Тадбиркорлар ва ТИФ
иштирокчилари учун доимий
ишонч телефони
11-08
Божхона соҳасида кадрлар тайёрлаш тизимини такомиллаштириш бўйича олиб борилаётган чора-тадбирлар юзасидан матбуот анжумани ташкил этилди
1617
Давлат божхона қўмитасининг Божхона институтида оммавий ахборот воситалари вакиллари учун божхона соҳасида кадрлар тайёрлаш тизимини такомиллаштириш юзасидан амалга оширилаётган чора-тадбирларга бағишланган матбуот анжумани бўлиб ўтди.
Божхона соҳасида кадрлар тайёрлаш тизимини такомиллаштириш  бўйича олиб борилаётган чора-тадбирлар юзасидан матбуот анжумани ташкил этилди

Журналистларга Давлат божхона қўмитасининг Кадрлар бошқармаси ва Божхона институти раҳбарияти томонидан мавзу юзасидан батафсил ахборотлар тақдим этилди.

Маълумки, 2018 йил 2 ноябрда Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Ўзбекистон Республикаси божхона органлари кадрларини тайёрлаш тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори қабул қилинган эди. Матбуот анжуманида эса, мазкур қарор ижроси бўйича 1 йил давомида амалга оширилган ишлар сарҳисоб қилинди. 

Таъкидлаш жоизки, мазкур қарор божхона соҳасида профессионал кадрлар тайёрлаш тизимида янгича ёндашув бўлди. Қарор ижросини таъминлаш мақсадида Давлат божхона қўмитасининг Кадрлар бошқармасида Таълим муассасалари фаолиятини ташкил этиш, таълим сифатини мониторинг ва назорат қилиш бўлими ташкил этилди.

Мазкур бўлим томонидан асосий эътибор Божхона институтида курсантларни ўқитиш жараёнида махсус фанлар бўйича ўқув юкламаси, шунингдек, ихтисослаштирилган тренажер-имитацион ва дастурий комплексларни қўллаш ҳисобига амалий машғулотлар ҳажмини оширишга, профессор-ўқитувчилар таркибини юқори даражадаги касбий ва педагогик маҳоратга, шу жумладан, амалий иш тажрибасига эга бўлган мутахассислар билан жамлашга қаратилмоқда.

Давлат божхона қўмитаси томонидан Жаҳон божхона ташкилоти билан ҳамкорлик бўйича йўл харитаси лойиҳаси ишлаб чиқилиб, унда ташкилотнинг халқаро стандартлари бўйича PICARD божхона ходимларини тайёрлаш дастурини институтнинг таълим тизимига интеграция қилиш назарда тутилмоқда.

Институтдаги таълим тизими ўқитишнинг инновацион шаклларини ўз ичига олганлиги ва амалиётга йўналтирилганлиги билан аҳамиятлидир.

Эндиликда институтнинг битирувчи курс курсантларининг ўқув жараёнида олган назарий билимларини амалий кўникмалар билан мустаҳкамлаш мақсадида мунатазам равишда божхона постларида сайёр амалий ўқув машғулотлари ўтказиб келинмоқда.

Яна бир янгилик ходимларнинг малакасини ошириб бориш мақсадида масофавий ва кундузги таълим шаклларини бирлаштирган ҳолда видеоконференция тарзидаги қисқа муддатли ўқув курслари жорий этилиб,  натижаси бўйича эса “on-line” тест синовлари олинмоқда.

Таълим соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотлар эса ўзининг самарасини бермоқда. Масалан, институтнинг 4 курс курсанти Муштарий Исматова Санкт-Петербург шаҳрида “i-Customs, Халқаро бизнес, инновациялар ва божхона томонидан тартибга солиш” VI Халқаро ёшлар конференциясида  ўзининг божхона соҳасини ривожлантиришга оид замонавий ташаббус ва лойиҳалари билан иштирок этиб, 1-ўринни қўлга киритди.

Энг муҳим янгиликлардан яна бири институт профессор-ўқитувчилари ҳамда божхона органлари ходимлари томонидан божхона соҳасига доир олиб борилаётган тадқиқот натижаларини чоп этиб боришни йўлга қўйиш мақсадида жорий йилдан бошлаб “Ўзбекистон божхона ахборотномаси” илмий журнали чоп этилиши йўлга қўйилди.

Анжуманда журналистларни қизиқтирган барча саволларга атрофлича жавоблар берилди.

20.11.2019

Эшитиш учун матнни белгиланг ва ушбу тугмани босинг