Тадбиркорлар ва ТИФ
иштирокчилари учун доимий
ишонч телефони
11-08
Тошкентда МДҲга аъзо давлатлар божхона хизматлари раҳбарлари Кенгашининг 70-йиғилиши бўлиб ўтди
1042
2019 йил 20-22 ноябрь кунлари Ўзбекистон Мустақил давлатлар ҳамдўстлигига аъзо давлатлар божхона хизматлари раҳбарлари Кенгашининг 70-йиғилишига мезбонлик қилмоқда.
Тошкентда МДҲга аъзо давлатлар божхона хизматлари раҳбарлари Кенгашининг 70-йиғилиши бўлиб ўтди

Кенгаш йиғилишида Арманистон, Беларусь, Озарбайжон, Россия, Тожикистон, Қирғизистон, Қозоғистон ва Ўзбекистон божхона хизмати раҳбар ва делегациялари иштирок этмоқда.

Йиғилишнинг асосий тадбири 21 ноябрь куни пойтахтимиздаги муҳташам Ўзбекистон анжуманлар саройида бўлиб ўтди.

Мезбон давлат вакили сифатида тадбирни очар экан, Давлат божхона қўмитаси Раиси М.Азимов Муҳтарам Президентимиз Шавкат Мирзиёев раҳбарлигида республикамизда божхона соҳасини янада такомиллаштириш, яқин қўшни ва узоқ давлатлар билан савдо-иқтисодий алоқалар тобора ривожланиб бораётган бугунги даврда божхона соҳасида ҳам халқаро ҳамкорликни кенгайтириш юзасидан кенг кўламли ишлар олиб борилаётганлигини алоҳида таъкидлади.

Йиғилиш давомида божхона соҳасининг турли йўналишлари бўйича халқаро ҳамкорликни янада кучайтиришга қаратилган бир қатор ҳужжатлар имзоланди. Хусусан,

МДҲга аъзо давлатлар божхона органлари ўртасида транспорт ва тижорат ҳужжатларига тушириладиган божхона органларининг муҳр ва штампларини ўзаро тақдим этиш тартиби тўғрисидаги Келишув;

Темир йўлда ташиладиган юкларнинг божхона операцияларини (божхона назорати ва расмийлаштируви) амалга оширишда божхона органлари ва темир йўлда ташувчилар ўртасида ўзаро ҳамкорликнинг технологик Йўриқномаси имзоланди.

Кун тартибдан жой олган ва кўриб чиқилган масалалар юзсидан Кенгаш қарори қабул қилинди.

Таъкидлаш жоизки, МДҲга аъзо давлатлар божхона хизматлари раҳбарлари Кенгашининг 70-йиғилиши кўплаб икки томонлама учрашувлар учун ҳам ўзига хос мулоқот майдонига айланди.

Мазкур учрашувлар натижасида

Ўзбекистон ва Тожикистон божхона хизматлари ўртасида божхона чегаралари орқали олиб ўтилаётган товар ва транспорт воситалари ҳақида олдиндан ахборот алмашинувини йўлга қўйишга доир Баённоама;

Ўзбекистон ва Озарбайжон божхона хизматлари ўртасида божхона чегаралари орқали ҳаракатланаётган товар ва транспорт воситалари ҳақида ўзаро ахборот алмашинувининг Техник шартлари;

Ўзбекистон ва Россия божхона хизматлари ўртасида божхона чегаралари орқали ҳаракатланаётган товар ва транспорт воситалари ҳақида ўзаро ахборот алмашинуви бўйича Келишувга киритиладиган қўшимча ва ўзгартиришлар;

Ўзбекистон Республикаси Давлат божхона қўмитасининг Божхона институти ва Россия Федерал божхона хизматининг Божхона академияси ўртасида 2020-2025 йилларда кадрлар тайёрлаш ва малакасини ошириш бўйича Ҳамкорлик режаси имзоланди.

Йиғилиш давомида кенгаш ишида алоҳида фаоллик кўрсатиб келаётган ва божхона соҳасида халқаро ҳамкорликни ривожлантиришга қўшган ҳиссаси учун бир қатор маҳаллий ва хорижий делегациялар вакиллари Кенгашнинг 70-юбилей йиғилиши муносабати билан таъсис этилган эсдалик кўкрак нишонлари билан тақдирланди.

Давлат божхона қўмитаси

Матбуот хизмати

21.11.2019

Эшитиш учун матнни белгиланг ва ушбу тугмани босинг