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Президенти, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси депутатлари, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати аъзолари, халқ депутатлари вилоят, туман ва шаҳар Кенгашлари депутатлари сайловларига тайёргарлик кўриш ва уларни ўтказиш билан боғлиқ муносабатларни тартибга солишини ҳамда Ўзбекистон Республикаси фуқароларининг хоҳиш-иродаси эркин билдирилишини таъминловчи кафолатларни белгилашлари юзасидан тушунтиришлар берилди.

– Ўтказилаётган бу каби учрашувлардан асосий мақсад аҳолини сайловга оид билимини ошириш билан бир қаторда, бу каби тадбирларда фаол иштирок этишларини таъминлашдан иборатдир, – дейди туман адлия бўлими бошлиғи Х.Ачилов. – Шунингдек, бу каби тадбирлар туманнинг бошқа ҳудудларида ҳам ўтказилиши белгиланган.

Учрашув якунида эса йиғилиш иштирокчилари ўзларини қизиқтирган барча саволларга соҳа мутахассислари томонидан жавоб олишди.

15.11.2019

Эшитиш учун матнни белгиланг ва ушбу тугмани босинг