Тадбиркорлар ва ТИФ
иштирокчилари учун доимий
ишонч телефони
11-08
Миллий армиямиз — бизнинг ифтихоримиз ва ғуруримиз
225

Айнан сизларнинг ерда ва кўкда, сувда ва қуруқликда

олиб бораётган мардона хизматларингиз туфайли осмонимиз мусаффо,

болаларимиз, мўътабар оналаримиз, кексаларимиз хотиржам яшамоқда,

юртимиз обод, халқимиз ҳаёти фаровон бўлмоқда

Шавкат Мирзиёев

Мутафаккир шоир Алишер Навоий бобомиз айтганларидек, бу дунёда эр йигитнинг энг буюк, эзгу ва муқаддас вазифаси, аввало, ўз оиласи, Ватани ва халқини муносиб ҳимоя қилишдан иборатдир. Ватан нақадар азиз ва муқаддас сўз, биргина шу сўз ҳимояси учун неча-неча мардлар жон беришган. Ватан бу менинг бугуним ва эртам, бу менинг оилам бу менинг келажагим.. Дарҳақиқат бу Ватан учун ёниб яшамоқ керак, унинг тақдирига дахлдорлик ҳисси бу улуғ туйғу ҳисобланади. Ота боболаримиз хоки бўлган бу юрт учун фақатгина уни қўлда қурол билан ҳимоя қилиб эмас, балки ўз ақл заковатимиз билан унинг иқтисодий салоҳиятини кучайтириш орқали ҳам хизмат қилишимиз лозим. Аллоҳга шукроналар бўлсинки, шундай жаннатмакон юртда туғилдик, осмонимиз мусаффо уйқумизда ҳаловат бор. Демакки тинчлик деган буюк неъматдан фойдаланиб, ҳар турли соҳада изланиш ва ўрганиш менимча ҳар бир фуқаронинг ўз виждони олдидаги бурчидир. Чунки ўз ҳалқимизга ўзимиз ёрдам бермасак ўзга юртлардан ҳеч ким ёрдам бермайди.

 Ҳозирги давр фақат бугун учун эмас эртанги кун учун яшашни талаб қилмоқда. Замондан ортда қолмаслик учун эса мамлакатдаги ҳар бир фуқаро давлат томонидан ўзига юклатилган вазифани сидқидилдан чин кўнгилдан бажарсагина биз бугун олдимизга қўйган марраларимизга албатта етишамиз. Шу ўринда Саид Аҳмаднинг “УФҚ” трилогиясидаги Икромжон деган бош қаҳрамонннинг иккинчи жаҳон урушидан қўлтиқ таёқ билан қайтиб келган ҳолидаги "Шу ерда туриб қўлтиқ таёқ билан ўт очаман” деган сўзлари одамни ақлини шоширади. Ватанни ҳис қилиш қачон бошланади? Бу улуғ сўзни илк бор қачон эшитганимизни эслаймизми? “Алпомишим, олтиним, алла, ёвни енган ботирим, алла. Паҳлавон бўл сардорим, алла, суянчиғим, полвоним, алла” деб бошланувчи муқаддас қўшиқни тинглай бошлаганимизда, ногоҳ шамол эсса, онамиз бағрига босганида мурғак қалбимиз бизни ҳимоя қиладиган, асраб-авайлайдиган, меҳр кўрсатадиган ғамхўримиз, тинч ором оладиган олтин бешигимиз, иссиқ-совуқдан ҳимоя қиладиган бошпанамиз борлигини англагандирмиз балки? Болалик йиллари тенгдошларимиз билан уйимиз, кўчамиз, маҳалламиз, мактабимиз, қишлоғимизнинг ғурури, шаъни учун бел боғлаб курашга тушган пайтларимизда қалбимизда Ватан учун яшаш, уни улуғлаш, ҳимоялаш, шу азиз бешикка муносиб фарзанд бўлиш истаги уйғонган бўлса, ажаб эмас.

