Тадбиркорлар ва ТИФ
иштирокчилари учун доимий
ишонч телефони
11-08
Ислоҳотлар тараққиётга хизмат қилади
196
Бугунги кунда мамлакaтимизда тадбиркорлик фаолиятини қўллаб-қувватлаш мақсадида кўплаб меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатлар қабул қилинмоқда.
Ислоҳотлар тараққиётга хизмат қилади

Хусусан, якунланган 2019 йил давомида божхона соҳасида қабул қилинган муҳим ҳужжатлар ҳамда амалиётга жорий қилинган янги тартиб-таомиллар ташқи иқтисодий фаолиятни янада либераллаштириш, маҳаллий ишлаб чиқаришни рағбатлантириб, экспортга маҳсулот етказиб беришни кўпайтириш, шунингдек мамлакатимизнинг инвестициявий жозибадорлигини оширишга хизмат қилмоқда.

Жумладан, 2019 йил давомида бевосита ташқи иқтисодий фаолиятни либераллаштириш йўналишида 10 дан ортиқ Президент Фармон ва Қарорлари ҳамда Ҳукумат Қарорлари қабул қилинди.

2019 йилнинг 1 февралидан бошлаб тадбиркорларни божхона соҳасида қўллаб-қувватлашга, рағбатлантиришга қаратилган янги тушунча – юридик шахслар учун “ваколатли иқтисодий оператор” мақоми жорий қилинди.

Бир сўз билан айтганда, қонунга итоаткор тадбиркорлар қўшимча ваколатлар, енгилликлар билан қўшимча рағбатлантирилади. Масалан, уларнинг товарлари божхонада бирон бир навбатларсиз, божхона тўловларини кечиктириб тўлаш имконияти берилган ҳолда расмийлаштирилади, юкларни эса тўғридан-тўғри ўзларининг омборларига туширишга рухсат берилади.

Маълумки, 2018 йилда товар ва транспорт воситаларини божхона назоратидан ўтказиш учун махсус “сариқ” ва “қизил” йўлаклар ишга туширилган эди. 2019 йилнинг 1 мартидан бошлаб эса “яшил” ва “кўк” йўлаклар ҳам амалиётга жорий қилинди. Натижада, ўтган даврда Тошкент шаҳар божхона бошқармасининг ташқи иқтисодий фаолият божхона постларида жами товар ва транспорт воситаларининг атиги 39 фоизи “қизил” йўлак орқали тўлиқ божхона назоратидан ўтказилган бўлса, 43 фоизи “сариқ” йўлак орқали фақатгина ҳужжатли текширувдан ўтказилган ва 18 фоизи умуман божхона назорати шакллари қўлланилмасдан “яшил” йўлак орқали расмийлаштирилиб, тўғридан-тўғри чиқаришга рухсат берилган.

Хавфни автоматлаштирилган бошқариш тизими товарлар божхона чегараси орқали олиб ўтилаётганда божхона операцияларининг ўтказилишини тезлаштириб,  божхона тўғрисидаги қонун ҳужжатлари бузилишларини аниқлаш, прогноз қилиш ва уларнинг олдини олишда муҳим рол ўйнамоқда.

Рақамларга мурожаат қилсак, Тошкент шаҳар божхона бошқармасининг ташқи иқтисодий фаолият божхона постларида 2019 йил давомида 3,9 млрд. АҚШ  доллари қийматидаги товарлари экспортга расмийлаштирилди. Ушбу давр мобайнида 270 мингдан ортиқ божхона юк декларациялари расмийлаштирилиб, шундан 80 минг 500 га яқин божхона кўриклари ўтказилди.  Хавфни бошқариш тизими амалиётга жорий этилиши муносабати билан қарийб 113 миллиард сўмлик божхона тўловлари йўқотилишинг олди олинишига эришилди.

