Тадбиркорлар ва ТИФ
иштирокчилари учун доимий
ишонч телефони
11-08
Одам савдосига қарши курашиш оммавий ахборот воситалари эътиборида
471
Пойтахтимиздаги “Тараққиёт стратегияси” марказида Давлат божхона қўмитаси ва “Истиқболли авлод” ижтимоий-ахборот Маркази билан ҳамкорликда журналистлар учун “Оммавий ахборот воситалари эътиборида одам савдоси” мавзусида ишчи учрашув ташкил қилинди.
Одам савдосига қарши курашиш оммавий ахборот воситалари эътиборида

Мазкур тадбирнинг формати матбуот анжумани ёки брифингдан тубдан фарқ қилиб, бунда давлат ва нодавлат ташкилотлар ҳамда оммавий ахборот воситаларининг уч томонлама бир-бирини тинглаш ва ўзаро ҳамкорликни кучайтиришга қаратилган маслаҳатлашуви бўлиб ўтди.

Таъкидланганидек, Давлат божхона қўмитаси томонидан бугунги кунда мамлакатимизда энг долзарб трансмиллий жиноят сифатида эътироф этилаётган одам савдоси билан шуғулланувчи уюшган жиноий гуруҳларни фош этиш, жиноятларни содир этилишини олдини олиш, инсон ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилиш каби масалаларга жиддий эътибор қаратилмоқда.

Бу борада, божхона органлари томонидан  Ўзбекистон Республикаси чегарасидан ҳаракатланаётган фуқаролар орасида одам савдоси жиноятлари ва унинг оғир оқибатлари тўғрисида тарғибот-ташвиқот ишларини ўтказиш, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар билан ҳамкорликда фуқароларни республикадан ташқарига ноқонуний олиб чиқиш билан шуғулланаётган шахслар фаолиятини фош этиш ва уларга нисбатан қатъий чоралар кўриш борасида қатор ишлар амалга оширилмоқда.

Хусусан, ушбу йўналишда олиб борилган мақсадли тадбирлар натижасида, 2018 йил давомида 4 та одам савдоси билан боғлиқ жиноий ҳолатлар фош этилди, 2019 йилнинг ўтган даври мобайнида эса бу кўрсаткич 2 тани ташкил қилмоқда.

Ишчи учрашувда одам савдосига қарши кураши йўналишида тайёрланган материаллар, видео ва аудио роликларни оммавий ахборот воситалари орқали намойиш қилиш, мазкур мавзуни фаол ва таъсирчан усулларда ёритиб келаётган журналистлар ўртасида турли танловлар ўтказиш масаласи ҳам атрофлича муҳокама қилинди.

Мазкур иллатнинг олдини олиш, фуқароларни одам савдосининг оғир оқибатларидан огоҳлантиришга қаратилган тарғибот тадбирларини бевосита чегара-божхона постларида ўтказиш юзасидан таклиф ва ташаббуслар билдирилди.

Тадбирда бу йўналишдаги ишларни янада кенг миқёсда ва самарали тарзда йўлга қўйиш мақсадида Давлат божхона қўмитаси ва “Истиқболли авлод” ижтимоий-ахборот Маркази ўртасида ўзаро Ҳамкорлик меморандуми ишлаб чиқилганлиги  ва тез кунларда имзоланиши маълум қилинди.

Давлат божхона қўмитаси

Ахборот хизмати

27.11.2019

Эшитиш учун матнни белгиланг ва ушбу тугмани босинг