Тадбиркорлар ва ТИФ
иштирокчилари учун доимий
ишонч телефони
11-08
Божхоначилар экспортга яқиндан кўмаклашмоқдалар
127
Сурхондарё вилояти божхона бошқармаси томонидан жойларда экспортёр корхона вакиллари билан учрашиб, мавжуд муаммоларни ўрганиш, уларга ташқи иқтисодий фаолият жараёнларида яратилаётган қулайликлар ва эркинликлар бўйича амалдаги қонунчилик доирасида тушунтиришлар бериш мақсадида жойларга чиқиб, сайёр учрашувлар ташкил этилмоқда.
Божхоначилар экспортга яқиндан кўмаклашмоқдалар

Навбатдаги сайёр учрашув  Ангор туманида карам экспорти билан шуғулланаётган тадбиркорлар билан бевосита карам экилган дала майдонларида бўлиб  ўтди.

Ангор тумани карам экспорти бўйича республикамизда етакчи туманлардан бири ҳисобланиб, карам маҳсулоти  етилган даврда бир кунда 300 тоннадан 1000 тоннага қадар ушбу маҳсулотлар хориж бозорларига экспорт қилинади.    

Учрашув давомида, Сурхондарё вилояти божхона бошқармаси бошлиғи Т.Саидов бошчилигидаги божхона ходимлари томонидан маҳсулотларнинг экспортидаги қулайликлар ва янги қабул қилинган меъёрий ҳужжатлар тўғрисида тушунтиришлар берилди.

Тадбиркорлик субъектларига қулай шарт-шароитлар яратиш билан бирга уларнинг масъулияти ҳам оширилмоқда, яъни қонун ҳужжатлари талабларига  риоя қилмайдиган тадбиркорларнинг жавобгарлиги оширилди.

Учрашув давомида жорий йил 2 февралдан кучга кирадиган Ўзбекистон Республикасининг 2019 йил 31 октябрдаги “Божхона маъмуриятчилиги такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳақида”ги ЎРҚ-577-сон Қонунининг мазмун-моҳияти ҳақида ҳам тушунчалар берилди.

Шунингдек, тадбиркорлар ҳам ўз фикрларини билдиришиб Давлатимиз томонидан ҳамда Давлат божхoна қўмитаси томонидан кўрсатилаётган амалий кўмак ва қулайликларни эътироф этишди. Жумладан, “Зилола Сарвар Сурхон” МЧЖ раҳбари Ҳ.Мажидов, ҳозирги кунда республикамиздан қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари божхона кўрикларисиз, куннинг исталган вақтида божхона расмийлаштирувидан тез фурсатларда ўтказилаётгани, тизимда жорий этилган “хавфни бошқариш тизими” эса ҳалол тадбиркорлар учун айни муддао бўлганини, шунингдек, 2020 йилнинг 1 февралидан бошлаб, экспорт-импорт операцияларини амалга оширишда талаб этиладиган рухсат этиш хусусиятига эга барча ҳужжатлар ва сертификатларни «Ягона дарча» божхона ахборот тизими орқали расмийлаштирилаётгани ортиқча вақт ва овворагарчиликларни тугатганлигини таъкидлаб ўтди.

Учрашув сўнггида, тадбиркорлар ўз фаолияти давомида муаммоларга дуч келса ҳамда божхона расмийлаштируви билан боғлиқ бўлган масалалар юзасидан Давлат божхона қўмитасининг 11-08 ҳамда Сурхондарё вилояти божхона бошқармасининг (76) 225-02-26 ишонч телефон рақамига мурожаат қилишлари мумкинлиги эслатиб ўтилди.

28.02.2020

Эшитиш учун матнни белгиланг ва ушбу тугмани босинг