Тадбиркорлар ва ТИФ
иштирокчилари учун доимий
ишонч телефони
11-08
Журналистлар учун “Ғишткўприк” чегара-божхона постига пресс-тур уюштирилди
2045
Давлат божхона қўмитаси томонидан журналистлар, матбуот ва оммавий ахборот воситалари ходимлари учун Тошкент вилояти божхона бошқармаси “Ғишткўприк” чегара-божхона постига пресс-тур уюштирилди.
Журналистлар учун “Ғишткўприк” чегара-божхона постига пресс-тур уюштирилди

Тадбирда асосий эътибор чегара-божхона постларида Ўзбекистон ва Қозоғистон фуқаролари учун жорий қилинган шарт-шароитлар, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 7 ноябрдаги “Жисмоний шахслар томонидан шахсий эҳтиёжлари учун товарларни олиб ўтиш тартибини янада такомиллаштириш тўғрисида” ПҚ-4508-сон қарори ҳамда Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 18 ноябрдаги “Ўзбекистон Республикасининг Давлат чегараси орқали ўтказиш пунктларида чегара, божхона, санитария-карантин, фитосанитария ва ветеринария назоратини ташкил этиш тартибини янада такомиллаштириш тўғрисида” 912-сон қарорининг мазмун-моҳияти, амалиётдаги ижросига қаратилди.

Пресс турда мавзуа юзасидан журналистларга Давлат божхона қўмитаси Божхона назоратини ташкил этиш бошқармаси бошлиғи Р.Қобулов ва Тошкент вилояти божхона бошқармаси бошлиғи О.Чориев батафсил ахборот берди.

Таъкидланганидек, Муҳтарам Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг Ўзбекистон ташқи сиёсатида Марказий Осиё давлатлари билан ўзаро дўстлиқ, яқин қўшничилик ва ҳамкорликни янада ривожлантиришга қаратилган ташаббус ва амалий ҳаракатлари  қўшни Қозоғистон билан ҳамкорлик алоқаларида ҳам янги даври бошлаб берди.

Мамлакатларимиз ўртасида ўзаро борди-келдилар янада фаоллашди, қардошлик ришталари мустаҳкамланди. Иқтисодиётга сармоя жалб этиш, товар айирбошлаш ҳажми ортди.

2019 йилда Ўзбекистон ва Қозоғистон ўртасида ташқи савдо айланмаси салкам 3,4 млрд. АҚШ долларини ташкил қилди. Бу кўрсаткич 2018 йилга нисбатан 638 млн. АҚШ долларига кўп демакдир.

Ўтган йилда республикамиздан Қозоғистонга 1 млрд. 487 млн. АҚШ доллари қийматидаги салкам 40 турдаги товарлар экспорт қилинган. Қозоғистон Республикасидан эса Ўзбекистонга 1,9 млрд. АҚШ доллари қийматидаги 38 турдаги товарлар импорт қилинган.

 Кўриниб турибди-ки, иккала мамлакат ўртасида ҳамкорликнинг мустаҳкамланиши чегара-божхона постларида ҳам фаолликнинг янада ошишига олиб келмоқда.

Ўзбекистон ва Қозоғистон чегара-божхона постлари орқали 2019 йилда ҳаракатланган жисмоний шахслар 16,2 млн. нафарни, автотранспорт воситалари сони эса 718,1 мингтани ташкил қилган.

Айни пайда Ўзбекистонинг Қозоғистон билан чегарада 6 та чегара-божхона постлари фаолият юритади. Булар Қорақалпоғистон Республикасидаги “Доут ота”, Тошкент вилоятидаги “Ғишткўприк”, “С.Нажимов”, “Навоий”, “Яллама” ҳамда Сирдарё вилоятидаги “Сирдарё” чегара-божхона постларидир. 

Жумладан, “Ғишткўприк” чегара божхона пости орқали 2019 йилда ҳаракатланган жисмоний шахслар 7.8 млн. нафарни, автотранспорт воситалари сони эса 141 мингтани ташкил қилган.

Маълумки, Ўзбекистон Республикасининг Божхона кодексининг 300-моддасига мувофиқ, халқаро шартномаларга асосан Ўзбекистон Республикаси билан эркин савдо зонасини ташкил этувчи ёки Ўзбекистон Республикаси эркин савдо режимини белгилаган давлатларда ишлаб чиқарилган ва ушбу давлатлардан божхона ҳудудига олиб кириладиган товарларга нисбатан божхона божлари қўлланилмайди.

