Тадбиркорлар ва ТИФ
иштирокчилари учун доимий
ишонч телефони
11-08
Экспорт салоҳиятини ошириш устувор вазифа!
240
Мамлакат экспорт салоҳиятини янада ошириш, янги бозорларни ўзлаштириш ва бюджетга тушумни кўпайтириш мева-сабзавот маҳсулотларини экспорт қилувчилар учун қай даражада қулай шарт-шароит яратилгани билан чамбарчас боғлиқ.

Ўзбекистонда бу борада замонавий бозор механизмларини жорий этиш, экспорт қилиш тартибини соддалаштириш орқали унинг ҳажмини юксалтириш, логистика тизимини ривожлантиришга қаратилган кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда.

Маълумотларга кўра, юртимизда энг кўп экспорт ҳажми бўйича газдан кейинги ўринни мева-сабзавот эгаллаб турибди. Ҳозирги кунда дунёнинг 80 давлатига 180 турдаги мева-сабзавот етказиб берилаётгани ҳам шундан далолатдир.

Биргина Самарқанд вилояти мисолида рақамларга эътибор қаратсак, ўтган 2019 йилнинг январь-декабрь ойларида қиймати 160,5 млн. AҚШ долларини ташкил этувчи жами 227,5 минг тоннадан зиёд мева сабзавот маҳсулотлари экспорт қилинди (ўсиш суръати 115,1 %).

Агар мева-сабзавот маҳсулотларининг экспорт таркибига қарайдиган бўлсак, 2019 йилнинг январь-декабрь ойларида 110,9 минг тоннадан кўпроқ сабзавотлар (41,3 млн. AҚШ долларига) ёки 2018 йилнинг мос даврига нисбатан 27,3 минг тоннадан кўп миқдорда экспорт қилинган.

Шунингдек, 45,0 минг тонна мева ва резаворлар (45,9 млн. AҚШ долларига) экспорт қилинган бўлиб, экспорт ҳажми 2018 йилнинг мос даврига нисбатан 12,0 минг тоннага кўпайган.

Таъкидлаш жоизки, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 17 октябрдаги “Мева-сабзавот маҳсулотларини ташқи бозорларга чиқариш самарадорлигини оширишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори билан мева-сабзавот маҳсулотларини экспорт қилиш механизми анча соддалаштирилди.

Хусусан:

- энди юридик шахслар уни дастлабки тўловсиз, аккредитив очмасдан, банк кафолатини расмийлаштирмасдан ҳамда экспорт шартномасини сиёсий ва тижорат хавфларидан суғурта полисисиз экспорт қилишлари мумкин;

- экспортдан тушумларни ўз вақтида таъминламаган ташкилотлар ноҳалол мева-сабзавот маҳсулотлари экспорт қилувчилар реестрига киритиладилар. Уларни экспорт қилишда уларга нисбатан 100 фоизлик олдиндан тўлов олиш талаблари қўлланилади;

- тадбиркорлик субъектлари улгуржи савдо қилиш лицензиясига эга бўлмасдан мева-сабзавот маҳсулотларини экспорт қилиш ҳуқуқига эгадирлар. Эслатиб ўтамиз, уни тўлиқ бекор қилиш режалаштирилмоқда. Якка тартибдаги тадбиркорлар мева-сабзавот маҳсулотларини экспорт қилишдан тушган тушумдан ЯСТ тўлашлари керак бўлади;

- экспорт қилинадиган мева-сабзавот маҳсулотлари божхона кўригидан ўтказилмайди, божхона қонун ҳужжатлари бузилиши хавфи белгилари аниқланган ҳолатлар бундан мустасно. Бунда ҳужжатларда мавжуд маълумотларнинг ишончлилиги, шунингдек товарларни божхона чегарасидан ноқонуний олиб ўтиш учун экспорт қилувчи жавобгар бўлади.

 

13.02.2020

Эшитиш учун матнни белгиланг ва ушбу тугмани босинг