Тадбиркорлар ва ТИФ
иштирокчилари учун доимий
ишонч телефони
11-08
Темир йўл транспортида ташиладиган товарлар бўйича божхона органларига дастлабки электрон маълумот тақдим этиш йўлга қўйилади
730
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг «Ўзбекистон Республикасининг божхона ҳудудига олиб кириладиган товарлар ва транспорт воситаларини расмийлаштиришда божхона тартиботларини такомиллаштириш тўғрисида» 2019 йил 31 декабрдаги 1057-сон қарори жорий йилнинг 2 апрель кунидан кучга киради.
Темир йўл транспортида ташиладиган товарлар бўйича божхона органларига дастлабки электрон маълумот тақдим этиш йўлга қўйилади

Мазкур қарор автомобиль, темир йўл ва ҳаво транспорти орқали Ўзбекистон Республикасининг божхона ҳудудига олиб кириладиган товарлар ва транспорт воситаларини расмийлаштиришда божхона назорати самарадорлигини таъминлаш, божхона тартиботларини соддалаштириш, шунингдек, вақтни ҳамда молиявий харажатларни қисқартириш мақсадида қабул қилинган.

Қарорга мувофиқ, шундай тартиб ўрнатилдики, қонунчиликка мувофиқ ваколатли органлар томонидан белгиланган тартибда бериладиган мувофиқлик сертификати, санитария-эпидемиология хулосаси, экологик сертификат мавжуд бўлиш талаб этиладиган товарларни «Ягона ойна» божхона ахборот тизимида уларнинг берилиши тасдиқланган тақдирда, Ўзбекистон Республикаси ҳудудига импорт қилишга рухсат берилади;

Аввал дастлабки божхона декларацияси тақдим этилган товарларни эркин муомалага чиқариш божхона юк декларацияси рўйхатдан ўтказилган пайтдан бошлаб уч соат ичида амалга оширилади, бунда хавфларни бошқаришнинг автоматлаштирилган тизими томонидан хавф аниқланган ҳолатлар бундан мустасно.

Ташувчилар ёхуд товар эгалари ёки товарга нисбатан ваколатларга эга бўлган шахслар ҳаво ва темир йўл транспортида ташиладиган товарлар ва транспорт воситалари, шу жумладан йўловчилар ва уларнинг багажлари тўғрисида дастлабки электрон тарзда олдиндан ахборотни божхона органларининг ахборот тизимига бутунжаҳон Интернет тармоғи орқали:

автомобиль транспортининг Ўзбекистон Республикаси божхона чегараси орқали ўтишидан бир соат олдин;

темир йўл транспортининг Ўзбекистон Республикаси божхона чегарасига етиб келишидан бир соат олдин;

узоқ йўналишни амалга оширишда — ҳаво транспортининг Ўзбекистон Республикаси божхона ҳудудига учиб келишидан икки соат олдин;

қисқа йўналишни амалга оширишда — ҳаво транспортининг учиш вақтида юбориши шарт.

Шу мақсадда, ҳозирда Давлат божхона қўмитаси ва «Ўзбекистон темир йўллари» АЖ ҳамкорликда темир йўл транспортида ташиладиган товарлар бўйича божхона органларига дастлабки электрон маълумот тақдим этиш бўйича барча учун фойдаланиш мумкин бўлган дастурий таъминот ишлаб чиқилмоқда. Бу бўйича қисқа муддатларда батафсил маълумотлар етказилади.

Давлат божхона қўмитаси томонидан миллий ва хорижий ташувчиларга ёки бошқа манфаатдор шахсларга божхона органларининг ахборот тизимига товар ва транспорт воситалари тўғрисидаги дастлабки электрон маълумотларни мустақил равишда тақдим этиш имконини яратиш юзасидан чора-тадбирлар давом этмоқда.

Шунингдек, Ўзбекистон Республикасининг божхона ҳудудига олиб киришга мўлжалланган товарлар ва транспорт воситалари тўғрисидаги дастлабки электрон маълумотларни тақдим этиш, улардан фойдаланиш ва рўйхатдан ўтказиш тартиби ишлаб чиқилади.

Мазкур мавзуда Давлат божхона қўмитаси Ахборот хизмати томонидан тарғибот ишлари давом эттирилади.

19.03.2020

Эшитиш учун матнни белгиланг ва ушбу тугмани босинг