Тадбиркорлар ва ТИФ
иштирокчилари учун доимий
ишонч телефони
11-08
Навоий вилоятининг инвестицион салоҳияти: рақамлар ва фактларда
174
Инвестиция атамаси бугунги кунга келиб, нафақат бир ҳудуд балки бутун бошли давлатлар иқтисодиётида ҳам юқори аҳамият касб этувчи йўналиш ҳисобланади. Айниқса Ўзбекистон каби ривожланаётган давлатлар учун бу соҳанинг аҳамияти катта. Боиси, мамлакатимизда бизнес учун истиқболли йўналишлар жуда кўп. Саноат соҳаси деймизми, қишлоқ хўжалиги йўналишими – барча соҳалар ривожи учун пухта ўйланган инвестиция зарур.

Шу боисдан ҳам сўнгги йилларда ватанимизда инвесторлар учун қулай шарт-шароитлар яратиш, уларнинг қонуний ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш, хорижий инвестиция иштирокидаги лойиҳаларга божхона ва солиқ имтиёзларини қўллаш йўналишида бир қатор амалий ишлар бажарилди.

Бугун биз Навоий вилояти миқёсида хорижий инвестицияларни жалб қилиш натижадорлиги, шу билан бирга бу борада божхона органлари томонидан амалга оширилган ишлар самарасини таҳлил қилишга ҳаракат қиламиз.

Навоий вилоятининг инвестицион салоҳияти ҳақида гап кетар экан, аввало бу ҳудудга инвестиция жалб қилиш борасида амалга оширилган ишларнинг ҳуқуқий асосига қисқача тўхталиб ўтиш мақсадга мувофиқ. Бу борада Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 15 майда қабул қилинган 5719-сон Фармони муҳим аҳамият касб этди. Боиси, ушбу Фармон орқали Навоий вилояти ҳудуди инновацион, юқори технологияларга асосланган, экспортга йўналтирилган ва импорт ўрнини босадиган ишлаб чиқаришлар учун эркин иқтисодий зона этиб белгиланди. Шунингдек, “Навоий” ЭИЗ иштирокчиси мақомини олган Навоий вилоятидаги корхоналар:

ер солиғи, даромад солиғи, юридик шахслардан олинадиган мулк солиғи, микрофирмалар ва кичик корхоналар учун белгиланган ягона солиқ тўловидан;

бўшаб қоладиган маблағларни янги корхоналарни ташкил этиш, шунингдек, мавжуд ишлаб чиқаришларни модернизациялаш, реконструкция қилиш ва техник, технологик қайта жиҳозлаш, кенгайтириш, ишлаб чиқариш биноларини қуриш, ўз ишлаб чиқариш эҳтиёжлари учун зарур хомашё ва материаллар харид қилишга мақсадли йўналтирган ҳолда ўз ишлаб чиқариш эҳтиёжлари учун олиб кириладиган ускуналар, хомашё, материаллар ҳамда бутловчи буюмлар, маҳсулот экспорт қилинганда вужудга келадиган қўшилган қиймат солиғининг манфий суммаси қайтарилмаслиги ҳуқуқи билан божхона тўловларидан (божхона расмийлаштируви йиғимларидан ташқари);

республикада ишлаб чиқарилмайдиган ҳамда белгиланган тартибда шакллантириладиган рўйхатлар бўйича лойиҳаларни амалга ошириш доирасида олиб кириладиган қурилиш материаллари божхона тўловларидан (божхона расмийлаштируви йиғимларидан ташқари) озод этилди.

Бундан ташқари, хорижий инвестициялар иштирокидаги корхоналарнинг таъсисчилари – “Навоий” ЭИЗ қатнашчилари ва уларнинг оила аъзоларига республика ҳудудидан чиқмасдан узайтириш имконияти билан, амал қилиш муддати уч йилгача бўлган “инвестиция визаси”ни бериш тартиби жорий этилди.

