Тадбиркорлар ва ТИФ
иштирокчилари учун доимий
ишонч телефони
11-08
Давлат божхона қўмитаси хорижий оммавий ахборот воситаларидан эълон қилинган материал юзасидан муносабат билдиради
609
2020 йил 20 февраль куни хорижий оммавий ахборот воситаларида “Россия-Ўзбекистон: Божхона ходимлари шахсий буюмларимизни ҳам олиб қўймоқда – ҳайдовчилар” номли материал эълон қилинди.

Унда “Ўзбекистоннинг янги божхона тўлови боис Россия - Ўзбекистон оралиғида қатновчи ҳайдовчиларнинг норозиликлари давом этаётганлиги” маълум қилинган.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 7 ноябрдаги “Жисмоний шахслар томонидан шахсий эҳтиёжлари учун товарларни олиб ўтиш тартибини янада такомиллаштириш тўғрисида” ПҚ-4508-сон қарорига мувофиқ,  2020 йил 1 январдан бошлаб республикамизга кириб келанадиган жисмоний шахсларнинг нотижорат мақсадлардаги товарлари божсиз олиб киришнинг чекланган меъёрларидан ортган ҳолатларда, божхона тўловларини ундиришнинг янги соддалаштирилган тартиби жорий этилди.

Унга кўра, божхона божи, қўшилган қиймат солиғи ва акциз солиғи ўрнига товарнинг божхона қийматидан 30 фоиз, лекин ҳар бир килограмми учун 3 АҚШ долларидан кам бўлмаган миқдорда ягона божхона тўлови ставкаси ундирилиши белгиланган.

Мазкур қарор ва унинг ижроси оммавий ахборот воситалари ва ижтимоий тармоқларда қизғин муҳокамаларга сабаб бўлганлиги боис, мазкур мавзу юзасидан Давлат божхона қўмитаси томонидан бир неча бор расмий баёнотлар берилди.

Юқоридаги мақолада йўловчилардан бири “Karcher” машина ювиш ускунасини божхона ходимлари томонидан олиб қўйилганлигини маълум қилган.

Масалага ойдинлик киритиш мақсадида Давлат божхона қўмитаси томонидан мазкур ҳолат атрофлича ўрганилди. Маълум бўлишича, 2018 йил 19 ноябрь куни Қозоғистон билан чегарада жойлашган “Навоий” чегара божхона постида фуқаро Т.Б. ўзига тегишли бўлмаган, унга аввалдан нотаниш бўлган эркак фуқаро томонидан бериб юборилган 1 дона “KERCHER” номли сув билан тозалаш аппаратини қўшни давлатдан Ўзбекистон Республикасига декларацияламасдан олиб ўтишга уринган вақтида тўхтатиб қолинган.

Эслатиб ўтамиз, товарларни божхонада божсиз олиб ўтишнинг белгиланган меъёрлари фақатгина шахсий фойдаланиш учун кўзланган, нотижорат мақсадларидаги товарлар учун қўлланилади.

Хорижий давлатлардан шахсий автотранспорт воситалари орқали даромад орттириш мақсадида ташиб келтирилаётган бошқа шахсларнинг юклари ҳайдовчиларнинг шахсий эҳтиёжи учун ҳисобланган товарлари сирасига кирмайди ҳамда белгиланган тартибда божхона тўловларига тортилади. 

Давлат божхона қўмитаси божхона органлари фаолиятига доир холис ва хаққоний хабарларни эълон қилишда оммавий ахборот воситалари, кенг жамоатчилик вакиллари билан ўзаро ҳамкорликка тайёр эканлигини маълум қилади.

Мурожаат учун қисқа рақамли ишонч телефони:  11-08

Давлат божхона қўмитаси

Ахборот хизмати

22.02.2020

Эшитиш учун матнни белгиланг ва ушбу тугмани босинг