Шунингдек, бошқарма ходимлари томонидан амалга оширилган тезкор тадбирлар натижасида 2508 та ҳуқуқбузарлик ҳолатлари аниқланиб, 32,1 миллиард сўмлик товар-моддий бойликлар ашёвий далил сифатида ушлаб қолинди.

Божхона маъмурчилигини такомиллаштириш ва божхона тартиб-таомилларини соддалаштириш, божхона органлари фаолияти самарадорлигини ошириш, бизнесни ривожлантириш йўлида бюрократик тўсиқларни бартараф этиш ва мамлакатда инвестиция муҳитини яхшилашга қаратилган тадбирларни изчиллик билан давом эттириш вазифалари 2020 йил учун мўлжалланган “Йўл харитаси”да ҳам акс эттирилган.

Тизимда олиб борилаётган ислоҳотларнинг жорий йилдаги энг ёрқин намуналаридан бири – Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 20 ноябрдаги “Мамлакатда бизнес муҳитини янада яхшилаш  ва тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш тизимини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида” ПҚ-4525-сон қарори асосида ташкил этилган «Ягона дарча» божхона ахборот тизимининг амалиётга жорий қилинганлигидир.

Ушбу қарорга асосан 2020 йилнинг 1 февралидан бошлаб, экспорт-импорт операцияларини амалга оширишда талаб этиладиган рухсат этиш хусусиятига эга барча ҳужжатлар ва сертификатларни «Ягона дарча» божхона ахборот тизими орқали расмийлаштириш назарда тутилган бўлиб, амалда 2020 йилнинг 1 январидан эътиборан мазкур тизим - www.singlewindow.uz манзилида ишга туширилди.

“Ягона дарча” божхона ахборот тизимини жорий этишдан асосий мақсад, маъмурий тартиботларни мақбуллаштириш, шунингдек, ваколатли органлар ва тадбиркорлик субъектлари ўртасида маълумотлар алмашиш механизмини яратиш орқали божхона ва у билан боғлиқ соҳалардаги тўсиқларни камайтириш ҳамда фойдаланувчиларга импорт, экспорт ва транзитга тегишли бўлган ҳужжатларни ягона электрон манзилдан стандартлаштирилган (бир хил шаклда) тартибда қабул қилиш ва жўнатиш имкониятини яратиш ҳисобланади.

2020 йилда божхона тўловларидан давлат бюджетига тушумларнинг ортиғи билан туширилишини таъминлаш, импортни оптималлаштириш ва экспортни янада рағбатлантириш, божхона тўловларидан мақсадсиз фойдаланиш ҳолатларига, шунингдек, ташқи иқтисодий фаолият йўналишидаги хуфиёна иқтисодиёт элементларини фош этиб, уларга чек қўйиш чоралари кўриш, божхона расмийлаштируви учун сарфланаётган вақтни янада қисқартиришга алоҳида эътибор қаратилади.

Табиийки, буларнинг бари мамлакатимизнинг “Doing business” халқаро рейтинггидаги ўрнини кўтаришда муҳим рол ўйнайди.

Ҳамиша долзарб аҳамият касб этадиган йўналишлардан яна бири – тизимни замонавий билимларни пухта эгаллаган ёш кадрлар билан мунтазам тўлдириб бориш, божхона ходимларининг билим ва малакасини мунтазам ошириш, соҳада коррупцион ҳолатларнинг олдини олиш ва унга қарши кескин кураш олиб бориш, ходимлар ўртасида бу иллатга муросасиз муҳитни шакллантириш ҳам асосий вазифалар сирасига киради.

Бир сўз билан айтганда, давлат божхона хизмати органларига юклатилаётган вазифалар божхонанинг янги имиджда - тадбиркорлик субъектларининг бизнес-ҳамкори ҳамда маслаҳатчиси сифатида намоён бўлишига хизмат қилади.

Тошкент шаҳар божхона бошқармаси

Ахборот хизмати

 

 

23.01.2020

Эшитиш учун матнни белгиланг ва ушбу тугмани босинг