Жумладан, 2011 йил 18 октябрда қабул қилинган МДҲнинг эркин савдо ҳудуди тўғрисидаги Битимни қўллаш тўғрисидаги Баённомасига мувофиқ, унинг томонлари ва Ўзбекистон Республикаси ўртасида (Минск, 2013 йил 31 май) Қозоғистон Республикасида ишлаб чиқарилган ва Ўзбекистон Республикасига олиб кириладиган товарларга нисбатан импорт божхона божини тўлашдан озод қилиш шаклидаги тариф преференцияси қўлланилади.

Ўзбекистон-Қозоғистон давлат чегарасидаги назорат-ўтказиш пунктларининг техник имкониятларини мувофиқлаштириш билан бир қаторда, улар орқали ўтиш жойларининг ўтказувчанлик имкониятини ошириш, харакатланиш вақтларини қисқартириш, фуқаролар, товарлар ва транспорт воситаларининг Ўзбекистон-Қозиғистон давлат чегараси орқали харакатланиши учун қулай шарт-шароитлар яратишга хизмат қилмоқда.

Пресс турда журналистлар 2020 йилнинг 1 январидан эътиборан чегара-божхона постларида жорий қилинган божхона тўловларини ундиришнинг соддалаштирилган тартиби  билан ҳам яқиндан танишишди.

2020 йил 1 январдан бошлаб, республикамизга кириб келаётган жисмоний шахслар томонидан шахсий эҳтиёжлари учун олиб келинаётган нотижорат мақсадлардаги товарлари божсиз олиб киришнинг чекланган меъёрларидан ортган ҳолатларда божхона тўловлари соддалаштирилган тартибда ундирилиши йўлга қўйилди.

Яъни, божхона божи, қўшилган қиймат солиғи (15%) ва акциз солиғи ўрнига товарнинг божхона қийматидан 30 фоиз, лекин ҳар бир килограми учун 3 АҚШ долларидан кам бўлмаган миқдорда ягона божхона тўлови ставкаси жорий қилинди.

Мазкур ягона божхона тўлов ставкаси Ўзбекистон Республикаси Ташқи иқтисодий фаолият товар номенклатураси кодидан ва келиб чиқиш мамлакатидан қатъи назар товарларнинг барча тоифалари бўйича божхона қийматидан келиб чиққан ҳолда татбиқ қилинади.

Ушбу ўзгартиришлар шахсий эҳтиёжлари учун товарлар олиб кирадиган фуқароларнинг харажатларини пасайтириш ва ҳисоб-китобни соддалаштириш, бинобарин, божхона расмийлаштируви тартиб-таомилларини тезлаштириш ва чегара назорат  пунктларида тирбандлик ҳосил бўлишини истисно қилиш имконини беради.

Таъкидлаш жоизки, жорий этилган тартиб фақат нотижорат мақсадлар учун мўлжалланган товарларга тааллуқли. Товарларнинг қандай мақсадларга мўлжалланганлигини аниқлаш тартиби алоҳида ҳужжатда баён этилади.

Маълумки, жисмоний шахсга ҳаво йўллари орқали кириб келишда – 2000 АҚШ доллари, поездда кириб келса – 1000 АҚШ доллари, автомобилда ёки пиёда равишда кириб келса – 300 АҚШ доллари миқдоридаги шахсий эҳтиёж учун мўлжалланган товарларни божсиз олиб киришга рухсат этилади. Қачонки, олиб кирилаётган товарлар ушбу меъёрлардан ортиқча бўлсагина, у ҳолда соддалаштирилган тартибда божхона тўлови ундирилади.

Қарор билан жисмоний шахслар томонидан шахсий эҳтиёжлари учун олиб кириладиган товарлар тоифасига кирмайдиган товарлар рўйхати ҳам тасдиқланди. Улар сирасига тиббиёт техникаси ва ускуналари, тиббиёт, хирургия, стоматология ёки ветеринария мебели, фотолабораториялар учун аппаратура ва ускуна, ўйин автоматлари каби қатор товарлар киради.

Бундан ташқари, жорий йилдан яна битта талаб амал қилишни бошлади – қўл юкида, кузатиб борилаётган багажида, шунингдек, почта жўнатмалари орқали олиб кириладиган ҳайвонотга мансуб озиқ-овқат маҳсулотлари ишлаб чиқариш ўровида бўлиши шарт. Бу санитария-эпидемиология ва гигиена нуқтаи назаридан зарурдир ҳамда республикага чўчқа ва парранда гриппи, Қрим-Конго безгаги ва қорасон касалликларининг, шу жумладан, ўсимликлар касалликларини қўзғатувчи вирусларнинг кириб келишини олдини олади.

