Тадбиркорлар ва ТИФ
иштирокчилари учун доимий
ишонч телефони
11-08
Журналистлар учун «Ягона дарча» божхона ахборот тизимига бағишланган матбуот анжумани ташкил этилди
424
2020 йил 13 январь куни Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлигининг катта мажлислар залида Давлат божхона қўмитаси томонидан навбатдаги матбуот анжумани ўтказилади.
Журналистлар учун «Ягона дарча» божхона ахборот тизимига бағишланган матбуот анжумани ташкил этилди

Анжуман Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 20 ноябрдаги “Мамлакатда бизнес муҳитини янада яхшилаш  ва тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш тизимини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида” ПҚ-4525-сон қарори асосида жорий қилинган «Ягона дарча» божхона ахборот тизими ва ундан кутилаётган натижаларга бағишланди.

Тадбирда Давлат божхона қўмитаси Раиси ўринбосари Б.Раҳимов мавзу бўйича журналистларга ахборот берди.

Ушбу қарорга асосан 2020 йилнинг 1 февралидан бошлаб, экспорт-импорт операцияларини амалга оширишда талаб этиладиган рухсат этиш хусусиятига эга ҳужжатлар ва сертификатларни «Ягона дарча» божхона ахборот тизими орқали расмийлаштириш назарда тутилган бўлиб, амалда 2020 йилнинг 1 январидан эътиборан мазкур тизим - www.singlewindow.uz манзилида ишга туширилди.

«Ягона дарча» божхона ахборот тизимига Давлат божхона қўмитаси, «Ўзстандарт» агентлиги, Соғлиқни сақлаш вазирлиги, Ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш давлат қўмитаси, Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси, «Ўздавкарантин» инспекцияси каби ваколатли органларнинг автоматлаштирилган ахборот тизимлари интеграция қилинган бўлиб, анжуманда мазкур ташкилотлардан ҳам масъул ходимлар ҳамда ушбу тизимдан амалиётда фойдаланишни бошлаган ташқи иқтисодий фаолият иштирокчилари ҳам қатнашишди.

Тадбирда таъкидланганидек, мамлакатимизда ташқи иқтисодий фаолиятни либераллаштириш, экспорт салоҳиятини кучайтириш, инвестициявий жозибадорликни ошириш ва божхона маъмуриятчилигини такомиллаштириш бўйича изчил чора-тадбирлар амалга оширилмоқда

Сўнгги йилларда Ўзбекистонда тадбиркорлик фаолиятини амалга оширишни енгиллаштириш ва рағбатлантириш мақсадида соҳага оид қатор тартиботлар танқидий қайта кўриб чиқилиб, эскирган, замон талабига жавоб бермайдиган бюрократик тўсиқ ва ғовлар бекор қилинди. Кўрилган чоралар натижасида республикада ишбилармонлик муҳити яхшиланди, тадбиркорлик субъектлари ва хусусий инвесторлар учун кенг имкониятлар яратилди.

Бундай ижобий ўзгаришлар нуфузли халқаро ташкилотлар томонидан ҳам кенг эътироф этилмоқда. Жумладан, Жаҳон банки ва Халқаро молия корпорацияси томонидан эълон қилинган «Бизнес юритиш — 2020» ҳисоботида Ўзбекистон 69-ўринни эгаллаб, ислоҳотлар миқёси ва самарадорлиги бўйича дунёнинг энг яхши 20 та ислоҳотчи давлати қаторидан жой олди.

Шу билан бирга, тадбиркорлар ва инвесторлар билан учрашувлар жойлардаги ижрочилар соҳада амалга оширилаётган ислоҳотларнинг мазмун-моҳиятидан тўлиқ хабардор эмаслигини, қабул қилинган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг амалиётга жорий этилиши сезиларли даражада ортда қолаётганлигини, айрим лицензия ва рухсатномаларни расмийлаштиришда ортиқча бюрократик тўсиқлар мавжудлигини кўрсатмоқда.

Хусусан, фитосанитария, санитар-эпидемиологик, ветеринария, экологик назорат органлари ва сертификатлаш органлари фаолиятини ўрганиш натижалари уларнинг Ўзбекистон Республикаси Давлат чегараси орқали ўтувчи товарлар ва транспорт воситаларига нисбатан назорат функцияларини амалга ошириш самарадорлиги ва тезкорлигини ошириш, шу жумладан идоралараро электрон ҳамкорликни жадал жорий қилиш орқали такомиллаштириш заруратини юзага келтирди.

Шу мақсадда 2019 йил 23 апрель куни  Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Ташқи иқтисодий фаолиятни амалга оширишда маъмурий тартиб-таомилларни янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида” ПҚ-4297 сон қарори қабул қилинди.

Қарор билан 2021 йил 1 январга қадар БМТнинг Савдо тартиб-таомилларини соддалаштириш ва электрон иш амалиётлари бўйича маркази томонидан ишлаб чиқилган «ягона дарча» механизмини яратиш бўйича тавсиялар ва йўл-йўриқ тамойиллари мезонларига жавоб берадиган «Ягона дарча» божхона ахборот тизимини жорий этиш белгиланган эди.

2019 йил 20 ноябрда мазкур йўналишдаги ишалрни жаддаллаштиришга қаратилган яна бир ҳужжат -  Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Мамлакатда бизнес муҳитини янада яхшилаш ва тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш тизимини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида” ПҚ-4525-сон қарори қабул қилинди.

