Тадбиркорлар ва ТИФ
иштирокчилари учун доимий
ишонч телефони
11-08
Давлат божхона қўмитаси ижтимоий тармоқларда тарқалган хабарлар юзасидан муносабат билдиради
783
2020 йил 2 март куни фуқаро Дилшод Назаров ўзининг Facebook ижтимоий тармоғидаги шахсий саҳифаси орқали видеомурожаат билан чиқиб, ўзига тегишли бўлган виолончель чолғу асбобини Ўзбекистон Республикасидан олиб чиқиб кета олмаётганлигини маълум қилган.

Фуқаро Д.Назаровнинг видеомурожаати юзасидан қуйидагилар маълум қилинади.

Жорий йилнинг 2 март куни соат тахминан 05:40 ларда “Ислом Каримов номидаги “Тошкент” халқаро аэропорти” учиб кетиш залида “Тошкент-Франкфурт” йўналиши бўйича учиб кетаётган фуқаро Дилшод Назаров божхона ходими  томонидан божхона назоратидан ўтказилган.

Оғзаки сўров натижасида фуқаро Д.Назаров XIX асрга тегишли бўлган мусиқа асбоби (виолончель) борлигини ва ушбу мусиқа асбобини ўзи билан бирга Германиядан Тошкент шаҳрида хайрия концерти ўтказиш учун вақтинча олиб келганлигини маълум қилган. Божхона ходими ушбу мусиқа асбобини олиб чиқиш учун Маданият вазирлигининг тегишли рухсатномаси ёки Ўзбекистон Республикаси ҳудудига вақтинчалик олиб кирганлигини тасдиқловчи ҳужжат тақдим этилишини талаб қилган.

Д.Назаров божхона ходимига санаб ўтилган ҳужжатларнинг бирортасини ҳам тақдим эта олмаслигини айтган. Олиб чиқиш учун асос бўлмаганлиги учун божхона ходими ушбу мусиқа асбобини олиб чиқишга рухсат бермаган.

Маълумот учун:

“Маданий бойликларнинг олиб чиқилиши ва олиб кирилиши тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг 5-моддасига асосан маданий бойликларнинг олиб чиқилиши ва олиб кирилишини давлат томонидан тартибга солиш Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги ва Ўзбекистон Республикаси Давлат божхона қўмитаси томонидан амалга оширилади.

Бунда Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги:

маданий бойликларнинг олиб чиқилиши ва вақтинча олиб чиқилиши мумкинлиги тўғрисида қарорлар қабул қилади;

олиб чиқилади, вақтинча олиб чиқилади деб эълон қилинган, шунингдек вақтинча олиб чиқилганидан кейин қайтариб олиб келинган маданий бойликларни экспертизадан ўтказишни таъминлайди;

маданий бойликларнинг олиб чиқилиши ва вақтинча олиб чиқилиши ҳуқуқини берувчи сертификатлар беради.

Ушбу қонуннинг 7-моддасига биноан маданий бойликларнинг ўз мулкдори ёки у ваколат берган шахс томонидан олиб чиқилиши қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги томонидан бериладиган олиб чиқиш ҳуқуқини берувчи сертификат асосида амалга оширилади.

Ўзбекистон Республикаси Давлат божхона қўмитаси қонун ҳужжатларига мувофиқ маданий бойликларнинг олиб чиқилиши ва олиб кирилиши тартиби устидан назоратни амалга оширади.

Дилшод Назаров билан боғлиқ ҳолатда “Тошкент халқаро аэропорти” чегара-божхона постида хизмат олиб бораётган божхона ходими  маданий бойликлар юзасидан соҳа мутахассиси бўлмаганлиги сабабли йўловчига тегишли чолғу асбобининг маданий бойликлар сирасига кириши ёки кирмаслигини аниқлаш юзасидан Маданият вазирлигининг аэропорт худудида хизмат олиб бораётган ваколатли мутахассисига мурожаат қилган. Шунингдек, мазкур мутахассис ва йўловчи Дилшод Назаровнинг телефон орқали мулоқотини ташкиллаштирган.

Ўзаро суҳбат давомида Маданият вазирлигининг мутахассиси ушбу  чолғу асбоби маданий бойлик ҳисобланишини ва уни сертификат олгандан кейингина олиб чиқиш мумкинлигини тўғрисида маълумот берган.

Юқоридагилардан келиб чиқиб, божхона пости ходими ўз хизмат ваколатларидан четга чиқмаганлиги ва амалдаги қонун доирасида ҳаракат қилганлигини маълум қиламиз.

Мурожаат муаллифига маданий бойликларни олиб чиқиш масаласи юзасидан Маданият вазирлигига мурожаат қилиш лозимлигини яна бир бор эслатиб ўтамиз.

Давлат божхона қўмитаси божхона органлари фаолиятига доир холис ва хаққоний хабарларни эълон қилишда оммавий ахборот воситалари, кенг жамоатчилик вакиллари билан ўзаро ҳамкорликка доимо тайёр эканлигини маълум қилади.

3.03.2020

Эшитиш учун матнни белгиланг ва ушбу тугмани босинг