Юқорида тавсифланган нормалар халқаро тажрибага тўлиқ мувофиқ келади: Евроосиё иқтисодий иттифоқида ягона божхона тўлови амал қилади, Евроосиё иқтисодий иттифоқи ҳудуди, Хитой ва АҚШда ҳам гўшт, сут маҳсулотлари, мевалар, сабзавотлар ва бошқа озиқ-овқат товарлари ўровига талаблар қўйилади.

Жорий йилнинг 1 январидан ҳозирги кунга қадар Ўзбекистон Республикаси давлат чегараси орқали ҳаракатланган жисмоний шахслардан жами 2,1 млрд. сўм ягона божхона тўлови ундирилди.

2020 йилнинг 1 январига қадар эса жисмоний шахсларнинг белгиланган меъёрлардан ортиқча товарлари учун умумбелгиланган тартибда божхона тўловлари ундирилган. Масалан, бу кийим-кечаклар учун 61 %$, телевизорлар учун 84 %, шоколадлар учун - 61 % ни ташкил қилган.

Илгари божхона тўловларини умумбелгиланган тартибда ҳисоблаш ва ундириш жараёнларига ҳар бир жисмоний шахс учун 40-50 дақиқа, товарлар ортилган 1 та енгил автотранспрот воситасига эса ўртача 2 соат вақт сарфланган.

Рақамларга мурожаат қилсак, 2019 йилда божхона чегараси орқали 42,6 млн. жисмоний шахслар ўтиб қайтишган. Уларнинг божсиз олиб кириш меъёрларидан ортиқча бўлган 3 минг тоннадан ортиқ товарлари учун 13,8 млн. АҚШ доллари қийматидаги божхона тўловлари ундирилган. 2018 йилга нисбатан солиштирилганда, бу кўрсаткичлар 2.6 баробарга ортган.

Божхона тўловларини ундиришнинг соддалаштирилган тартиби жорий этилганидан сўнг товарлар миқдорини, божхона қийматини аниқлаш, тўловларни ҳисоблаш каби божхона операциялари 6 тадан 3 тага қисқарди.

Эндиликда 1 нафар жисмоний шахс учун ўртача 10 дақиқа, товарлар ортилган 1 та енгил автотранспорт воситаси учун эса 15 дақиқа кифоя қилмоқда.

Пресс тур давомида журналистларга Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 18 ноябрдаги “Ўзбекистон Республикасининг Давлат чегараси орқали ўтказиш пунктларида чегара, божхона, санитария-карантин, фитосанитария ва ветеринария назоратини ташкил этиш тартибини янада такомиллаштириш тўғрисида” 912-сон қароридан келиб чиқиб, чегара-божхона постларида амалга оширилган ўзгаришлар ҳақида ҳам ахборотлар тақдим этилди.

Қарор билан тасдиқланган Низомга мувофиқ, Давлат чегараси орқали ўтадиган барча шахслар, транспорт воситалари ва товарлар чегара, божхона, санитария-карантин, шунингдек, фитосанитария ва ветеринария назоратига тегишли бўлса, фитосанитария ва ветеринария назоратидан ўтказилади.

Ортиқча оворагарчиликларнинг олдини олиш мақсадида давлат назорати органлари томонидан ўтказиш пунктида ҳайдовчилар, товарлар ва транспорт воситаларининг назорат тартиб-таомиллардан ўтказилиши “Ягона дарча” божхона ахборот тизими асосида амалга оширилади.

Низомда ўтказиш пунктларида автотранспорт воситаларининг бўлиш вақти аниқ белгиланди. Яъни, автотранспортнинг ўтказиш пунктида бўлиш вақти унинг тури ва ўтказиш пунктининг техник ҳолатига қараб енгил автотранспорт воситалари учун 15 дақиқадан, юк автотранспорт воситалари учун эса 30 дақиқадан ортиқ бўлмаслиги керак.

Пресс-тур давомида журналистлар чегара-божхона пости орқали ҳаракатланаётган жисмоний шахслар ва автотранспорт воситаларининг божхона назорати ва расмийлаштирувининг амалга оширилишига бевосита гувоҳ бўлишди ва ўзларини қизиқтирган саволларга атрофлича жавоблар олишди.

11.02.2020

Эшитиш учун матнни белгиланг ва ушбу тугмани босинг