 Ўтган қисқа муддат давомида мазкур йўналишдаги ишлар жадал суратларда олиб борилди-ки, 2019 йилнинг якунига келиб, аллақачон мазкур тизим ишлаб чиқилди ва синов тарзида ишга туширилди.

«Ягона дарча» - бу бошқарув фалсафаси бўлиб, унинг доирасида Ҳукуматнинг анъанавий тузилмалари фуқаро ва тадбиркорлик субъектларининг талаб-эҳтиёжларига тўлиқроқ жавоб бера оладиган янги дастакларга трансформация бўлади. БАТни жорий этиш ва ривожлантиришдан асосий мақсад – ваколатли орган ва ТИФ иштирокчилари ўртасида интеграциялашган ахборот тизими ва муҳим маълумотлар базаси асосида ахборот алмашинуви учун ягона интерфейсни яратишдан иборат. Бу муҳим маълумотлар базаси орқали ташқи иқтисодий фаолият иштирокчилари давлат хизматларидан  One-Stop Service тамойили (хизматлардан бир жойда фойдаланиш) бўйича фойдаланадилар.

«Ягона дарча» божхона ахборот тизими ташқи иқтисодий фаолият субъектларига қуйидаги имкониятларни яратади:

импорт, экспорт ва транзитга тааллуқли барча тартибга солиш талабларини бажариш мақсадида стандартлаштирилган маълумотлар ва ҳужжатларни ягона ўтказиш каналидан фойдаланган ҳолда тақдим этилади;

ахборот алмашинувнинг махфийлиги ва хавфсизлигини таъминловчи норматив-ҳуқуқий база билан мустаҳкамлаган ҳолда, ташқи савдо битимларига доир барча ахборотларни алмашиш имконияти юзага келади;

давлат божхона хизмати, ваколатли органлар, шунингдек, тадбиркорлик субъектлари томонидан рухсат этувчи ҳужжатларни расмийлаштиришнинг босқичларини масофадан кузатиш мумкин бўлади;

барча учун очиқ бўлган электрон шаклдаги рухсат этувчи ҳужжатлар реестрларини юритишга тўлиқ ўтилади;

Ўзбекистон Республикаси ва хорижий мамлакатлардаги эпизоотик, карантин ва фитосанитария ҳолатлари тўғрисидаги очиқ маълумотларни энг сўнгги кўрсаткичлар ҳолатида ушлаб турилади;

дастлабки маълумотлар асосида товарлар Ўзбекистон Республикаси ҳудудига амалда етиб келишига қадар рухсат берувчи характерга эга ҳужжатларни бериш йўлга қўйилди.

“Ягона дарча” БАТнинг кўриниши 2 та блокдан иборат бўлиб, биринчи блокда  ариза тақдим этиш, портал ҳақида, асосий маълумотлар, саволлар ва таклифлар, рухсатнома ва сертификатларни ҳақиқийлигини текшириш ва хавфларни таҳлил қилиш тизими каби бўлимлари мавжуд.

Иккинчи блок нотариф тартибга солиш тўғрисида маълумотлар, божхона юк декларациясини расмийлаштириш, назорат қилувчи органларнинг интерактив хизматлари, божхона ва бошқа органларнинг реестрлари, хавфларни таҳлил ва бошқариш тизимлари ва логистика компаниялари каби бўлимларни ўз ичига олади.

Содда қилиб айтганда, энди тадбиркорларимиз ўз идораларидан  чиқмасдан туриб, интернетдаги www.singlewindow.uz манзилида жойлашган “Ягона дарча” божхона ахборот тизими орқали электрон рақамли имзодан фойдаланган ҳолда экспорт-импорт операцияларини амалга оширишда талаб этиладиган рухсат этиш хусусиятига эга ҳужжатлар ва сертификатларни олиш учун ариза юборишса, кифоя!

Аризага жавобан берилган ҳужжатлар ва сертификатлар мазкур портал орқали бир вақтнинг ўзида ҳам тадбиркорга, ҳам божхона органларига божхона расмийлаштируви учун тақдим этилади.

Шунингдек, тадбиркорлар портал орқали рухсатнома ва сертификатларнинг ҳақиқийлигини текшириш, ҳужжатларнинг шакллари, божхона тарифлари ва режимлари, экспорт ва импорт кўрсаткичларига доир фойдали маълумотларни ҳам олишлари мумкин.

Порталдаги хавфларни таҳлил қилиш тизими эса тадбиркорларга товарлар импорти ва экспортига доир фаолиятини тўғри режалаштиришга имкон беради. «Ягона дарча» божхона ахборот тизими билан эндиликда божхона тартиботлари янада енгил, шаффоф ва тезкор амалга ошади.

Энг муҳими, буларнинг бари мамлакатимизда бизнес юритиш муҳитини янада яхшилаш, тадбиркорликка кенг эркинлик бериш борасида бошланган ислоҳотларни давом эттириш ҳамда қабул қилинган қонун ҳужжатларининг жойларда тўғри татбиқ этилишини таъминлашга хизмат қилади.

Ҳозирда 4.7 мингдан ортиқ ташқи иқтисодий фаолият иштирокчилари “Ягона дарча” божхона ахборот тизимидан фойдаланмоқда.

Анжуман давомида журналистлар ўзларини қизиқтирган саволларга атрофлича жавоблар олишди.  

13.01.2020

Эшитиш учун матнни белгиланг ва ушбу тугмани босинг