Тадбиркорлар ва ТИФ
иштирокчилари учун доимий
ишонч телефони
11-08
Сирдарёда матбуот анжумани ўтказилди
1425
Сирдарё вилояти божхона бошқармасида божхона ва Ички ишлар бошқармаси томонидан оммавий ахборот воситалари билан ҳамкорликни кучайтириш ҳамда соҳа фаолиятида очиқликни таъминлаш бўйича матбуот анжумани ўтказилди.
Сирдарёда матбуот анжумани ўтказилди

          Анжуманда Ўзбекистон  Республикаси Президенти   ҳузуридаги  Ахборот   ва оммавий коммуникациялар агентлигининг Сирдарё вилояти бошқармаси бошлиғи Ф.Боқиев, вилоят ИИБ, ИИБ ЙХХБ, Фавқулодда вазиятлар, божхона бошқармаси раҳбарияти ва ахборот хизмати ходимлари, “Сирдарё хақиқати” ва “Гулистон янгиликлари” газеталари бош мухаррирлари, блогерлар ва “Сирдарё” телерадиокомпаниясининг  маъсул  ходимлари  қатнашдилар.

          Унда божхона бошқарманинг мутасадди ходимлари томонидан соҳада амалга оширилаётган сўнгги ўзгаришлар. янгиланишлар ҳақида батафсил ахборотлар берилди.

          Таъкидланганидек, 2020 йилнинг 1 январидан бошлаб, божхона соҳасида ўзгаришларнинг янги тўлқини старт олади: божхона тартиб-таомилларида янги тартиблар, божхона тўловларини ҳисоблашда эса янги ставкалар жорий қилинади. Шунингдек, божхонага доир ҳуқуқбузарликлар учун ҳуқуқий таъсир чоралари ҳам кучайтирилади.

         Хўш, мазкур ўзгаришлардан кўзланган мақсад нимада?

         Ўзбекистон Республикасининг 2019 йил 31 октябрдаги “Божхона маъмуриятчилигини такомиллаштириш муносабати билан айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳақида”ги ЎРҚ-577-сон Қонуни юзасидан батафсил тушунтиришлар берилди.

         Сўнгги йилларда божхона тартиб тамойиллари соддалаштирилиб, ташқи иқтисодий фаолият иштирокчиларига қулай шарт-шароитлар яратилмоқда.

         Бироқ, айрим нопок тадбиркорлар томонидан давлат бюджетига тўланиши лозим бўлган божхона тўловларини тўламаслик мақсадида товарларни тасарруф этиш, ўзгартириш каби ҳуқуқбузарликлар содир этилмоқда. Бу эса табиийки, қонун доирасида иш олиб бораётган тадбиркорлар фаолиятига салбий таъсир кўрсатмоқда.

        Тадбирда Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 7 ноябрдаги “Жисмоний шахслар томонидан шахсий эҳтиёжлари учун товарларни олиб ўтиш тартибини янада такомиллаштириш тўғрисида”ги ПҚ-4508-сон қарорининг мазмун-моҳияти ҳақида ҳам атрофлича тўхталиб ўтилди.

        Иштирокчилар эътиборига шунингдек ИИБ хуқуқбузарликни олдини олиш профилактикаси, Хорижга чиқиш, кириш ва фуқаролик бошқармаси, Хотин-қизлар қўмитаси, ЙХХБнинг маъсул ходимлари томонидан 2019 йил давомида амалга оширилган ишлар, қонунчиликга киритилган ўзгартишлар, соҳа фаолиятига доир қабул қилинган норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар ва келгусидаги вазифалар хақида ҳисоботлар берилди.

        Ф.Боқиев ҳисоботлар асосида билдирилган таклифларни ҳисобга олиб, аҳолига сифатли, ахборот етказиб бериш бўйича таклиф ва мулоҳазаларни ўртага ташлаб, вилоятда фаолият кўрсатаётган барча матбуот хизматларини ҳамкорликка чақириб, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 27 июнда қабул қилинган “Оммавий ахборот воситалари мустақиллигини таъминлаш ҳамда давлат органлари ва ташкилотлари ахборот хизматлари фаолиятини ривожлантириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори ижроси юзасидан амалга оширилган ишлар ва бу борадаги вазифалар ҳақида ўз фикрларини билдирди.

        Айни пайтда матбуот анжуманларини ташкил этиш орқали ахборот хизматлари ходимларининг малакаси оширилмоқда. Бугунги анжуманда бундай тадбирларни ҳудудларда ўтказишга ва энг намунали ахборот хизматлари фаолиятини ўрганган ҳолда ўзаро тажриба алмашишга келишиб олинди.  

        Очиқ мулоқот тарзида ўтган анжуманда қатнашчилар томонидан ахборот хизматлари фаолиятини янада ривожлантириш билан боғлиқ кўплаб таклиф ва мулоҳазалар билдирилди.

         Анжуманда журналистлар ўзларини қизиқтирган саволларга атрофлича жавоблар олишди.

31.12.2019

Эшитиш учун матнни белгиланг ва ушбу тугмани босинг