Тадбиркорлар ва ТИФ
иштирокчилари учун доимий
ишонч телефони
11-08
Ҳамиша эъзоздасан, мўътабар аёл!
582
8 март – Хотин қизлар куни муносабати билан Давлат божхона қўмитасида тантанали тадбир ташкил этилди. Унда ДБҚ Марказий аппарати шахсий таркиби, кенг жамоатчилик вакиллари ва божхона фахрийлари иштирок этишди.
Ҳамиша эъзоздасан, мўътабар аёл!

Йиғилганларни байрам билан қутлар экан, ДБҚ Раҳбарияти сўнгги йилларда юртимизда хотин-қизларнинг жамиятдаги ўрни ва мавқеини мустаҳкамлаш борасида давлат аҳамиятига молик тарихий ишлар амалга оширилаётганлигини алоҳида таъкидлаб ўтди.

Дарҳақиқат, бугун нафосат соҳибаларини Парламентимиз сенаторлари ва депутатлари, давлат ва хўжалик бошқаруви идоралари, корхона ва ташкилотлар раҳбарлари, тадбиркор-ишбилармонлар, спорт усталари, бир сўз билан айтганда исталган соҳа вакиллари орасида учратиш мумкин.

Давлатимиз иқтисодий хавфсизлигини таъминлашга хизмат қилувчи божхона органларида ҳам айни пайтда 700 нафарга яқин аёллар эркаклар билан елкама-елка хизмат қилиб, мамлакатимизнинг иқтисодий манфаатларини ҳимоя қилиш йўлида салмоқли ҳисса қўшиб келишмоқда.

Хизмат вазифаларига сидқидилдан ёндошиб, ижобий натижаларга эришиб келаётгани боис Давлатимизнинг юксак мукофотларига сазовор бўлаётган аёллар орасида божхона тизимида хизмат қилаётган аёлларнинг борлиги ҳам фахр-ифтихор уйғотади.

Яқинда халқ эътирофига сазовор бўлган, меҳнат фаолиятида кўплаб ютуқларга эришган, оиласи билан намуна бўлаётган бир гуруҳ хотин-қизлар «Мўътабар аёл» кўкрак нишонига билан тақдирланган бўлиб, улар сафида  Давлат божхона қўмитасида 20 йилдан ортиқ фурсат давомида хизмат олиб борган  божхона хизмати подполковниги Лобархон Турсунова ҳам бор.

Шу ўринда, яна бир мулоҳаза – юртимиз аёллари ўртасида спортни оммалаштиришга ҳам алоҳида эътибор қаратиб келинмоқда. Бу эса аёлларнинг саломатлигини ҳимоя қилиш орқали жамиятимизда соғлом турмуш тарзини юксалтиришга хизмат қилмоқда.

Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлиги томонидан республикамиздаги вазирликлар, корхона ва ташкилотларда фаолият кўрсатаётган аёллар ўртасида ташкиллаштирилган "Спорт - нафислик ва саломатлик манбаи" спорт фестивалида ҳам Давлат божхона қўмитаси аёллари жамоаси муносиб иштирок этиб, энг чаққон жамоа деб эътироф этилди ҳамда спортнинг гимнастрада тури бўйича ғолибликни қўлга киритишди.

Байрам арафасида Давлат божхона қўмитасининг Хотин қизлар кенгаши ташаббуси билан аёллар ўртасида турли спорт ва жанговар тайёргарлик мусобақаларини ташкил қилиш мунтазамлик касб этмоқда.

Тантанали тадбир давомида мазкур мусобақаларнинг ғолиблари ва соҳада ўрнак кўрсатиб хизмат қилаётган бир гуруҳ аёллар тақдирланишди.

Ижодкор божхоначиларнинг бадиий чиқишлари ҳам йиғилганларга  манзур бўлди.

Айни пайтда божхона органларида байрам муносабати билан турли тадбирлар ташкил этилмоқда. Жумладан, Давлат божхона қўмитасининг Божхона институтида байрам муносабати билан Ички ишлар вазирлиги Академияси билан ҳамкорликда “Фидойи қизлар” кўрик танлови ташкил этилди.

Тизимда аёлларни улуғлашга қаратилган бу каби тадбирлар давом этмоқда.

6.03.2020

Эшитиш учун матнни белгиланг ва ушбу тугмани босинг