Тадбиркорлар ва ТИФ
иштирокчилари учун доимий
ишонч телефони
11-08
Тадбиркорларга имконият: кичик саноат зоналарида уларга жой берилмоқда
1163
Президентимиз қарорига асосан Самарқанд вилоятининг шаҳар ва туманларидаги 16 та бўш турган объектлар негизида 14 та кичик саноат зонаси ташкил этилди. Жами 116,5 гектар майдонни эгаллайдиган кичик саноат зоналарида тадбиркорларнинг бизнес лойиҳалари ва ишлаб чиқариш имкониятларини амалиётга татбиқ этишлари учун барча шароит яратилган.
Тадбиркорларга имконият: кичик саноат зоналарида уларга жой берилмоқда

Шунингдек, ишбилармонлар белгиланган солиқлар ва бошқа мажбурий тўловларни вақтида амалга ошириб, доимий иш ўрни яратиб борсалар, кейинчалик мулк ҳуқуқи билан 10 йилгача ижарага бериш режалаштирилган.

Ўзбекистон тикланиш ва тараққиёт жамғармаси кредит маблағлари орқали хориждан замонавий ускуналар ва бутловчи қисмлар келтириш учун 50 миллион АҚШ долларигача маблағ ажратилади.

Эркин иқтисодий ва кичик саноат зоналари маъмурий кенгаши баёни қабул қилинган кундан эътиборан, кичик саноат зонаси иштирокчилари икки йил муддатга юридик шахсларга солинадиган мол-мулк солиғи ва фойда солиғи, шунингдек, ягона солиқ тўловидан озод қилинади.

Солиқ имтиёзлари кичик саноат зонаси иштирокчилари томонидан энг кам иш ҳақининг 2000 бараваридан кам бўлмаган миқдорда инвестиция киритиш шарти билан тақдим этилади. Ишлаб чиқарилган маҳсулотнинг 30 фоизи экспортга чиқарилса, имтиёзлар муддати узайтириб борилади.

Бу имкониятдан самарали фойдаланишни англаб етган тадбиркорлар аллақачон катта ишларни бошлаб юборган. Бугун улар хорижий инвестицияларни жалб этиб, катта-катта завод, фабрика, ишлаб чиқариш корхоналарини бунёд этишмоқда.

Ана шу жараён билан яқиндан танишиш мақсадида бугал Самарқанд вилоят божхона бошқармаси бошлиғининг биринчи ўринбосари Ш.Салихов Каттақўрғон ва Иштихон туманларидаги тадбиркорлик субъектлари билан учрашди.

Хусусан, Каттақўрғон шаҳрида “Сув насослари” ишлаб чиқаришга лойиҳалашган “Pure Classic Service” хорижий корхонаси фаолияти яқиндан танишилди. Хитой давлатининг “HebeiShengweiJi Ye Frp Group Co Ltd” корхонаси томонидан 1 млн. АҚШ доллари инвестиция улуши киритаётган бу корхона шу йилнинг 1 ноябридан иш фаолиятини бошлашни режалаштирган.

Лойиҳанинг йиллик қуввати 5000 дона сув насослари ишлаб чиқариш ҳамда 40 та янги иш ўринлари ташкил этиш.

Корхона раҳбари Э.Қобулов билан олиб борилган суҳбат давомида корхонага ускуналар тўлиқ олиб келинмаганлиги, қурилиш ишлари охирига етмай колганлиги сабабли лойиҳани белгиланган муддатда ишга тушириш имконияти йўқлигини айтиб ўтди.  

Божхоначилар бу муаммоларни бартараф этиш мақсадида тегишли идора ва ташкилотларга ёзма мурожаат қилишларини тадбиркорга етказди.

Шундан кейин божхоначилар черепица ишлаб чиқаришга лойиҳалашган Иштихон туманидаги “Samarqand Heanan” МЧЖ корхонасида бўлишди. Лойиҳа қиймати 4,14 млрд. сўм, хорижий инвестиция улуши 375 минг АҚШ доллари, ўз маблағи 0,5 млрд. сўм, банк кредити 600 млн. сўм.

Корхона раҳбари Б.Элмуродовнинг айтишича, Хитой давлати билан ҳамкорликда қурилаётган корхона 2018 йил 1 декабрдан ишга тушиши белгиланган. Бироқ бу борада муаммолар мавжуд. Яъни, ускуналар тўлиқ етиб келмаган ва қурилиш ишлари якунига етмай қолган. Шу билан бирга юқори қувватли электр энергиясига уланиш учун рухсат олиш муаммоси борлиги маълум бўлди.

Тадбиркорлар фаолият юритиши учун ҳеч қандай муаммо тўсиқ бўлиши мумкин эмас. Албатта уларга озгина кўмак керак, холос. 

Эслатиб ўтамиз, кичик саноат зоналари ҳудудида жойлашиш истаги бўлган лойиҳалар ҳар ойнинг 20 санасида эркин иқтисодий ва кичик саноат зоналари маъмурий кенгаши йиғилишида танлов асосида аниқланади.

Cамарқанд вилояти

божхона бошқармаси

Ахборот хизмати

16.08.2018

Эшитиш учун матнни белгиланг ва ушбу тугмани босинг