Тадбиркорлар ва ТИФ
иштирокчилари учун доимий
ишонч телефони
11-08
Урганч аэропортида йил бошидан буён ноқонуний олиб ўтилган 170 млн. сўмлик товар-моддий бойликлар ушлаб қолинди
640
Маълумки, 2018 йилнинг 1 январидан бошлаб, республиканинг барча халқаро аэропортларида жисмоний шахслар учун икки йўлакли тизим яъни “яшил” ва “қизил” йўлаклар жорий этилди. Янги тизимни жорий этишда энг аввало фуқаролар ва хорижий меҳмонларнинг манфаатларидан келиб чиқиб, улар учун божхона расмийлаштирувидан ўтказиш жараёнларини янада соддалаштириш ва тезлаштириш кўзланган.
Урганч аэропортида йил бошидан буён ноқонуний олиб ўтилган 170 млн. сўмлик товар-моддий бойликлар ушлаб қолинди

Амалдаги тартибларга кўра, республикага кириб келаётган ва чиқиб кетаётган йўловчилар яшил йўлакдан фақат қиймати ва миқдори божсиз олиб кириш меъёрларидан ортиқча бўлмаган товарларни ва валюта қийматликларини олиб ўтишлари мумкин. Яъни, яшил йўлакдан ўтиш жисмоний шахснинг ёнида ортиқча товар-моддий бойликлари ва валюта қийматликлари йўқлигини божхона органларига оғзаки декларациялаганини англатади.

Бу ҳақидаги батафсил маълумотлар, республика халқаро аэропортлардаги икки йўлакли тизим олдида жорий қилинган ахборот ҳудудларида батафсил маълумотлар келтирилган, Хусусан, “Урганч” халқаро аэропортида ҳам.

Таъкидлаш жоизки, Урганч халқаро аэропорти орқали ҳар суткада ўртача 4-5 та халқаро авиарейслар амалга оширилади. Бу ерда бир кунда ўртача 700-800 нафар йўловчилар ҳаракатланаётган бўлса, шуларнинг тахминан 95 % яшил йўлак орқали ўтишмоқда.

Демак, кўриниб турибди-ки, уларнинг барчасини бирма-бир божхона назоратидан ўтказиш жараёнига қамраб олишнинг имкони йўқ. Шундай экан, бу вазиятда божхона ходимларининг ҳушёрлиги ва сезгирлигига таяниш билан бир қаторда фуқаролардан ҳам божхона қонунчилигига қатъий риоя қилишлари талаб қилинади.

Аммо, баъзилар амалдаги тартибларни яхши билишса-да, ўзлари учун жорий қилинган бу қулайликни ноқонуний даромад орттириш илинжида суиистеъмол қилишга уринишади.

Тўғри, божхона пости орқали ҳаракатланаётган фуқаролар билан ўтказилаётган профилактик учрашувлар натижасида аниқланаётган ҳуқуқбузарликлар ўтган йилга нисбатан кескин камайганлигини кўришимиз мумкин. Аммо, бу хотиржамликка берилишга асос бўла олмайди.

2018 йилнинг ўтган даври мобайнида “Урганч аэропорти” чегара божхона пости томонидан жами 183 та ҳуқуқбузарлик ҳолатлари аниқланиб, улар бўйича 170 млн. сўмлик товар-моддий қимматликлар ашёвий далил тариқасида олиб қўйилган. Эътиборлиси шундаки, ушбу ҳуқуқбузарликларнинг барчаси айнан “яшил йўлак”ни танлаган йўловчилар томонидан содир этилган.

Аниқланган ҳуқуқбузарликларнинг аксарияти, яъни 135 таси (қарийб 73%и) порнографик мазмундаги видеолавҳа ва фотосуратларни, 2 таси тақиқланган диний ақидапарастлик мазмунидаги материлларни, 13 таси такикланган зўравонликни ва шафқатсизликни тарғиб қилувчи видео материалларни олиб ўтиш билан боғлиқ.

Шунингдек, мазкур аэропорт орқали 10 та ҳолатда салкам 43 литр спирт ва алкоголли ичимликлар, 5 та ҳолатда 112 қути тамаки маҳсулотлари, 8 та ҳолатда 8,8 млн. сўмлик атир-упалар, 3 та ҳолатда 22,6 млн. сўмлик дори дармонлар, 5 та ҳолатда 4 млн. сўмлик учувчисиз учиш аппаратларининг ноқонуний олиб ўтилиши фош қилинган.

Мазкур ҳолатлар юзасидан Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг тегишли моддалари билан маъмурий ишлар қўзғатилиб, маъмурий ишлар бўйича судларга юборилган.

Шу ўринда Давлат божхона қўмитаси сизда божхона соҳасидаги қонун ҳужжатларини такомиллаштиришга оид таклифлар мавжуд бўлганда ёки божхона ходимларининг ноқонуний ҳатти–ҳаракатлари юзасидан 120-76-31 рақамли ишонч телефонига мурожаат қилишингиз мумкинлигини маълум қилади.

Сизнинг мурожаатингиз Ўзбекистон Республикаси “Жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари” тўғрисидаги қонунига мувофиқ белгиланган тартибда кўриб чиқилади ва қонуний ҳал қилиниши кафолатланади. Ишонч телефонлари узликсиз равишда ишлайди.

 Музаффар Қурбонниёзов,

Хоразм вилояти божхона бошқармаси

“Урганч аэропорти” чегара божхона пости

катта инспектор-суриштирувчиси

25.08.2018

Эшитиш учун матнни белгиланг ва ушбу тугмани босинг