Албатта, яратилган бу каби имтиёзлар хорижий инвестицияларни жалб қилиш борасида ўзининг ижобий самарасини берди.

Рақамларга эътибор қаратадиган бўлсак, биргина ўтган 2019 йил давомида вилоятда хорижий инвестициялар иштирокида амалга оширилаётган ҳудудий лойиҳалар бўйича 130,4 миллион АҚШ долларига тенг тўғридан-тўғри хорижий инвестициялар ўзлаштирилди. Агар, 1991-2018 йилларда вилоятда ҳудудий хорижий инвестиция дастурлари доирасида ўзлаштирилган маблағлар 98,6 млн. АҚШ долларини ташкил этганлигини инобатга олсак, бу борада сўнгги йилларда сезиларли ўсишга эришилганлигини кўриш мумкин.

Вилоятга киритилган инвестициялар асосан Хитой, Туркия, Германия, Жанубий Корея, Россия Федерацияси, Эрон, Буюк Британия, Канада каби давлатлар ҳиссасига тўғри келади.

Инвестициялар асосан саноатнинг қурилиш материаллари, электротехника маҳсулотлар, текистиль ва тўқимачилик маҳсулотларини ишлаб чиқариш йўналишига, шунингдек қишлоқ хўжалигининг боғдорчилик ва иссиқхона ташкил қилиш ҳамда балиқчилик, паррандачилик ва чорвачилик тармоқларига йўналтирилган.

Ўтган йил давомида вилоятда 375 га яқин хорижлик инвесторлар ва дипломатик корпус вакиллари билан учрашувлар ўтказилган ҳамда қатор келишувларга эришилган.

2018 йилда вилоятда жами 41 та хорижий инвестиция иштирокидаги корхоналар ташкил этилган бўлса, 2019 йил давомида бу кўрсаткич 120 тани ташкил этди.

Албатта, хорижий инвестицияларни жалб қилинишида божхона органларида яратилган қулайликлар ҳам ўзининг ижобий самарасини бермоқда.

Хусусан, божхона органларида хавфни бошқариш тизими жорий этилиши натижасида божхона назорати ва расмийлаштируви учун сарфланадиган вақтни сезиларли даражада қисқартиришга эришилди. Масалан, аввалги йилларда битта импорт божхона юк декларациясини расмийлаштириш учун ўртача 9 соат 43 дақиқа вақт сарфланган бўлса, 2019 йилда бу вақт 3,5 баробарга қисқарди. Худди шундай, экспортда ҳам божхона расмийлаштируви вақтини 3 баробарга қисқартиришга эришилди.

Бундан ташқари, жорий йилдан бошлаб ишга туширилган “Ягона дарча” божхона ахборот тизими натижасида экспорт-импорт операцияларини амалга ошириш учун талаб этиладиган рухсатнома ва сертификатлар учун сарфланадиган вақт ва маблағ харажатларини янада қисқартириш кўзда тутилган.

Шунингдек, 2019 йил давомида ҳудудий инвестиция лойиҳалари доирасида олиб келинган технологик асбоб-ускуналарга нисбатан
17 миллиард сўмдан ортиқ божхона тўловлари бўйича имтиёзлар қўланилган. Бунинг натижасида тежалган маблағ эса инвесторлар томонидан янги лойиҳаларни ишга туширишга сарфланмоқда.

Энг асосийси, Навоий вилояти божхона бошқармаси томонидан инвесторлар билан мунтазам равишда сайёр учрашувлар ташкил этилган ҳолда, уларнинг фаолиятида мавжуд муаммолар ечимида амалий ёрдам кўрсатиб келинмоқда.

Албатта, бу каби чоралар вилоятга киритилаётган инвестициялар ҳажмини янада оширишда ўзининг ижобий самарасини беради.

6.02.2020

Эшитиш учун матнни белгиланг ва ушбу тугмани босинг