Тадбиркорлар ва ТИФ
иштирокчилари учун доимий
ишонч телефони
11-08
Божхона органлари экпортёрларнинг яқин кўмакчиси
364
Сўнгги йилларда мамлакатимизда тадбиркорлар учун содда ва шаффоф божхона тартиб-таомилларини жорий қилишга қаратилган кенг ислоҳотлар амалга оширилмоқда.
Божхона органлари экпортёрларнинг яқин кўмакчиси

Таъкидлаш жоизки, соҳада амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар натижасида 2019 йил давомида Тошкент шаҳар божхона бошқармасининг ташқи иқтисодий фаолият божхона постлари орқали экспорт қилинган товарлар ҳажми 2018 йилга нисбатан салкам 15 фоизга кўпайган.

Эришилаётган натижалар, албатта юртбошимиз томонидан имзоланган фармон ва қарорлар ижроси юзасидан амалга оширилаётган комплекс чора-тадбирлар натижаси деб айтиш мумкин.

Тошкент шаҳар божхона бошқармасида ўтказилган давра суҳбатида шу жиҳатлар алоҳида қайд этилди. Тадбир экспортёрларга республикамизда яратилган қулайликлар, қабул қилинган қарор ва фармонларнинг мазмун-моҳияти тарғиботига бағишлаб ташкил этилди.

Унда Тошкент шаҳар божхона бошқармаси мутахассислари, Тошкент шаҳар ҳокимининг ишлаб чиқаришни маҳаллийлаштириш ва саноатда кооперация алоқаларини кенгайтириш масалалари бўйича ёрдамчиси, Тошкент шаҳар солиқ бошқармаси,  Давлат ветеринария назорати, Ўсимлик карантини инспекциялари, экология ва атроф муҳитни муҳофаза қилиш  бошқармаси  ҳамда Ўсимликлар карантини ҳудудий инспекцияси, Ўзстандарт агентлиги мутасадди вакиллари ҳамда экспортёрлар иштирок этишди.

Тадбирда таъкидланганидек, Президентимиз бошчилигида мамлакатимизда тадбиркорлик субъектларига кенг кўламдаги қулайликлар яратилаётганлиги, экспортни рағбатлантиришга қаратилган божхона тартиб-таомиллари минимал даражага тушириб борилаётганлиги эвазига юқори кўрсаткичлар қўлга киритилаётгани, божхона тартиб-таомилларини янада соддалаштириш ва такомиллаштириш, шаффофликни таъминлаш бўйича қатор ислоҳотлар амалга оширилмоқда.

Учрашув давомида божхона назорати ва расмийлаштируви, экспорт-импорт жараёнларида юзага келаётган муаммолар, уларни баратараф этиш йўллари, коррупция ва бошқа салбий ҳолатларга қарши курашиш масалалари кўриб чиқилди.

Шунингдек, соҳа мутахассислари томонидан экспортёрларга ўзларини қизиқтирган барча саволлар бўйича батафсил тушунтиришлар берилди

Тадбир сўнгида бошқарма бошлиғи Б.Дадаматов иштирокчиларга фаоллик учун миннатдорчилик билдириб, тизимда ҳар қандай кўринишдаги коррупцион хатти-ҳаракатларга қарши курашиш ва уларни олдини олишда жамоатчиликнинг фаол кўмаги зарурлигини, бунга биргаликда кураш олиб бориш кераклиги ҳақида алоҳида тўхталди. Бу каби масалалар билан куннинг исталган вақтида Давлат божхона қўмитасининг 11-08 “Ишонч телефон” рақамига ёки бошқарманинг (78)120-76-76 телефон рақамига ҳамда тегишли таркибий тузилмаларга мурожаат этишлари мумкинлиги айтиб ўтилди. Келгусида ҳам мана шундай учрашувлар ўтказилиб турилиши юртимиз тараққиёти ва равнақи йўлида хизмат қилиши шубҳасиз эканлиги таъкидланди.

.

29.02.2020

Эшитиш учун матнни белгиланг ва ушбу тугмани босинг