Тадбиркорлар ва ТИФ
иштирокчилари учун доимий
ишонч телефони
11-08
Давлат божхона қўмитаси ижтимоий тармоқларда тарқалган хабарлар юзасидан муносабат билдиради
2669
Давлат божхона қўмитаси хорижий оммавий ахборот воситалари ва ижтимоий тармоқларда тарқалган божхона тўловларининг соддалаштирилган тартиби жорий қилиниши ортидан божхона тўловларининг ортганлиги ва божхона постларида навбатлар юзага келгани ҳақидаги хабарларга муносабат билдиради.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 7 ноябрдаги “Жисмоний шахслар томонидан шахсий эҳтиёжлари учун товарларни олиб ўтиш тартибини янада такомиллаштириш тўғрисида” ПҚ-4508-сон қарорига мувофиқ,  2020 йил 1 январдан бошлаб, республикамизга кириб келаётган жисмоний шахсларнинг нотижорат мақсадлардаги товарлари божсиз олиб киришнинг чекланган меъёрларидан ортган ҳолатларда божхона тўловлари соддалаштирилган тартибда ундирилиши йўлга қўйилди.

Яъни, божхона божи, қўшилган қиймат солиғи ва акциз солиғи ўрнига товарнинг божхона қийматидан 30 фоиз, лекин ҳар бир килограми учун 3 АҚШ долларидан кам бўлмаган миқдорда ягона божхона тўлови ставкаси жорий қилинди.

Мазкур ставкалар Ўзбекистон Республикаси Ташқи иқтисодий фаолият товар номенклатураси кодидан ва келиб чиқиш мамлакатидан қатъи назар товарларнинг барча тоифалари бўйича божхона қийматидан келиб чиққан ҳолда тадбиқ қилинади.

Шунингдек, жисмоний шахслар томонидан ҳайвонот оламига мансуб озиқ-овқат маҳсулотлари олиб кирилаётганда ушбу товарларда ишлаб чиқарувчининг ўров варағи бўлиши мажбурийдир.

Яна бир жиҳат - жисмоний шахслар томонидан олиб киришда божхона тўловларига тортилмайдиган айрим турдаги товарлар олиб кириш меъёрларидан ортган тақдирда уларга ягона божхона тўлови ставкаси татбиқ этилмайди.

Яъни, алкоголь маҳсулотлари, шу жумладан пиво – 2 литрдан, барча турдаги тамаки маҳсулотлари – 10 қутидан, атир ва атирсимон суюқликлар – 3 донадан, қимматбаҳо металл ва қимматбаҳо тошлардан ясалган заргарлик буюмлари – 65 гр.дан ортган тақдирда божхона тўловлари умумбелгиланган тартибда тўланади.

Қарор билан жисмоний шахслар томонидан шахсий эҳтиёжлари учун олиб кириладиган товарлар тоифасига кирмайдиган товарлар рўйҳати ҳам тасдиқланди.

Улар сирасига ички ёнув двигателлари, марказий иситиш қозонлари, газонлар, истироҳат боғлари ёки спорт майдончалари учун косилкалар, дискли маиший арра, офтобда қорайиш учун солярийлар, тиббиёт техникаси  ва ускуналари,  тиббиёт, хирургия, стоматология ёки ветеринария мебели, сартарош креслоси ва ўхшаш креслолар, уларнинг қисмлари, фотолабораториялар учун аппаратура ва ускуна, ўйин автоматлари каби товарлар киради.

Яъни ушбу товарлар олиб кирилганда умумбелгиланган тартибда божхона тўловлари ундирилади.

Нега? Сабаби, аслида тижорат мақсади учун олиб кирилаётган товарларни “ўз эҳтиёжим учун” деган важ билан олиб кириш ҳолатлари кўпаймоқда. Вахоланки, юқорида санаб ўтилган товарлар асосан саноатда, тадбиркорликда фойдаланилади ҳамда улар сифат ва хавфсизлик бўйича мажбурий текширувлардан ўтказилиши лозим бўлган товарлар сирасига киради.

Хўш, мазкур қарорни қабул қилишга сабаб бўлган омиллар нималардан иборат?

Маълумки, божхона идоралари томонидан сўнгги йилларда божхона процедураларини янада соддалаштириш, фаолиятни тубдан такомиллаштириш, туризм соҳасини ҳамда тадбиркорлик фаолиятини ривожлантириш учун қулай шарт-шароитлар яратиш, божхона назорати ва расмийлаштирувига сарфланаётган вақтни кескин қисқартириш борасида қатор ислоҳотлар амалга оширилмоқда.

Жумладан, 2018 йил 1 январдан бошлаб республикамизнинг халқаро аэропортларида “яшил” ва “қизил” йўлак тизими жорий этилди. 2021 йил 1 январдан бошлаб, мазкур икки йўлакли тизимни республикамизнинг барча чегара божхона постларида жорий этилади.

