Тадбиркорлар ва ТИФ
иштирокчилари учун доимий
ишонч телефони
11-08
Тожикистон делегацияси Самарқандга ташриф буюрди
424
Икки тилда сўзлашувчи бир халқ”, “Эт билан тирноқ”, “Бир дарёдан сув ичадиган қўшнилар”... Бундай таърифу тавсифлар ўзбек ва тожик халқларига нисбатан ишлатилади.
Тожикистон делегацияси Самарқандга ташриф буюрди

Икки давлат Президентларининг халқларимиз хоҳиш-иродаси, манфаатларини кўзлаб олиб бораётган оқилона сиёсати туфайли бугун чегараларимиз очилди. Чегараларимиз билан бирга, икки халқнинг бағри кенг очилиб, бир-бирига меҳру муҳаббати ошди.

Ўзбекистонга меҳмон бўлиб келган қўшни Тожикистон Республикасининг Маданият вазири Шамсиддин Орумбекзода бошчилигидаги дўстлик делегацияси Самарқанд шаҳрига ташриф буюрди.

Меҳмонларимиз Ўзбекистон Республикасининг Биринчи Президенти Ислом Каримов мақбара мажмуасини зиёрат қилди. Қуръон тиловат қилинди.

Самарқанд шаҳридаги Алишер Навоий номидаги марказий истироҳат боғи ҳудудида ўзбек ва тожик адабиётининг икки буюк мутафаккири – Алишер Навоий ва Абдураҳмон Жомий ҳайкали пойига гулчамбар қўйилди.

Жаҳон адабиётининг бу икки йирик вакили ҳаётида Самарқанд алоҳида ўрин тутади. Уларнинг иккиси ҳам ёшлик йилларида илм-маърифат истаб Самарқандга келган ва бу икки даҳо ҳаётида муҳим аҳамият касб этган.

Самарқанд шаҳрида Навоий ва Жомий ҳайкалининг бўлиши ва энг кўркам масканда ўрнатилиши айни муддаодир. Бу, шубҳасиз, азалий ўзбек ва тожик адабиёти анъаналари давом этиб келаётганидан далолат бериб, халқларимиз ўртасидаги маданий алоқаларнинг ривожланишига хизмат қилади.

Депутатлар, давлат ва жамоат ташкилотлари вакиллари, таниқли шоир ва ёзувчилар, илм-фан, маданият ва санъат намояндаларининг Тожикистон дўстлик делегацияси билан учрашуви ўтказилди. Маданий тадбирлар, учрашувларда ижодкорлар томонидан ўзбек ва тожик тилларида шеърлар ўқилди, эзгу тилаклар билдирилди.

13.08.2018

Эшитиш учун матнни белгиланг ва ушбу тугмани босинг