Тадбиркорлар ва ТИФ
иштирокчилари учун доимий
ишонч телефони
11-08
Андижонда божхоначи аёллар томонидан ҳам профиклактик тадбирлар амалга оширилмоқда
512
Аёл-оила гултожи. Ҳар бир хонадоннинг сарамжонлигию, осойишталиги аёл билан бадастир. Оилада аёлнинг мақоми бехисоб. У- тарбиячи, она, пазанда, уй бекаси... хуллас оиладаги энг фаол аъзо.

Бугунги кунда аёлларни нафақат оилада балки, жамиятда ҳам фаоллигини ошириш, уларнинг турли соҳа ва тармоқларда ўз қобилият ва имкониятиларини рўёбга чиқариши учун шарт-шароитлар яратиш, ҳуқуқ ва қонуний манфаатларига сўзсиз риоя қилинишини таъминлаш мақсадида кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда.

Хотин-қизлар бандлигинии таъминлаш, уларнинг муаммоларини аниқлаш, оғир вазиятга тушиб қолган аёлларга ҳар томонлама кўмак бериш, ижтимоий – сиёсий ҳаётдаги роли ва фаоллигини ошириш борасида амалга оширилаётган чора-тадбирлар туфайли бугун жамиятда тадбиркор, олима, ҳуқуқшунос, раҳбар  хаттоки депутат аёллар пайдо бўла бошлади. Кечагина ожиза, деб қаралган инсонлар ўша ожизалик ортида буюк бир жасорат, қобилият яширилганлигини озгина эътибор туфайли намоён этмоқда.

Бугун, хатто ватанимиз сарҳадларини эркаклар билан елкама елка туриб ҳимоя қилишга чоғланган жасоратли нафосат эгаларининг сафи ҳам кундан кунга кенгайиб бормоқда. Туну кун жамият ва мамлакатнинг иқтисодий хавфсизлиги учун бел боғлаган ана шундай касб эгаларида бири бу божхона ходималаридир.

Юртимизга кириб келиши мумкин бўлган ҳар қандай хавф-хатар, ноқонуний товар, қурол-яроқ, гиёҳвандлик воситаларини хушёрлик билан назорат қилишга чоғланган Андижон вилояти божхона бошқармаси аёл ходималари томонидан жорий йилнинг ўзида 22 та ҳолатда 130 млн. сўмлик товар моддий бойликларининг божхона чегарасидан ноқонуний олиб ўтилишига чек қўйилишига эришилди.

Минг афсуски, аниқланаётган хуқуқбузарликларнинг аксарияти айнан аёллар томонидан содир этилаётганлиги хотин-қизларнинг ҳуқуқий маданиятини ошириш бугунги кунда муҳим масалалардан бири эканлигини кўрсатади.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Хотин –қизларни қўллаб-қувватлаш ва оила институтини мустаҳкамлаш соҳасидаги фаолиятини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида” 2018 йил 2 февралдаги ПФ-5325-сон Фармонида бу масалага алоҳида эътибор қаратилди.

Яъни ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар, фуқароларни ўзини-ўзи бошқариш органлари ва бошқа ташкилотлар билан биргаликда хотин-қизлар ўртасида ҳуқуқбузарликлар ва жиноятчилик профилактикасини самарали ташкил этиш, шу жумладан уларнинг ҳуқуқий маданиятини ошириш ва маънавий аҳлоқий қадриятларини мустаҳкамлашга шахсан жавобгар эканлиги белгилаб қўйилди.

Шу сабабдан ҳам бугунги кунда Андижон вилояти божхона бошқармаси ходималари томонидан божхона чегаралари орқали ҳаракатланаётган аёллар ўртасида тушунтириш-тарғибот, профилактика ишларини олиб бориш йўлга қўйилди. Чунки улар орасида Юртбошимиз томонидан олиб борилаётган сиёсатнинг асл моҳиятини тушуниб етмай, кўр-кўрона “тадбиркорлик” фаолияти билан шуғулланиш мақсадида турли қонунбузарликларга йўл қўяётганлари ҳам мавжуд.

Уларнинг ҳуқуқий маданиятини ошириш, қонун доирасида фаолият юритиши учун керакли тушунчалар бериш асносида қабул қилинаётган ҳар бир қонун ва қарорлар фуқароларга  ҳуқуқ ва имкониятлар  бериш билан бир қаторда мажбуриятлар юклашини, шу юртнинг тараққиётида барча фуқаронинг ўзига ҳос хиссаси борлигини батафсил таъкидлаб ўтилмоқда.  

Бугун бизни ташвишга солаётган муаммоларга эътибор қаратинг, болангизни мактабда бироз шўхлик қилиши, турмуш ўртоғингизни ишдан кеч келиши, ўзингизга ёққан бирор бир буюмни олишга имкониятингиз чегараланаётгани қайсидир давлатда юз бераётган тўпалон, вайронагарчилик ва нотинчликлар олдида буларнинг барчаси ширин туйғулар аслида.

Ўтаётган бир хотиржам кунларимиз, осойишта ҳаётимиз замирида ҳар бир инсоннинг шу Ватан тараққиётига нисбатан дахлдорлик туйғуси мухим аҳамият касб этишини унутмасак эртанги кўзланган марралар албатта, бизники бўлади.

Ф.Каримов

Андижон вилоят

божхона бошқармаси

Ахборот хизмати

26.08.2018

Эшитиш учун матнни белгиланг ва ушбу тугмани босинг