Тадбиркорлар ва ТИФ
иштирокчилари учун доимий
ишонч телефони
11-08
Халқ билан мулоқот божхоначилар фаолиятининг асосий мезони
268
Муҳтарам Президентимиз Шавкат Мирзиёев томонидан асос солган халқ билан мулоқот тизими бугун ҳар бир соҳа идоралари фаолиятининг асосий мезонига айланиб улгурди. Бунда ташкил этилаётган оммавий қабуллар ҳамда муаммоларни жойига чиқиб ўрганиш “Халқ давлат идораларига эмас, балки давлат идоралари халққа хизмат қилиши керак” деган тамойилни ҳаётимизга шиддат билан кириб бораётганини исботлаб турибди.
Халқ билан мулоқот  божхоначилар фаолиятининг асосий мезони

Куни кеча Давлат божхона қўмитаси раиси бошчилигида ташкил этилган ишчи гуруҳи томонидан Тошкент вилояти божхона бошқармасининг “Ғишткўприк” ва “Нажимов” чегара-божхона постларида ва “Чирчиқ” ташқи иқтисодий фаолият божхона постида оммавий қабуллар ва бевосита фуқаролар билан жонли мулоқотлар ташкил қилинди.

Унда чегара-божхона постлари орқали ҳаракатланаётган жисмоний шахслар, товарлар экспорти ва импорти билан шуғулланиб келаётган ташқи иқтисодий фаолият иштирокчилари ўзларини қизиқтирган, кўпдан бери ўйлантириб келаётган муаммоли масалалар юзасидан Давлат божхона қўмитаси раисига мурожаат қилишди.

Мурожаатларнинг асосий қисмини товар ва транспорт воситаларининг экспорти ва импорти жараёнида янада қулайликлар яратиш, чегара-божхона постларида қўшимча шарт-шароитларни жорий этиш, божхона органларига ишга кириш каби масалалар қамраб олди.

Оммавий қабул давомида ташқи иқтисодий фаолият иштирокчилари ва фуқаролардан соҳа фаолиятини янада такомиллаштиришга қаратилган таклиф ва ташаббуслар ҳам билдирилди.

Масалан, чегара-божхона постлари орқали ҳаракатланаётган йўловчиларнинг қўшни давлатларнинг божхона қоидаларидан хабардорлигини ошириш юзасидан билдирилган таклифлар ҳам эътиборга олинди.

Шундан сўнг ишчи гуруҳ аъзолари бевосита чегара-божхона пости орқали ҳаракатланаётган жисмоний шахслар билан суҳбатлашиб, уларнинг таклиф ва мулоҳазаларини ўрганишди.

Очиғи, мазкур постда амалга оширилган улкан бунёдкорлик ишларидан сўнг постнинг ўтказувчанлик сиғими суткасига 20 минг нафардан 40 минг нафаргача етди. Натижада, эндиликда мазкур постда ортиқча навбат ва тирбандликларга бутунлай барҳам берилди.

Таъкидлаш жоизки, сўнгги йилларда Марказий Осиё минтақасидаги давлатлар билан яқин қўшничилик муносабатлари янада ривожланиши натижасида 10 та чегара божхона постлари очилди. Республикамиз чегаралари орқали транспорт воситалари ва фуқаролар ҳаракати йил сайин ортиб бормоқда.

Масалан, бу кўрсаткич 2017 йилда 21,67 млн. нафар, 2018 йилда  40,35 млн. нафар ва 2019 йилнинг 9 ой давомида 32,12 млн. нафарни ташкил қилган.

Чегара-божхона постлари орқали ҳаракатланаётган автотранспорт воситаларининг оқими ҳам тобора ортиб бормоқда. Бу кўрсаткич 2017 йилда 484,68 мингтани, 2018 йилда 1,2 млн.тани ва 2019 йилнинг 9 ойи давомида салкам 1,4 млн.та авторанспорт воситаларини ташкил қилди.

