Тадбиркорлар ва ТИФ
иштирокчилари учун доимий
ишонч телефони
11-08
Япония божхона хизмати: фаол тажриба ва илғор ютуқлар
370
Япония божхона хизмати божхона маъмурчилиги бўйича ўзининг инновацион ёндашувлари билан жаҳондаги энг юқори даражада ривожланган божхона хизматларидан бири ҳисобланади.
Япония божхона хизмати: фаол тажриба ва илғор ютуқлар

Гарчи япония божхонаси тарихи бир неча минг йилликларга бориб тақалса-да, кунчиқар мамлакатда товарлар импорти ва экспортида божхона тўловларини қўллаш амалиёти бундан 153 йил муқаддам – 1866 йилдан йўлга қўйилган. Ўша йили мамлакатда Хокодате, Нагасаки, Йокогама, Хьюого, Осака, Ниигата каби портлар халқаро савдо учун очилган эди.

Замонавий Япония божхона хизмати таркибида 9 та ҳудудий божхона бошқармалари, 189 та божхона идоралари, шу жумладан 120 та денгиз порти ва 30 та аэропортни қамраб олади. Япония божхона органларида ҳозирдан 9 минг нафардан ортиқ божхона ходимлари хизмат олиб боради.

Божхонага доир муносабатлар “Божхона тўғрисида”ги, “Божхона тарифлари тўғрисида”ги, “Вақтинчалик божхона тарифлари тўғрисида”ги қонунлар ва бошқа норматив ҳуқуқий ҳужжатлар билан тартибга солинган.

Япония божхона органлари фаолиятига NACCS электрон ахборот тизими жорий қилинган бўлиб, божхонага доир барча процедуралари мазкур тизим орқали амалга оширилади. Тизим мамлакатнинг 99% божхона брокерларини ўзида қамраб олган.

Япония саёҳат агентлиги маълумотларига кўра, 2018 йилда Япониядаги сайёҳлар сони рекорд даражадаги 31,19 миллион нафарга етди ва ҳукумат 2020 йилга келиб, бу кўрсаткич 40 миллион нафарга етказишни кўзлаган.

2018 йил июлдан бошлаб, Токио аэропортида, 2019 йилнинг июлидан бошлаб Чиба, Осака, Фукуока, Аичи, Хоккайдо ва Окинава префектураларидаги бошқа йирик аэропортларда сайёҳларнинг юзидан таниб олиш тизими (Face control) ишга туширилди.

Янги тизим инсон юзини сканердан ўтказади ва фотосуратларни саёҳатчилар паспортларида микрочипларда шифрланган фотосуратлар билан таққослайди. Агар тизим маълумотларнинг ўзаро мос эканлигини тасдиқласа, эшиклар автоматик равишда очилади. Мазкур жараён атиги 15 сония вақтни олади.

Жаҳондаги кўп давлатлар Жаҳон савдо ташкилоти (WTO) доирасидаги ташқи савдони тартибга солиш, ҳар томонлама интеграцияланувчи гуруҳларга аъзолик ва келишув-битимлар имзоланишида фаол қатнашмоқда. Жумладан, Япония ҳам эркин савдо битимлари бўйича ASEAN, ASEAN+3, ASEAN+6 ва APEC гуруҳларида фаол.

Япония божхона сиёсатида қуйидаги 5 йўналиш устувор аҳамият касб этади.

  1. Хавфсизлик сиёсати. Бунда, контрабанда ва терроризмга қарши курашиш учун давлат чегара назоратида замонавий инспекцион жиҳозлар (рентген тизимлари, тегагерц тўлқинли ва биосенсорли илғор технологиялар) жорий этилган. Интеллектуал мулкни ҳимоя қилиш (IPR) учун Япония божхона хизмати қонунчиликни қайта кўриб чиқишни таклиф этмоқда. Шунингдек, атроф муҳит муҳофаза муаммоларини ҳал этишда ҳам фаол қатнашмоқда.
  1. Даромадларни ундириш сиёсати. Япония божхона хизмати давлат бюджетига божхона тўловларини ундириш билан боғлиқ функцияни ҳам бажаради. 2019 йилнинг 10 ойи давомида жами йиллик истиқбол режа ўртача қарийб 2,1 трлн. иена белгиланган бўлсада унинг 78,2 %ини ёки 1,6 трлн. иен ёки қарийб 15 млрд АҚШ долл. божхона тўловлари ундирилган. Бу эса Япония божхона хизматининг давлат солиқлари бўйича агентлик билан бир қаторда турадиган муҳим бўғин эканлигини кўрсатмоқда.
  2. Истеъмолчилар учун божхона хизматларидан фойдаланишда қулайлик сиёсати. Япония божхонаси 40 йилдан ортиқ вақт давомида хавфларни бошқариш тизимига асосланган божхона расмийлаштируви тартибидан фойдаланиб келмоқда. 2001 йилда Япония божхона хизмати “Ваколатли иқтисодий оператор” мақомини жорий қилган. Импортёрлар, экспортёрлар ва маълум шартларга жавоб берадиган омбор операторлари учун соддалаштирилган божхона тартиблари жорий этилган. Япония ваколатли иқтисодий операторлар бўйича халқаро шериклик борасида АҚШ, Европа Иттифоқи, Австралия ва Янги Зелландия каби хорижий давлатлар билан ВИО дастурларининг ўзаро тан олинишини ўрнатиш учун музокаралар олиб бормоқда.
  3. Халқаро ҳамкорлик сиёсати. Япония божхона хизмати ходимлари Жаҳон божхона ташкилотининг фаол иштирокчиси ҳисобланадилар. Жумладан, Жаҳон божхона ташкилотининг ҳозирги бош котиби ҳам япониялик Кунио Микуриядир. Япония, шунингдек, APEC, ASEM ва икки томонлама келишувлар каби минтақавий тузилмалар ишларида фаол иштирок этмоқда.
  4. Самарали бошқарув сиёсати. Япония ҳукумати бошқарувни яхшилаш учун устувор таркибий ислоҳотларни амалга оширмоқда. Самарадорликни кафолатлаш ва ўз ҳаракатларининг бажарилишини баҳолаш мақсадида Япония божхона хизмати ҳар йили ўз фаолиятини баҳолаб, натижаларини халққа эълон қилиб бормоқда.

Айни пайтда Япония божхона хизмати норматив-ҳуқуқий асосларни такомиллаштириш, таркибий тузилмалар қайта таъсис этиш,  соҳага “Ягона ойна” тамойили асосида янги ахборот тизимларини жорий этиш, юқори технологияли ва самарали инспекцион кўрик мажмуалари, ускуна ва жиҳозлар билан таъминлаш, инсон ресурсларини ривожлантириш, ҳукумат, иқтисодиёт тармоқлари ва таълим муассасалари билан ҳамкорликни мустаҳкамлашга қаратилган ислоҳотларни амалга оширмоқда.

19.12.2019

Эшитиш учун матнни белгиланг ва ушбу тугмани босинг