Тадбиркорлар ва ТИФ
иштирокчилари учун доимий
ишонч телефони
11-08
Хавфни бошқариш тизимига – бир йил: божхона органларида жорий қилинган мазкур тизим кўмагида қўлга киритилган натижалар сарҳисоби
1396
2020 йил 11 март куни Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлигининг анжуманлар залида Давлат божхона қўмитаси томонидан “Хавфни бошқариш тизимига – бир йил: божхона органларида жорий қилинган мазкур тизим кўмагида қўлга киритилган натижалар сарҳисоби” мавзусида матбуот анжумани ташкил этилди.
Хавфни бошқариш тизимига – бир йил: божхона органларида жорий қилинган мазкур тизим кўмагида қўлга киритилган натижалар сарҳисоби

Тадбирда Давлат божхона қўмитаси Раиси ўринбосари Б.Раҳимов мавзу бўйича журналистларга ахборот берди.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Божхона маъмуриятчилигини такомиллаштириш ва Ўзбекистон Республикаси Давлат божхона хизмати органлари фаолияти самарадорлигини ошириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида” 2018 йил 24 ноябрдаги ПФ-5582-сон Фармони давлат божхона хизмати органлари тизимидаги кенг кўламли ислоҳотларнинг янги даврини бошлаб берди.

Мазкур Фармонга биноан товар ва транспорт воситаларининг божхона назорати ва расмийлаштирувини амалга ошириш жараёнида 2018 йилнинг 1 декабрдан “сариқ” ва “қизил”, 2019 йилнинг 1 мартидан эса “яшил” ва “кўк” йўлакларни қўллашни назарда тутувчи “Хавфни бошқариш тизими” амалиётга тўлиқ татбиқ этилди.

Натижада, “ялпи” божхона назоратини ўтказишдан воз кечган ҳолда, хавф профиллари ёки тасодифий танлов асосида товар ва транспорт воситаларининг божхона назорати юқоридаги 4 та йўлаклардан бирига йўналтирилган ҳолда амалга оширилмоқда. Хўш, бу йўлаклар бир-биридан қандай фарқланади.

«Сариқ йўлак», бунда божхона декларацияси, ҳужжатлар ва маълумотларни текшириш бўйича божхона назорати шакллари хавф даражаси ўрта кўрсаткичга эга ёки тасодифий танловда аниқланган товар ва транспорт воситаларига нисбатан амалга оширилади;

«Қизил йўлак», бунда божхона назорати шакллари хавф даражаси юқори кўрсаткичга эга ёки тасодифий танловда аниқланган товар ва транспорт воситаларига нисбатан амалга оширилади;

«Яшил йўлак», бунда хавф даражаси паст бўлган товар ва транспорт воситаларини чиқариб юбориш тўғрисидаги қарор қабул қилинганда, божхона назорати шакллари уларга нисбатан амалга оширилмайди;

«Кўк йўлак», бунда хавф даражаси ўрта кўрсаткичга эга ёки тасодифий танлов асосида аниқланган товарларга нисбатан божхона назорати шакллари улар чиқариб юборилгандан сўнг амалга оширилади.

“Хавфни бошқариш” автоматлаштирилган ахборот тизими давлат экспертизасидан муваффақиятли ўтди ва Ўзбекистон Республикаси Давлат божхона қўмитаси – муаллифлик ҳуқуқи эгаси сифатида электрон ҳисоблаш машиналари учун яратилган дастурнинг расмий рўйхатдан ўтказилганлиги тўғрисидаги Интеллектуал мулк агентлигининг гувоҳномасини олди.

Хўш, хавф ўзи нима? Бу божхона тўғрисидаги қонун ҳужжатларига риоя этилмаслиги эҳтимолининг даражаси бўлиб, хавфни бошқариш — хавфнинг олдини олиш ва уларни имкон қадар камайтириш, уларнинг қўлланилиш самарадорлигини баҳолаш, шунингдек божхона операцияларининг бажарилиши устидан назорат қилиш бўйича чора-тадбирларни ишлаб чиқиш ва амалда бажаришни, божхона органларида мавжуд бўлган ахборотнинг узлуксиз янгиланишини, таҳлил этилишини ва қайта кўриб чиқилишини назарда тутувчи доимий ишлардир.

Содда қилиб айтганда, Хавфни бошқариш тизими божхона қоидаларига амал қилувчи тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш, ўрнатилган тартиботларга риоя қилмайдиган ТИФ иштирокчилари фаолияти устидан назоратни амалга оширишга мўлжалланган.

Таъкидлаш жоизки, Ўзбекистон Республикаси давлат божхона хизмати органлари ходими ўрнатилган тартибда тасдиқланган товарларни кўздан кечириш ҳамда намуна ва (ёки) синамалар олишда божхона тартиб-таомилларини амалга ошириш тўғрисидаги йўриқномага асосан хавфни бошқариш автоматлаштирилган тизими буюрган божхона операцияларини бажаришга мажбур.

Амалдаги қонунчиликда божхона расмийлаштируви муддати уч кун қилиб белгиланганлигига қарамасдан товарларни расмийлаштириш учун сарфланадиган вақтнинг қисқаришига эришилди.

Жумладан, экспортда мазкур тизим жорий этилишига қадар 136 дақиқа сарфланган бўлса, ҳозирда ушбу муддат 3 бараварга қисқариб, 44 дақиқани ташкил этмоқда.

