Тадбиркорлар ва ТИФ
иштирокчилари учун доимий
ишонч телефони
11-08
Божхоначилар экспортёр тадбиркорларнинг яқин ҳамкори
265
Мамлакатлар иқтисодиёти ривожланишида ҳудудларнинг экспорт салоҳияти, шунингдек экспорт маҳсулотларининг таркиби ва географияси ғоят муҳим аҳамият касб этиши барчага маълум. Боиси, экспорт ҳажми ошгани сари давлатларнинг жаҳон ҳамжамияти билан интеграциялашувига кенг имкониятлар очилади. Ўз навбатида миллий валютанинг жаҳон валюталарига нисбатан курсини барқарор бўлишига ҳам асос яратилади.
Божхоначилар экспортёр тадбиркорларнинг яқин ҳамкори

Шу мақсадда, мана қатор йиллардан буён Ўзбекистонда экспорт операцияларини амалга ошириш жараёнлари босқичма-босқич соддалаштирилиб келинмоқда.

Ушбу яратилаётган қулайликлар ва берилаётган имтиёзларни барча экспортёрлар орасида кенг тарғиб қилиш, шунингдек улар фаолиятида мавжуд муаммолар ечимига амалий ёрдам кўрсатиш мақсадида божхона органлари томонидан бевосита ҳудудларга чиққан ҳолда тадбиркорлар билан учрашувлар ўтказиш амалиёти йўлга қўйилган. Бу каби учрашувларнинг навбатдагиси Хатирчилик экспортёрлар иштирокида бўлиб ўтди.

Қайд этиш лозимки Хатирчида деҳқончилик ниҳоятда ривожланган. Айниқса бу ерда етиштириладиган майиз ва узумлар, олма, шафтоли, анор каби мевалар бутун Ўзбекистон бўйлаб машҳур.

Туманда 2020 йилнинг январь ойи давомида жами 853 минг АҚШ долларига тенг маҳсулотлар экспорт қилинган. Бунда, экспорт ҳажмининг асосий қисми помидор, мош, узум, ёнғоқ каби қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари ҳиссасига тўғри келган.

Қайд этиш лозимки, туманда мева-сабзавот маҳсулотларини экишдан бошлаб уларни экспортга йўналтиришгача бўлган жараёнларни ўзида жамлаган яхлит бир тизим ишлаб чиқилмоқда. Бу борада дастлабки натижаларга ҳам эришилган.

Хусусан, Навоий вилояти бўйича ташкил этилган 7 та йирик агросаноат кластерларининг 5 таси айнан Хатирчида жойлашган.

Шунингдек, бугунги кунда туманда 900 тонна мева-сабзавот маҳсулотларини сақлашга мўлжалланган 8 та музлаткичлар, ҳамда умумий майдони 15,5 гектарга тенг бўлган 7 та иссиқхоналар фаолият юритмоқда.

Жорий йилда Хатирчилик деҳқонлар томонидан етиштирилган 12 минг тоннадан ортиқ мева-сабзавотларни экспортга реализация қилиш режалаштирилган.

Экспортёр корхоналар, шунингдек деҳқон ва фермер хўжаликлари вакиллари билан бўлиб ўтган учрашувлар давомида товарлар экспортида яратилган имкониятлар, экспорт қилинадиган мева-сабзавот маҳсулотларини божхона назорати ва расмийлаштирувидан ўтказиш тартиби ҳақида батафсил маълумот берилди.

Учрашувлар якунида туманнинг экспорт салоҳиятини ошириш, тўғридан-тўғри хорижий инвестицияларни жалб этиш, пировард натижада ҳудуд аҳолисининг фаровон ҳаёти учун ўз ҳиссасини қўшиш божхона ходимларининг асосий мақсади эканлиги яна бир бор таъкидланиб, божхона соҳасига оид мурожжатлар бўлган тақдирда туну-кун фаолият юритувчи Давлат божхона қўмитасининг қисқа 11-08 рақамли, ҳамда Навоий вилояти божхона бошқармасининг 79-223-08-65 рақамли ишонч телефонларига мурожаат этишлари мумкинлиги айиб ўтилди.

 

 

 

 

27.02.2020

Эшитиш учун матнни белгиланг ва ушбу тугмани босинг