Тадбиркорлар ва ТИФ
иштирокчилари учун доимий
ишонч телефони
11-08
Божхоначилар Оҳангарон ва Чирчиқдаги хорижий инвестициялар иштирокидаги корхоналарда бўлишди
1189
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев раислигида 2018 йил 14 август куни мамлакатимиз иқтисодиётига тўғридан-тўғри хорижий инвестицияларни жалб этиш масаласига бағишлаб ўтказилган видеоселекторда Давлатимиз раҳбари томонидан жорий йилда 5 миллиард 800 миллион доллар миқдорида тўғридан-тўғри хорижий инвестициялар жалб қилиниши зарурлиги қайд этилди.
Божхоначилар Оҳангарон ва Чирчиқдаги хорижий инвестициялар иштирокидаги корхоналарда бўлишди

Ушбу маррага эришишда божхона органларининг зиммасига ҳам улкан маъсулият ва вазифалар юкланган. Чет эл инвестицияларни жалб этиш ва бу жараёнларда божхона имтиёзларини қўллаш, хорижий инвесторларни мазкур йўналишдаги ахборотлар билан ўз вақтида таъминлаш, уларни қийнаётган муаммоларга тезкорлик билан ечим топиш борасида божхона ходимлари томонидан чет эл инвестициялари иштирокидаги корхоналарда сайёр учрашув ва очиқ мулоқотлар ўтказиб келинмоқда.

Жумладан, Тошкент вилояти божхона бошқармаси бошлиғининг биринчи ўринбосари Мираъзам Ҳамраев бошчилигидаги бир гуруҳ божхоначилар Оҳангарон тумани ва Чирчиқ шаҳридаги хорижий инвестициялар иштирокидаги корхоналарда бўлишди.

Таъкидлаш жоизки, тадбиркорлар билан мулоқотнинг аниқ ва самарали усулларини қўллаш, бунда умумий учрашувлар ва давра суҳбатларига эмас, балки ҳар бир тадбиркор билан алоҳида мулоқотга киришиш, кези келганда бевосита уларнинг корхоналарига бориб, мавжуд вазиятни жойида кўздан кечириш, божхонага доир сўнгги янгиликлардан воқиф этиш, аниқланган муаммоларни эса зудлик билан жойида ҳал этиш долзарб масала ҳисобланади.

Сайёр учрашувлар Оҳангарон туманидаги “LIMAX GOLD TEXTILE” хорижий корхонасидан бошланди. Бу ерда меҳмонлар дастлаб ишлаб чиқариш фаолияти билан яқиндан танишишди.

2017 йилдан буён фаолият юритаётган корхона Ангрен эркин иктисодий зонаси иштирокчиси ҳисобланади. 185 нафар ишчи ходимлар фаолият  юритаётган корхонада асосан сифатли пайпоқлар ишлаб чиқилади.

Шунингдек, бу ерда Ўзбекистон Республикасида  ноёб  хисобланган пайпок ишлаб чикариш учун зарур булган спандекс ипини  махаллийлаштириш, талабларга мувофик пайпок ишлаб чикариш учун қўшимча  аксесуарлар ишлаб чиқариш йўлга қўйилади. Шу боисдан келгусида яна қўшимча  30 тага   яқин   иш  ўрни очилади.

Корхона фаолиятига 2017-2018 йиллар давомида 3,8 млн. АҚШ доллари миқдоридаги хорижий инвестициялар йўналтирилган. Ишлаб чиқаришни самарали йўлга қўйиш, корхонани янада қўллаб-қувватлаш мақсадида 2017 йилда четдан келтирилган технологиялар ва хом ашёлар учун божхона тўловларидан 154 млн. сўмлик имтиёзлар берилган.

Айни пайтда корхонада ишлаб чиқарилган маҳсулотлар Россия, Қозоғистон ва Қирғизистонга экспорт қилинмоқда. Яқин истиқболда бу рўйхат янада кенгайиши кутилмоқда. Ҳозирга қадар салкам 355 минг АҚШ доллари миқдоридаги корхона маҳсулотлари хорижий харидорларга етказилган.

Учрашув давомида корхона эгалари томонидан мавжуд муаммолар ҳам ўртага ташланди. Хусусан, айрим сохта тадбиркорлар томонидан корхонанинг савдо белгисидан фойдаланиб, контрафакт маҳсулотлар ишлаб чиқарилаётганлиги қайд қилинди ва буни бартараф этиш мақсадида тегишли идоралар билан ҳамкорликда амалга ошириладиган аниқ чора-тадбирлар белгилаб олинди.

Чирчиқ шахридаги “COMPACT TEXTILES YARN” хорижий корхонасида бўлиб ўтган очиқ мулоқот ҳам ҳар жиҳатдан самарали кечди.

2017 йилдан буён фаолият юритаётган ушбу корхона Чирчиқ шахрида экспортни ривожлантиришга катта хисса қўшаётган корхоналардан ҳисобланади. 340 нафар ишчи ходимлар фаолият  юритаётган корхонада асосан сифатли ип калавалар ишлаб чиқарилади.

