Тадбиркорлар ва ТИФ
иштирокчилари учун доимий
ишонч телефони
11-08
Боботоғ этагидаги хизмат
281
“Боботоғ” чегара божхона пункти Сурхондарё вилояти Узун тумани “Боботоғ” қишлоқ фуқаролaри йиғинида ва Тожикистон Республикаси Ҳисор тумани чегарадош ҳудудида жойлашган, божхона пункти Тожикистон ва Ўзбекистон Республикаларининг чегарасидан оқиб ўтувчи “Кофирнаҳанг” дарёси ва тоғ тизмаси бўйлаб оралиқдаги ажиб водийда жойлашган. Божхона пункти Сурхондарё вилояти божхона бошқармасидан сал кам 300 километр, Узун тумани марказидан 85 км. узоқликда жойлашган.
Боботоғ этагидаги хизмат

“Боботоғ” чегара божхона пунктига бориш учун пункт номига муносиб тарзда “Боботоғ” тоғ тизмасидаги  70 километрдан кўпроқ довон ошиб ўртача 1,5-2 соат йўл босилади. Довон бўйлаб кўтарилар экансиз баланд ва пурвиқор тоғларнинг гўзаллиги кўзларни қувнатса, беиҳтиёр йўл четига, жарликларга кўзингиз тушиб бу қадар баландликда самолётда эмас, автомашинада кетаётганингиз ёдга тушиб сесканиб кетасиз. Пункт сари борар экансиз сиз булутлар билан ҳам кесишиб ўтасиз, Боботоғ тоғ тизмасида эса писта дарахтлари ястаниб ётибди, атрофда эса ҳайвонот олами бургут-у лочинлар ёнингиздан учиб ўтса ҳар замонда йилқилар тўдаси йўл тўсарлик қилиб қолади. Айни дамда эса балан тоғлар бағридан бўй кўтарган ҳандон писта дарахтлари гуллаб бошлаб, гўёки ўз чиройини кўз кўз этмоқда, майсалар эса бўй кўтариб атрофга кўрк бағишламоқда. Хуллас, бир сўз билан айтганда машаққатли йўл ва ажойиб манзара!

2019 йилнинг 2 март куни очилган  “Боботоғ” чегара божхона пункти фаолият бошлаганига сал кам бир йил тўлади. Шу кунга қадар пункт орқали қарийб 6 мингта автомобиллар ва 40 мингдан ортиқ фуқаролар ҳаракатланган. Пункт орқали ҳаракатланган фуқароларнинг асосий қисми чегара олди ҳудудларидаги қардош ўзбек-тожик халқи, чунки илгари улар гапирса бир-бирини эшитадиган масофадаги биродарини кўриш учун Боботоғ тоғ тизмасидаги довондан ошиб 150 км йўл босиб Сариосиё туманида жойлашган “Сариосиё” чегара божхона постидан Тожикистон Республикасига ўтишар ва яна анча масофа юришиб Ҳисор туманига келишар эди. Эндиликда пиёда қатнаса ҳам бемалол улгуришади.

Божхона пунктида барча зарурий хизматлар ҳам ташкил этилган бўлиб, чегара, ветеринария, карантир ва санитария-эпидимология осойишталик маркази ходимлари фуқароларни ҳамда товарларни замонавий технологиялар ёрдамида тезда назоратдан ўтказмоқдалар.

Шу ерлик аҳоли билан гаплашар экансиз уларнинг қанчалик қувончга тўлганидан хабардор бўласиз. Ҳаттоки, 40 йил бир бирини кўрмаган қариндошлар – ака-ука, опа-сингиллар мазкур божхона пункти очилиши шарофати билан кўришганини кўзда ёш билан сўзлаб беришади.

Хулоса қилиб айтганда, Давлатимиз томонидан амалга оширилаётган яқин қўшничилик муносабатлари, халқларимизнинг тикланаётган бирдамликлари, албатта эртанги фаровон кунимиз сари қўйилаётган ишончли қадамлардан биридир.

19.02.2020

Эшитиш учун матнни белгиланг ва ушбу тугмани босинг