Тадбиркорлар ва ТИФ
иштирокчилари учун доимий
ишонч телефони
11-08
“ТРОПИКАМИД”. Нега унга талаб ошмоқда?
846
Шаҳримиз кўчаларида, дорихона атрофларида “Тропикамид 10 мг/мл” номли кўз томчи дорисининг бўш идишларига кўзингиз тушган бўлиши керак. Хўш, нега кейинги вақтларда ушбу дори воситасига бўлган талаб ошмоқда? Ушбу дори воситасидан ҳақиқатдан ҳам кўз касалликлари учун фойдаланилаяптими?
“ТРОПИКАМИД”. Нега унга талаб ошмоқда?

Афсуски йўқ. Таркибида кучли таъсир қилувчи тропикамид моддаси бўлган ушбу дори воситасидан кўнгилхушлик мақсадида фойдаланилмоқда. Айниқса, ёшлар орасида бу иллатнинг кўпайгани ачинарли холат.

Мутахассислар фикрига кўра, “Тропикамид”ни сурункали истеъмол қилиш саноқли ҳафталар ичида дорига қутулиш қийин бўлган руҳий қарамликни келтириб чиқаради. Хотира жуда тез сустлашади. Кайфият жуда тушкун бўлиб қолади, беморлар иложсизлик ҳиссидан азият чека бошлайди.

Маълумки, 2019 йил 27 сентябрдаЎзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг “Ўзбекистон Республикасида кучли таъсир қилувчи моддалар муомаласини тартибга солиш тўғрисида”ги ”818-сон қарори қабул қилинган эди. Мазкур қарор билан кучли таъсир қилувчи моддалар рўйхати тасдиқланди. Ушбу рўйхатда Тропикамид номли дори воситаси ҳам киритилган бўлиб, чакана реализация (сотиш) фақат гиёҳвандлик воситалари,   психотроп   моддаларни   сақлаш  ва сотиш фаолияти учун лицензияга эга бўлган дорихоналар ва ижтимоий дорихоналар орқали амалга оширилиши белгиланди.

Шундай бўлсада, ушбу дори воситасига бугун “қора бозор”да талаб кундан кун ошиб бормоқда.

Биргина Давлат божхона қўмитаси томонидан республика худудига ноқонуний равишда олиб кирилаётган кучли таъсир қилувчи дори воситаларини қонунга хилоф муомаласига чек қўйиш бўйича амалга оширилган ишлар давомида ўтган давр мобайнида 14318 дона “Тропикамид”нинг ноқонуний муомаласига чек қўйилди.

Барча ҳолатлар юзасидан Жиноят кодексининг тегишли моддаси билан жиноят ишлари қўзғатилиб, тергов органига юборилди.

Шундай экан, бугун ушбу иллатга қарши курашиш ҳар биримиздан масъулият ва ҳушёрликни талаб этади. Сўзимиз охирида эса огоҳ бўлинг ота-оналар! Ўз фарзандингизга эътиборли бўлинг – деб қоламиз.

15.02.2020

Эшитиш учун матнни белгиланг ва ушбу тугмани босинг