Шунингдек, бу ерда пахта хом ашёсидан беш турдаги ип калаваларини ишлаб чикариш йўлга қўйилган. Шу боисдан келгусида корхонани кенгайтириш мақсадида яна қўшимча иш ўринлари очилишига харакат қилинмоқда. Корхона фаолиятига 2017-2018 йиллар давомида 12 млн. АҚШ доллари миқдоридаги хорижий инвестициялар йўналтирилган.

Ишлаб чиқаришни самарали йўлга қўйиш, корхонани янада қўллаб-қувватлаш мақсадида 2017 йилда четдан келтирилган технологиялар ва хом ашёлар учун божхона тўловларидан 3.5 млрд. сўмлик имтиёзлар берилган.

Айни пайтда корхонада ишлаб чиқарилган маҳсулотлар Хитой ва Туркияга экспорт қилинмоқда. Яқин истиқболда бу рўйхат янада кенгайиши кутилмоқда. Ҳозирга қадар салкам 5,113 млн. АҚШ доллари миқдоридаги корхона маҳсулотлари хорижий харидорларга етказилган.

Табиийки, экспорт-импорт операцияларини қисқа фурсатларда амалга оширишда корхона божхона идораларига мурожаат қилади. Шу боисдан, учрашувда товарларнинг божхона расмийлаштирувида жорий қилинаётган сўнгги янгиликлар, эркинлик ва қулайликлар ҳақида божхоначилар томонидан батафсил ахборотлар берилди.

Рақамларга кўра, жорий йилнинг ўтган даври мобайнида Тошкент вилояти божхона бошқармаси томонидан республикада ишлаб чиқаришни ривожлантириш ҳамда инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш, маҳаллийлаштириш дастури доирасида, шунингдек маҳсулот ишлаб чиқаришни модернизациялаш, қайта таъмирлаш, техник ва технологик жиҳатдан янгилашга қаратилган дастурлар ижроси бўйича четдан олиб келинган технологик асбоб-ускуналар, бутловчи буюмлар, хом-ашёлар ва материалларига жами 2,1 трлн. сўмдан ортиқ қийматда божхона тўловларидан имтиёзлар қўлланилган бўлиб, бу ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 3 баробарга кўп демакдир.

Учрашувларда асосий эътибор Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Ўзбекистон Республикасида инвестиция муҳитини тубдан яхшилаш чора-тадбирлари тўғрисида” 2018 йил 1 августдаги ПФ-5495 сон Фармонига қаратилди.

Мамлакатда тўғридан-тўғри инвестицияларни жалб этиш учун энг қулай инвестиция муҳитини шакллантириш мақсадида иқтисодиётни либераллаштириш, давлат бошқарувини ислоҳ қилиш, тадбиркорлик субъектлари фаолиятига аралашувни чеклаш, лицензиялаш ва рухсат бериш тартиб-таомилларини қисқартириш ва соддалаштириш, товарлар (ишлар ва хизматлар)дан эркин фойдаланишни таъминлаш, шунингдек, ҳудудларда зарур инфратузилмани яратиш борасида Фармон билан бир қатор муҳим ўзгаришлар  амалга оширилмоқда.

Фармонга биноан Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланган тартибда туман (шаҳар) ҳокимларига чет эл инвестицияси иштирокидаги корхоналарга қишлоқ хўжалигига мўлжалланмаган ер участкасини 50 йилгача муддатга, лекин аризада кўрсатилганидан кам бўлмаган муддатга инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш учун узоқ муддатли ижарага бериш йўлга қўйилди.

Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши Раисига, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимларига қонун ҳужжатларида белгиланган ваколатлар доирасида ва тартибда 10 миллион АҚШ долларидан кўп бўлмаган эквивалентда чет эл инвестицияси улуши бўлган инвестиция лойиҳаларини амалга оширишда чет эл инвесторлари билан инвестиция шартномаларини тузишга рухсат этилди.

Шунингдек, чет эл инвестициялари иштирокидаги корхоналар устав фондидаги хорижий инвестициялар улушининг энг кам миқдори 30 фоиздан 15 фоизгача камайтирилди.

Чет эл инвестициялари иштирокидаги корхонанинг иштирокчиси сифатида хорижий юридик шахс қатнашиши шартлиги тўғрисидаги талаб бекор қилинди. Чет эл инвестициялари иштирокидаги корхоналар устав фондининг энг кам миқдорини 600 миллион сўмдан 400 миллион сўмгача камайтирилди. Бу каби корхоналарни давлат рўйхатидан ўтказиш учун давлат божи миқдори ҳам уч бараварга камайтирилди.

Шу куни очиқ мулоқотлар Тошкент вилоятидаги бошқа корхоналарда ҳам давом этди.

Тошкент вилояти

божхона бошқармаси

Ахборот хизмати

20.08.2018

Эшитиш учун матнни белгиланг ва ушбу тугмани босинг