2019 йилнинг октябрь ойида, республикамиздаги чегара-божхона постлари орқали 114.6 мингдан ортиқ енгил ва юк автотранспорт воситалари ҳаракатланган бўлиб, уларнинг божхона назорати учун ўртача 15 дақиқа 43 сония сарфланган.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 24 ноябрдаги “Божхона маъмурчилигини такомиллаштириш ва Ўзбекистон Республикаси давлат божхона хизмати органлари фаолияти самарадорлигини ошириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармонига кўра, соҳада Хавфларни автоматлаштирилган бошқариш тизими амалиётга киритилди.

Эндиликда товар ва транспорт воситалари учун ҳам божхона назоратида махсус йўлаклар жорий этилди. Жумладан, 2018 йил 1 декабрдан бошлаб “сариқ” ва “қизил” йўлаклар ишга туширилган бўлса, 2019 йил 1 мартидан бошлаб, “яшил” ва “кўк” йўлаклар жорий этилди. Шу орқали товарларни божхона постларидан олиб ўтишда текширув жараёнлари билан боғлиқ бир қанча енгилликлар татбиқ этилди. Асосий мақсад эса одамларга қулайлик яратиш.

Шу куни “Нажимов” чегара-божхона постига ҳам борилиб, автоташувчилар, ҳайдовчилар билан ҳам мулоқотга киришилди. Чегара-божхона постлари орқали автотранспорт воситаларининг саноқли дақиқалар ичида божхона назоратидан ўтказиш борасида амалга оширилаётган ислоҳотларнинг натижалари юзасидан уларнинг фикрлари ўрганилди.

Таъкидлаш жоизки, юридик шахслар томонидан мева-сабзавот маҳсулотлари экспортини амалга оширишда “Хавфни бошқариш”ахборот тизими орқали  товарлар партиясининг 84 фоизи соддалаштирилган тартибда божхона расмийлаштируви амалга оширилмоқда. Бу эса тадбиркорга экспорт-импорт операцияларини амалга оширишда ортиқча бюрократик ҳаракатларнинг олдини олишга замин яратиб, экпорт кўламининг ошишига хизмат қилади.

“Чирчиқ” ташқи иқтисодий фаолият божхона постида эса тадбиркорлар билан бўлиб ўтган самимий ва очиқ мулоқотларда божхона органлари назорат қилувчи ташкилот эмас, аксинча тадбиркорнинг яқин ҳамкори эканлиги, шунингдек, товарлар экспорти ва импорти жараёнида божхоначилар 24 соат давомида хизмат кўрсатишга шай эканлиги таъкидланди.

Учрашув давомида экспорт билан шуғулланиб келаётган тадбиркорларнинг ишчи гуруҳ аъзоларига божхонада ҳужжатларни расмийлаштириш жараёнларини онлайн тарзда кузатиш ва бошқа операцияларни интерактив амалга ошириш юзасидан берган таклифи кўриб чиқиладиган бўлди.

Шунингдек, Давлат божхона қўмитаси раиси бошчилигидаги ишчи гуруҳ аъзолари Чирчиқ шаҳридаги бир қатор экспортёр корхоналарда ҳам бўлиб, уларнинг фаолияти билан яқиндан танишдилар ҳамда ишлаб чиқариш ва экспорт ҳажмини ошириш, маҳсулотларни божхона расмийлаштируви жараёнларини янада соддалаштириш бўйича корхоналар раҳбарлари билан ўзаро фикр алмашилди.

Божхона органлари томонидан жойларда олиб борилаётган бу каби саъй-ҳаракатлар – Президентимиз таъбири билан айтганда, “Энг аввало, одамларимиз ислоҳотлар самарасини келажакда эмас, балки бугун ўз ҳаётида ҳис этишлари”га қаратилган.

 

 

28.11.2019

Эшитиш учун матнни белгиланг ва ушбу тугмани босинг