Шунингдек, импортда тизим жорий этилишидан олдин 394 дақиқа сарфланган бўлса, ҳозирги кунда мазкур муддат 2,6 маротаба қисқариб, 154 дақиқани ташкил этмоқда.

Тизим кўмагида товарларни божхона кўригисиз расмийлаштириш амалиёти жорий этилди. Хусусан, тизим жорий этилишига қадар барча товарлар божхона кўригидан ўтказилар эди. Ушбу тизим жорий этилиши билан божхона кўриклари сони - 1,6 маротаба камайиб, кўрик самарадорлиги - 1,7 бараварга ортди.

Хавфни бошқариш тизими орқали экспортда товарларнинг вазни бўйича - 95 %, товар партияларининг - 85 % божхона кўригисиз расмийлаштирилди.

Шунингдек, импортга расмийлаштирилган товарларнинг оғирлиги бўйича - 66 %, товар партияларининг - 49 % божхона кўригисиз амалга оширилди.

Мазкур тизим жорий этилишга қадар барча ТИФ иштирокчиларига божхона органлари томонидан бир хил баҳо берилган бўлса, бугунги кунда жами 105 800 та ТИФ қатнашчиларининг фаолияти кўрсатаётган бўлиб, улардан 74 403 таси ҳалоллик даражаси бўйича баҳоланди.

Сўнгги бир йил давомида божхона расмийлаштирилган божхона юк декларацияларининг

  • 7 фоизи ёки 174 305 таси “яшил” йўлак тартибида;
  • 39 фоизи ёки 300 367 таси “сариқ” йўлак тартибида;
  • 38,3 фоизи ёки 294 167 таси “қизил” йўлак тартибида расмийлаштирилган.

Хавфни бошқариш автоматлаштирилган ахборот тизимидан самарали фойдаланилиши,  хавфларни минималлатириш чоралари қўлланилиши натижасида ўтган давр мобайнида давлат бюджетига 81.6 млрд. сўмлик қўшимча божхона тўловлари ундирилди.

Жаҳон банки Ўзбекистонни "Бизнесни юритиш" халқаро рейтинги доирасида бизнесни илгари суриш соҳасида улкан ислоҳотларни амалга оширган давлат сифатида қайд этди ва божхона тизимида хавфларни таҳлил қилиш асосида сифат жиҳатидан янги божхона назорати тартиблари жорий этилганлигини таъкидлади.

Хавфни бошқариш тизимининг вужудга келиши силсиласи

- Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 22 декабрда Олий Мажлисга Мурожаатномасида божхона органларида 2018 йилдан бошлаб тадбиркорлик субъектлари учун божхона кўригида хавф-хатардан огоҳ этиш тизими, яъни тадбиркорларнинг қанчалик ҳалол эканига қараб, уларни “яшил” ва “қизил” йўлаклар орқали ўтказишни жорий этиш бўйича аниқ вазифалар белгилаб берилди.

- Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 12 апрелдаги “Ўзбекистон Республикаси Давлат божхона хизмати органлари фаолиятини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида” ПФ-5414-сон Фармони билан 2018 йил 1 сентябрга қадар муддатда товарларнинг божхона назоратини танлов асосида ўтказишни назарда тутувчи хавфни бошқаришнинг автоматлаштирилган тизими ишлаб чиқилиши ва жорий этилишини таъминлаш белгиланди.

- Ушбу Фармон билан Давлат божхона қўмитасида Хавфларни мониторинг қилиш ва баҳолаш бошқармаси ташкил қилинди ҳамда мазкур бошқармага божхона органларида божхона қонун ҳужжатлари бузилиши хавфи юқори бўлган товар ва ташқи иқтисодий фаолият қатнашчиларини назорат қилиш учун куч ва воситаларни жамлашни назарда тутувчи хавфни бошқаришнинг автоматлаштирилган тизимини жорий этиш вазифаси юклатилди.

- Божхона органларида мавжуд куч ва воситалардан фойдаланиб, ушбу йўналишдаги жаҳоннинг етакчи давлатларида божхона назорати соҳасида фойдаланилаётган ахборот технологиялари имкониятларини ўрганган ҳолда Хавфни бошқаришнинг автоматлаштирилган тизими ишлаб чиқилди ҳамда 2018 йил 1 сентябрдан синов тарзида ишга туширилди.

- Ўзбекистон Республикасининг 2018 йил 18 октябрда янги таҳрирда қабул қилинган «Давлат божхона хизмати тўғрисида»ги Қонуни билан хавфни бошқариш тизими қўлланилиши самарадорлигининг мунтазам мониторингини амалга ошириш божхона органларининг асосий вазифаларидан бири этиб белгиланди.

- Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 24 ноябрдаги “Божхона маъмуриятчилигини такомиллаштириш ва Ўзбекистон Республикаси давлат божхона хизмати органлари фаолияти самарадорлигини ошириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида” ПФ-5582-сон Фармони билан Хавфни бошқариш автоматлаштирилган тизими а тўлиқ режимда жорий этилди.

- Фармонга биноан 2018 йил 1 декабрдан бошлаб, “сариқ” ва “қизил” йўлаклар ишга туширилди.

- 2019 йил 1 мартдан бошлаб, “яшил” ва “кўк” йўлаклар ишга туширилди.

11.03.2020

Эшитиш учун матнни белгиланг ва ушбу тугмани босинг