Тадбиркорлар ва ТИФ
иштирокчилари учун доимий
ишонч телефони
11-08
Сен барибир муқаддасcан - муқаддас аёл !
254
Аёл азалдан меҳр-шафқат ва садоқат тимсоли бўлиб келган. Аёлни эъзозлаш – бизнинг миллатимиз, халқимиз учун олий қадрият даражасига кўтарилган фазилат.
Сен барибир муқаддасcан - муқаддас аёл !

Чунки аёлларни қанча улуғласак, ҳаётимизнинг чироғи, умримизнинг гули деб эъзозласак, демакки, оиламизни, Ватанимизни эъзозлаган бўламиз. Шарқда аёлни фариштага қиёс қилишади. Чунки фаришталар Аллоҳ таоло яратган энг пок, энг бегуноҳ зотлардир. Халқимизнинг буюк тарихида ўзининг жасорат ва матонати, ақл-заковати, нафосат ва назокати билан ўчмас ном қолдирган aёлларга бўлган чексиз ҳурмат-эҳтиромимизнинг яна бир сабаби шундаки, аёл аввало ҳар бир инсоннинг бешигини тебратадиган, оқ сути билан унинг  юрагига одамийлик фазилатларини сингдирадиган, уни ҳаёт бўронларидан асраб-авайлайдиган фидоий инсондир.

Шу муносабат билан 2020 йил 7 март куни Сурхондарё вилояти божхона бошқармаси томонидан бошқармада фаолият олиб бораётган мунис аёллар ва  қизларни муборакбод этиш мақсадида “Сен барибир муқаддаcсан- муқаддас аёл” байрам тадбири ташкил қилинди. Байрам тадбирини  Бошқарма бoшлиғи Т.Саидов очиб бериб, аёлларнинг мамлакат, жамият  ва оилада тутган ўрни ҳақида таъкидлаб ўтди. Шундан сўнг ўз меҳнати билан муваффақиятларга эришган хотин қизларимизга ва “8-март Халқаро хотин –қизлар куни” муносабати билан ўтказилган спорт мусобақалари ғолиба ва совриндорларига фахрий ёрлиқлар ва эсдалик совғалари топширилди.

 

Муқаддас аёл 

 

Ошиқларинг пойингга гул отиб ҳам бўлди, 

Хилватларда лабингдан бол тотиб ҳам бўлди, 

Ва бу ҳакда кимларгадир сотиб ҳам бўлди, 

Сен барибир муқаддассан, 

Муқаддас аёл! 

 

“Аввал: “Кел-эй, қучоғимга тўл, балқ”, дедилар, 

Унамадинг, аёл ўзи терс “халқ”, дедилар. 

Ичолмагач юз ўгириб шўр, талх, дедилар, 

Сен барибир муқаддассан, 

Муқаддас Аёл! 

 

Сен дарёсан, ўпганини қирғоқ яширар, 

Жуфтим бўл, — деб чопганини ҳар тоқ яширар, 

Жаннатим, — деб қувонмасдан қумлоқ яширар, 

Сен барибир муқаддассан, 

Муқаддас Аёл! 

 

Асли бу бор эрмакларнинг борар ери Сен, 

Росту ёлғон эртакларнинг борар ери Сен, 

Асов отдай эркакларнинг борар ери Сен, 

Сен барибир муқаддассан, 

Муқаддас Аёл! 

 

Чорлашганда сен келсанг, гоҳ бекор келсанг-да, 

Маст даврага бир сарин ел, бир тор келсанг-да, 

Хор келсанг-да, номардларга гоҳ хор келсанг-да, 

Сен барибир муқаддассан, 

Муқаддас Аёл! 

 

Қимтинасан, астагина кўтарасан бош, 

Минг йилликдир кўзингдаги жовдираган ёш, 

Гуноҳкорлар мингу битта Сенга тегар тош, 

Сен барибир муқаддассан, 

Муқаддас Аёл! 

 

Ҳарир, хушбўй баданингда тошлар изи бор, 

Кўкрагингда эгилган не бошлар изи бор, 

Қуёш изи, куйдирган қуёшлар изи бор, 

Сен барибир муқаддассан, 

Муқаддас Аёл! 

 

Ҳалима ХУДОЙБЕРДИЕВА,

Ўзбекистон халқ шоири

 

7.03.2020

Эшитиш учун матнни белгиланг ва ушбу тугмани босинг