Президентимиз Шавкат Миромонович Мирзиёев ёшларни шу фазилатлар руҳида чинакам ватанпарвар, элсевар, фидойи, мард ва жасур қилиб тарбиялашга катта эътибор бериб, шундай деган эди: “Ҳар қайси давлатнинг чегараларини дахлсиз сақлашда ҳарбий куч-қудрат, қуролли кучлар сув билан ҳаводек зарур, Аммо халқимиз, авваламбор, ёш авлодимиз маънавий оламининг дахлсизлигини асраш учун биз нималарга таяниб-суяниб иш олиб боришимиз керак, деган савол бугун барчамизни ўйлантириши табиий. Мен, ҳаётда кўп бор ўз тасдиғини топган ҳақиқатдан келиб чиққан ҳолда, бу масалада шундай деган бўлардим: тобора кучайиб бораётган бундай хатарларга қарши доимо сергак, огоҳ ва ҳушёр бўлиб яшашимиз зарур. Бундай таҳдидларга қарши ҳар томонлама чуқур ўйланган, пухта илмий асосда ташкил этилган, мунтазам ва узлуксиз равишда олиб борилаётган маънавий тарбия билан жавоб бериш мумкин”.

Дарҳақиқат, бугун Ватан ҳимояси, ватанпарварлик маънавий-ахлоқий тарбия билан чамбарчас боғланиб кетди. Халқимизнинг тинч, осуда ҳаётини қўриқлаш шарафли, айни чоғда ўта масъулиятли вазифага айланди. Бунинг боиси шуки, дунё муттасил ўзгариб бормоқда, иқтисодий жиҳатдан юксак даражада ривожланган, ҳеч кимдан кам жойи йўқ мамлакатлар ҳам шахсий манфаат боис, бошқа минтақаларга суқланиб қарамоқдалар, бошқа халқларга ўзларигагина хос бўлган қадриятларни сингдиришга, ўзга ҳудудларни ўз таъсирларига олишга зўр бериб уринмоқдалар. Дунёдаги ҳар бир миллат ва элат ўзига мақбул йўл танлаши мумкинлигини унутиб қўймоқдалар.

      Ҳозирги кунда дунёда олдиндан айтиш қийин бўлган вазият ҳукм сураётган мураккаб бир шароитда мамлакатимиз хавфсизлиги ва ҳудудий яхлитлигини, жамиятимизда тинчлик ва тотувликни таъминлаш нақадар муҳим аҳамиятга эга эканини чуқур англаган ҳолда, биз 2017-2021-йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантириш бўйича қабул қилинган Ҳаракатлар стратегиясида юртимиз мудофаа салоҳиятини янада мустаҳкамлаш ва Қуролли Кучларимизни ривожлантиришни устувор йўналишлардан бири сифатида белгиладик.

Шу боисдан ҳам, мустақилликнинг дастлабки қадамларидан бошлаб, мамлакатимизда қабул қилинган Мудофаа доктринаси ва армияни ислоҳ қилиш бўйича чуқур ўйланган, узоқ муддатга мўлжалланган дастурни босқичма-босқич амалга ошириш баробарида, янги авлод тарбиясига, улар онг-тафаккурини ёт ғоялардан, ногаҳоний хуружлардан асрашга алоҳида эътибор берилди. Энг муҳими, бу икки йўналишдаги ишлар ўзаро уйғун ҳолатда олиб борилди. Ватан ҳимоячиларини хусусан божхона органлари ходимларини уй-жой билан таъминлаш, оила аъзоларини ижтимоий ҳимоялаш борасида ҳавас қиларли ишлар амалга оширилди. Ҳарбий хизмат давомида юксак натижаларга эришган йигитларга олий ўқув юртларига киришда маълум имтиёзлар жорий этилди. Ҳарбий хизматни ўташ оилаларимизда камол топаётган ўсмирлар учун ҳаётий мақсадга, орзу-умидга, фахр-ифтихорга айланди. Ҳар йилнинг 14 январь куни эса нафақат Ватан ҳимоячиларининг, балки бутун халқимизнинг энг муҳим, қувончли байрамларидан бири бўлиб қолди.

 У.Ботиров 

Божхона институти бошлиғи ўринбосари,

божхона хизмати майори

6.01.2020

Эшитиш учун матнни белгиланг ва ушбу тугмани босинг