Тадбиркорлар ва ТИФ
иштирокчилари учун доимий
ишонч телефони
11-08
Йўлингиз бехатар бўлсин
357
Инсоният цивилизациясида йўллар жуда катта аҳамият касб этади. Дастлаб, сўқмоқ йўллар пайдо бўлган. Кейинчалик от арава учун йўллар, дунё ривожлангани сари эса автомобил йўллари, замонавий автомагистраллар вужудга келган.
Йўлингиз бехатар бўлсин

Ҳозирги турмушимизни йўлларсиз тасаввур қилиш имконсиз. Чунки, ҳар куни биз хоҳ пиёда, хоҳ автотранспортда бўлсин йўллардан фойдаланамиз. Ана шу жараёнда эса бевосита йўл ҳаракати иштирокчиларига айланамиз. Бугунги кунда тобора ривожланиб, янгича қиёфа касб этаётган туман ва шаҳар йўллари эса ҳар қачонгидан-да серқатнов. Бундай вазиятда ҳар бир шахс йўл ҳаракати қоидаларига қатъий амал қилиши шарт. Боиси, биргина нотўғри хатти-ҳаракат бир неча шахсларни жиддий жароҳат олишига, ҳатто бевақт ҳаётдан кўз юмушига сабаб бўлиши мумкин. Статистик маълумотларга кўра, Ўзбекистонда 2020 йил бошидан 18 февралга қадар 147 киши йўл транспорт ҳодисалари натижасида ҳалок бўлган.

Навоий вилояти божхона бошқармаси Ўз хавфсизлик гуруҳининг ташаббуси билан ташкил этилган навбатдаги маънавият-маърифат машғулоти ҳам айни шу масалаларга бағишланди.

Тадбирда вилоят Ички ишлар бошқармаси Йўл ҳаракати хавфсизлиги бошқармасининг масъул ходимлари томонидан йўл ҳаракати қоидаларига киритилган ўзгартириш ва қўшимчалар, йўл-транспорт ҳодисаларига олиб келаётган сабаблар ва уларнинг оқибатлари шунингдек, ҳаракат хавфсизлигини таъминлаш мақсадида бошқарма томонидан амалга оширилаётган ишлар ҳақида маълумот берилди.

  Бундан ташқари, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 9 апрелдаги “Йўл ҳаракати қоидаларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги 292-сон ва 2019 йил 4 июндаги “Йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлаш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги 460-сон қарорлари мазмун моҳияти тушунтирилди.

Мазкур меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатларга мувофиқ, автотранспорт воситасини бошқарган ҳайдовчи йўлга чиқишдан олдин транспорт воситаси ва ҳайдовчилик тўғрисидаги ҳужжатларни кўздан кечириши, транспорт воситасининг созлигини текшириши зарурлиги, алоҳида қайд этиб ўтилди.

Учрашув давомида автомобил тезлигини ўлчаш мосламаларининг турлари, ЙПХ ходимининг дислокацияси ва унинг тузилиши, ҳайдовчилик гувоҳномаси ҳақида берилган саволларга тегишли тушунтиришлар берилди.

24.02.2020

Эшитиш учун матнни белгиланг ва ушбу тугмани босинг