Тадбиркорлар ва ТИФ
иштирокчилари учун доимий
ишонч телефони
11-08
Давлат божхона қўмитаси ижтимоий тармоқларда тарқалган хабарлар юзасидан муносабат билдиради
2284
Давлат божхона қўмитаси “Kun.uz” сайтида 2020 йил 13 январь куни эълон қилинган «Россияга қатновчи ўзбекистонлик ҳайдовчилар янги божхона тартибидан шикоят қилмоқда (видео)» сарлавҳали мақола ва ундаги видеоматериаллар билан танишиб чиқиб, қуйидагиларни маълум қилади.

Мазкур мақолада божхона тўловларининг соддалаштирилган тартиби жорий қилиниши натижасида божхона тўловларининг ортганлиги ҳақида бир гуруҳ фуқароларнинг видеоинтервьюлари келтириб ўтилган.

Мазкур мавзу бир неча кунлардан бери ижтимоий тармоқларда қизғин муҳокамаларга сабаб бўлаётганлиги боис жорий йил 9 январь куни Давлат божхона қўмитасининг расмий баёноти эълон қилинди.

Шунингдек, Kun.uz сайти билан ҳамкорликда мазкур мавзуда божхона ходими иштирокида интервью уюштирилиб, жорий йил 11 январь куни эълон қилинди.

Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил        7 ноябрдаги “Жисмоний шахслар томонидан шахсий эҳтиёжлари учун товарларни олиб ўтиш тартибини янада такомиллаштириш тўғрисида” ПҚ-4508-сон қарорига мувофиқ, 2020 йил 1 январдан бошлаб республикамизга кириб келаётган жисмоний шахсларнинг нотижорат мақсадлардаги товарлари божсиз олиб киришнинг чекланган меъёрларидан ортган ҳолатларда божхона тўловлари соддалаштирилган тартибда ундирилиши йўлга қўйилди.

Яъни, божхона божи, қўшилган қиймат солиғи ва акциз солиғи ўрнига товарнинг божхона қийматидан 30 фоиз, лекин ҳар бир килограми учун 3 АҚШ долларидан кам бўлмаган миқдорда ягона божхона тўлови ставкаси жорий қилинди.

Шуни алоҳида таъкидлаш жоизки, ягона божхона тўлови жисмоний шахслар томонидан божхона чегараси орқали ҳаракатланганда, белгилаб қўйилган нормалардан, яъни, ҳаво йўллари орқали кириб келишда
2000 АҚШ доллари, темир йўл транспорти ва дарё порти орқали кириб келишда – 1000 АҚШ доллари, автомобилда ёки пиёда равишда кириб келишда – 300 АҚШ доллари эквиваленти қийматидаги ва миқдорий нормалардан ортиқ бўлган товарларни нотижорат мақсадларида олиб кирганидагина ундирилади.

Давлат божхона қўмитаси божхона органлари фаолиятига доир холис ва хаққоний хабарларни эълон қилишда оммавий ахборот воситалари, кенг жамоатчилик вакиллари билан ўзаро ҳамкорликка тайёр эканлигини маълум қилади.

Мурожаат учун қисқа рақамли ишонч телефони:  11-08

14.01.2020

Эшитиш учун матнни белгиланг ва ушбу тугмани босинг