Муҳтарам Президентимизнинг хорижий ва  қўшни давлатлар билан ўзаро дўстлик ва ҳамкорлик алоқаларини мустаҳкамлаш, иқтисодий ҳамкорликни ривожлантириш борасидаги ташаббуслари натижасида божхона назорати орқали ўтаётган фуқаролар, товар ва автотранспорт воситалари сони бир неча баробарга ортди.

Хусусан, божхона чегараси орқали ҳаракатланган жисмоний шахслар сони 2017 йилда 21,6 млн. нафарни,  2018 йилда 40,3 млн. нафарни ва 2019 йилда 42,6 млн. нафарни ташкил этди. Яъни, 2019 йилда ҳаракатланган шахслар сони 2017 йилга нисбатан 2 баробарга ошди.

Автотранспорт воситалари сони эса 2017 йилда 484,6 мингтани,  2018 йилда 1,3 млн.тани ва 2019 йилда 1.9 млн.тани ташкил қилди. Яъни, 2019 йилда ҳаракатланган автотранспорт воситалари сони 2017 йилга нисбатан қарийб 4 баробарга ошди.

2020 йил 1 январга қадар жисмоний шахс томонидан белгиланган меъёрлардан ортиқча товарлар олиб кирилганда, божхона тўловини ундириш учун товарнинг ТИФ ТН кодини белгилаш, ишлаб чиқарилган мамлакатини аниқлаш, ҳар бир товарнинг амалдаги божхона божи, сўнгра акциз солиғи ставкасини аниқланиши ва якунда эса қўшимча қиймат солиғи билан қўшган ҳолда божхона тўловларини ҳисоблаш билан боғлиқ расмийлаштирув жараёнларига ўртача 20-30 дақиқа сарфланаётган эди.

Мазкур вазиятда товарларнинг келиб чиқиш мамлакатини тасдиқловчи сертификат тақдим этилмаган тақдирда (аксарият ҳолатларда жисмоний шахслар томонидан бундай сертификатлар тақдим этилмас эди) божхона божи икки карра миқдорида ҳисобланар эди. Эндиликда эса жисмоний шахслардан мазкур сертификат талаб этилмайди ва божхона божи бир баробар миқдорида ҳисобланади.

Ягона божхона тўловининг жорий этилиши натижасида мазкур тартиблар нафақат соддалашди, балки сарфланадиган вақт бир неча баробарга қисқариб, ҳозирда ўртача 5-10 дақиқани ташкил қилмоқда.

Ягона божхона тўлови ставкасини 30% миқдорида белгилашда амалдаги божхона божи, акциз солиғи ва қўшимча қиймат солиғи ставкаларининг ўртача йиғиндиси ҳисобга олинган.

Жумладан, 2020 йил 1 январдан амалга киритилган божхона божи, акциз солиғи ҳамда ҚҚС ставкалари йиғиндиси озиқ-овқат товарлари учун ўртача 37% ва ноозиқ-оқат товарлари учун 45%ни ташкил этмоқда.

Масалан, 2020 йил 1 январга қадар божхона божи, акциз солиғи ва қўшилган қиймат солиғини биргаликда ҳисоблаганда, кийим-кечаклар учун 38%, пишлоқ учун 44%,  шоколад учун 61% миқдорида божхона тўловлари тўланган (товарнинг келиб чиқиш сертификати бўлмаган ҳолатларда мазкур ставкалар яна сезиларли равишда ошган). Эндиликда эса буларнинг бари учун 30% миқдорида ягона божхона тўлови жорий этилди.

Юқоридаги таҳлиллардан кўриниб турибдики, янги жорий этилган ягона божхона тўлови 2020 йил 1 январга қадар жисмоний шахслардан ундирилган тўловлардан пастроқдир.

Таъкидлаш жоизки, ягона божхона тўловини ундириш амалиёти Россия, Беларусь, Қозоғистон, Қирғизистон, Арманистон каби давлатларда кенг қўлланилмоқда. Жумладан, жисмоний шахслар томонидан олиб келинаётган товарлар учун 30 %, лекин бир кг. учун 4 АҚШ долларидан кам бўлмаган миқдорида ягона божхона тўлови жорий этилган.

Давлат божхона қўмитаси божхона органлари фаолиятига доир холис ва хаққоний хабарларни эълон қилишда оммавий ахборот воситалари, кенг жамоатчилик вакиллари билан ўзаро ҳамкорликка тайёр эканлигини маълум қилади.

Мурожаат учун қисқа рақамли ишонч телефони:  11-08

9.01.2020

Эшитиш учун матнни белгиланг ва ушбу тугмани босинг