Тадбиркорлар ва ТИФ
иштирокчилари учун доимий
ишонч телефони
11-08
Ватанпарварлик – энг буюк мардлик
218
Дунёнинг энг пешқадам давлатлари қаторида Ўзбекистон ҳам дадил ва олға қадам ташламоқда.

Хусусан, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 21 сентябрдаги ПФ-5544-сон Фармонига мувофиқ “Ўзбекистон Республикасини 2030 йилгача инновацион ривожлантиришнинг мақсадли кўрсаткичлари” ишлаб чиқилди. Ушбу мақсадли кўрсаткичлар 81 та бўлиб, улар орасида “Давлат ва жамият қурилиши”, “Ижодкорлик натижалари” ва “Илм-фан ва технология” йўналишлари муҳим аҳамият касб этади.

Юқорида назарда тутилган улкан марраларни эгаллаш, яъни, Юртбошимиз таъкидлаганидек 2030 йилгача Ўзбекистонни ривожланган давлатлар қаторига киритиш учун ўзбек халқининг бир тан-у бир жон бўлиб ҳаракат қилиши ва  бу борада ўз ҳиссасини қўшиши ҳар қачонгидан долзарб ҳисобланади.

Сўнгги йилларда юртимизда жадаллик билан барча соҳаларда кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилмоқда. Ҳар бир фуқаро ва давлат хизматчиси давлатнинг ривожланишига ўз хиссасини қўшиши, ўзини давлатнинг бир бўлаги сифатида ҳис қилиши эса бу каби ислоҳотларни амалга оширишнинг асосий мезони ҳисобланади.

Шу ўринда “Пруссиялик она алласи” номи билан ҳаммага таниш бўлган бир ҳикояни эслатиб ўтиш лозим. Пруссия давлати XVIII-XIX асрларда ҳозирги Германия ҳудудида мавжуд бўлган давлат бўлиб, озодлик учун курашларда мағлуб бўлиб ўша кучли давлат таназзулга юз тутган. Бу ҳикояда пруссиялик она ўз боласига алла айтмоқда. Бу аллада пруссия халқининг таназзулга юз тутиши ҳақида сўз боради. Пруссия халқи нақадар  буюк халқ бўлса-да, озодлик учун курашда ғалабани бой берди.Озодлик учун бўлган ушбу жангда пруссия халқи тўрт минг аскарга қарши ўн минг аскар ҳамда кучли саркарда  билан жанг қилди. Аммо шунга қарамай мағлубиятга учради. Бунинг асосий сабаби пруссия қўшинининг саркардаси вафоти бўлиб, у жангга киришда от тақаси чиқиб йиқилиши туфайли вафот этди. Бир тақачининг ўз вазифасини сидқидилдан бажармаганлиги буюк халқнинг ҳалокатига олиб келди. Айни мана шу жойда асл ватанпарварлик ҳисси ва унинг аҳамияти нақадар муҳимлиги ўз аксини топади. Шундай экан ўзини Ватан равнақи учун ҳисса қўшишга масъул деб билган хар бир фуқаро ўзи бажараётган ишни назорат қилувчилар учун эмас, балки халқининг фаравонлиги учун бажариши лозим. Ўсиб келаётган ёш авлодни бундай садоқатли, Ватани учун ёниб-куйиб яшайдиган, чин маънода ватанпарвар инсонлар қилиб камол топтиришда биздан бир қанча вазифаларни амалга ошириш талаб қилинади.

Юртимизда баркамол авлодни муносиб тарбиялаш, уларни ёт ғоялардан ҳимоя қилишга алоҳида эътибор қаратилиб, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 13 декабрдаги “Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари ташкил этилганлигининг 28 йиллиги ҳамда Ватан ҳимоячилари кунини нишонлашга тайёргарлик кўриш ва ўтказиш чора тадбирлари тўғрисида” Ф-5529- сон фармойишига асосан “Ватан – муқаддас, уни ҳимоя қилиш муқаддас бурчдир!”  деган умумий ғоя остида тадбирлар ўтказиш, давлат ва жамоат ташкилотларининг раҳбарлари томонидан ўзлари таҳсил олган академик лицейлар, касб-ҳунар коллежлари ва умумтаълим мактабларида “Мардлик ва жасорат” мавзусида тантанали тадбирлар ўтказиш каби бир қатор ишлар амалга оширилиши кўзда тутилган. Бундай тадбирларнинг ўтказилиши эса ёшларда ватанпарварлик ғояларини шакллантириш, уларни Ватанга муҳаббат руҳида тарбиялаш ишларига катта ёрдам беради.

Хулоса ўрнида айтадиган бўлсак, ҳар бир қаричида азиз авлиё, улуғ аллома ёки бир ватанпарварнинг хоки ўрин олган мўътабар заминда яшаяпмиз. Уларнинг бедор ва курашчан руҳи бугунги тинчлик ва аҳил-тотувлик, ободлик ва озодлигимиз тимсолида мужассам. Бу эса зиммамизга шукроналик, фахрланиш, ғурурланиш баробарида тараққиёт сари интилиш, ўзлигимизни намоён этиш масъулиятини ҳам юклайди. Бунинг учун фидойилик, ватанпарварлик, Ватан манфаатларини барчасидан афзал билиш талаб этилади. Биз ана шу ғояларни чуқур англасак, энг муҳими, амалий ҳаракатимизда намоён қила олсаккина, Ватанга содиқ фарзанд бўлишимиз мумкин.

Улуғбек Юлдашов

Божхона институти

Ўқув батальёни курс бошлиғи

6.01.2020

Эшитиш учун матнни белгиланг ва ушбу тугмани босинг