Тадбиркорлар ва ТИФ
иштирокчилари учун доимий
ишонч телефони
11-08
Афғонистон божхонаси вакиллари Давлат божхона қўмитасида бўлди
1170
Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Наркотиклар ва жиноятчилик бўйича бошқармаси ҳамда Жаҳон божхона ташкилотининг Контейнерда ташувлар устидан назорат Глобал дастури доирасида мамлакатимизга ташриф буюрган Афғонистон Молия вазирлиги Божхона департаментининг 14 нафар ходимлари ташкил топган делегация Давлат божхона қўмитасида бўлди.
Афғонистон божхонаси вакиллари Давлат божхона қўмитасида бўлди

Ташрифдан кўзланган асосий мақсад Глобал дастур доирасидаги ўзаро ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш, контейнерда ташувлар устидан назорат бўйича Ўзбекистон тажрибаси билан амалий танишишга қаратилгани билан аҳамиятлидир.

Чунки, дунёнинг 56 мамлакатини қамраб олган Контейнерда ташувлар устидан назорат Глобал дастурида Ўзбекистон ҳам, Афғонистон ҳам фаол иштирок этмоқда.

Учрашув давомида иккала мамлакат божхона хизматлари  ўртасида юқори хавфли товарларни аниқлаш ва бартараф этиш бўйича ўзаро амалий ҳамкорликни кучайтириш масалалари муҳокамалар марказида бўлди.

2019 йилнинг май ойида Ўзбекистонда бўлиб ўтган Контейнерда ташувлар устидан назорат Глобал дастурининг Тошкент учрашувида дастурнинг 10 та иштирокчи давлатлари ўртасида божхона хизматлари ва назорат портлари ўртасида Минтақалараро тармоқ ташкил қилишга келишиб олинган эди.

Афғон делегациясининг бу галги ташрифида эса мазкур тармоқ орқали хавф гуруҳига мансуб юклар тўғрисида ахборотлар алмашинуви бўйича ўзаро фикр-мулоҳазалар алмашилди.

Таъкидлаш жоизки, делегация аъзоларининг Ўзбекистонда давлат божхона хизмати органлари фаолиятига жорий қилинган илғор ахборот тизимлари, амалиётда қўлланилаётган замонавий техник воситалари, хусусан йирик инспекцион кўрик мажмуалари катта таассурот қолдирди.

Ташриф доирасида меҳмонлар Давлат божхона қўмитасининг Божхона тарихи музейи, Божхона экспертизаси ва ташқи иқтисодий фаолият товарлар номенклатурасини юритиш бошқармаси, Миллий кинология маркази,“Чуқурсой техник идора” чегара божхона пости, "Арк булоқ" ва "Чуқурсой" ТИФ божхона постлари фаолияти билан яқиндан танишишди.

28.01.2020

Эшитиш учун матнни белгиланг ва ушбу тугмани босинг