Тадбиркорлар ва ТИФ
иштирокчилари учун доимий
ишонч телефони
11-08
Коронавирус ваҳимасига ҳожат йўқ: товарлар экспорти ва импорти тўхтамайди.
193
Дунё бўйлаб 160 га яқин давлатларда қайд этилган коронавирус инфекциясига қарши курашиш бўйича Ўзбекистонда бир қатор чора-тадбирлар белгиланди.
Коронавирус ваҳимасига ҳожат йўқ: товарлар экспорти ва импорти тўхтамайди.

Жумладан, 2020 йилнинг 16 мартидан бошлаб Давлат чегараси орқали ўтказиш пунктларида шахслар ва йўловчи ташувчи транспорт воситаларининг ҳаракати вақтинча тўхтатилди.Мазкур чекловдан сўнг жамоатчиликда Ўзбекистон Республикасидан товарлар экспорти ёки мамлакатга товарлар импорти ҳам тўхтатиладими деган савол кун тартибига чиқди.

Мазкур масала юзасидан Давлат божхона қўмитаси томонидан зудлик билан баёнот берилди. Демак, коронавирус инфекциясига қарши курашиш бўйича олиб борилаётган чоралар ташқи савдо юклари, хусусан юк автомобиллари, авиа, темир йўл, дарё транспортларида ҳаракатига таъсир кўрсатмайди.

Коронавирус инфекциясининг ёйилиши оқибатида мамлакатлар иқтисодиёти кўриши мумкин бўлган зарарлар ҳақида турли прогнозлар башорат қилинмоқда. Бундай вазиятларда аниқ фактларга асосланмаган тахминлар жамоатчиликнинг ижтимоий фикрини нотўғри ўзанга буриб юбориши ҳеч гап эмас.

Республикамизда ҳам коронавирусга доир чекловлар белгиланганидан сўнг товарлар экспорти-импорти тўхтатб қолиши ҳақида хавотирли фикрлар билдирила бошланган эди. Аммо, бу хавотирларда ҳеч қандай асос йўқлигини бугунги реал воқелик кўрсатиб турибди.

Муҳтарам Президентимиз 18 март куни маҳалла ва оила масалаларига бағишланган видеоселектор йиғилишида таъкидлаганларидек, бугунги кунда республикамизда озиқ-овқат ва бошқа кундалик истеъмол маҳсулотларининг нархи ошиб кетмаслиги учун барча чоралар кўрилмоқда. Мамлакатимизда етарли даражада озиқ-овқат, энг зарурий ва бирламчи маҳсулотлар захираси мавжуд, хавотир ёки ваҳимага тушишга ҳеч қандай асос йўқ.

Коронавирус пандемиясининг бутун дунё мамлакатлари қатори бизнинг ҳам иқтисодиётимизга салбий таъсири бўлиши табиий. Лекин, бу мамлакатимизда товарлар экспорти ва импортида узилишлар бўлади дегани эмас.

Экспорт-импорт жараёнлари аввалгидек узлуксиз давом этар экан, демакки ички бозорларда аҳолининг энг муҳим зарурий ва бирламчи товарларига бўлган эҳтиёжи мунтазам қондирилади.

Айни пайтда республикамизнинг ташқи иқтисодий фаолият божхона постларида одатдагидек иш фаолияти гавжум тарзда давом этмоқда, товарларнинг экспорти ва импорти билан боғлик божхона процедуралари ҳеч қандай чекловларсиз амалга оширилмоқда.

Чегара-божхона постларида эса жисмоний шахсларнинг божхона чегаралари орқали ўтишларига нисбатан чекловлар амалда. Лекин, юк автотранспорт воситалари орқали товарларнинг олиб кираётган ёки олиб чиқаётган ташувчиларга нисбатан бу чекловлар татбиқ этилмаган.

Чегара ўтказиш ҳудудларида юк ташувларни амалга ошираётган шахслар ва уларнинг транспорт воситалари тегишли тартибда текширувлардан ўтказилиб, республикамиз орқали ҳаракатланишига рухсат берилмоқда.

Дарвоқе, Давлат божхона қўмитасида республикамиздаги барча чегара-божхона постларини бир вақтнинг ўзида кузатиш имконини берадиган Бош видеокузатув маркази фаолият юритади. Марказдан чегара-божхона постларининг сўнгги тўрт кундаги фаолиятини кузатар эканмиз, экспорт импорт товарлари ортилган юк транспортлари ҳаракатида узилишларга гувоҳ бўлганимиз йўқ.

Аҳоли учун бирламчи энг зарурий озиқ-овқат маҳсулотларининг заҳрираларини ўрганиш учун нафақат божхона омборлари балки уларни ишлаб чиқарувчи корхона ва заводларда ҳам бўлдик.

Масалан, энг кўп истеъмол қилинадиган маҳсулотлардан бири бу - ўсимлик ёғи. Тошкент вилоятида жойлашган шу турдаги маҳсулотни ишлаб чиқарувчи корхонада бўлганимизда бу ерда ишлаб чиқариш ва тайёр маҳсулотларни импорт қилиш паралел равишда олиб борилаётганига гувоҳ бўлдик. Бу ерда кунига 60 тоннагача писта ёғи кадокланмоқда. Бунинг учун хом-ашё сифатида ҳар ойда ўртача 4800 тонна  кунгабоқар пистаси импорт қилинади. Ва ҳозир ҳам бу жараён узлуксиз давом этмоқда.

Рақамларга мурожаат қилсак, 15-17 март кунлари республикамиз бўйлаб, давлат божхона хизмати органлари хориждан келтирилган 7 млн  АҚШ доллари қийматидаги салкам 17 минг тонна озиқ-овқат маҳсулотларини импорт божхона режимига расмийлаштиришди.  

Жумладан,

9,4  минг тонна картошка,

1935 тонна ўсимлик ёғи,

1554 тонна ун,

1232 тонна шакар,

433 тонна гуруч, гречка ва турли ёрмалар,

317 тонна гўшт,

211 тонна макарон,

149 тонна вафли ва печеньелар,

91 тонна консерваланган сабзавотлар божхона расмийлаштирувидан ўтказилиб, ички бозорларга йўналтирилган.

Республикамиздан товарлар экспорти ҳам кўзланган прогнозларга мувофиқ давом этмоқда. 15-17 март кунлари мобайнида юртимиздан хорижий давлатларга 44,2 млн. АҚШ доллари қийматидаги салкам 41 минг тонна товарлар экспорт қилинди.

Демак, четдан келтириладиган истеъмол товарлари, хусусан бирламчи озиқ-овқат маҳсулотларининг импортида узилишлар ва шу сабабли ички бозорда уларнинг танқислиги кузатилмайди деб ишонч билан айта оламиз.

Муҳтарам Президентимиз томонидан таъкидланганидек. ҳукумат қийин аҳволга тушиши мумкин бўлган соҳа ва тармоқларни, йирик корхоналарни қўллаб-қувватлаш бўйича алоҳида чора-тадбирлар дастурини ишлаб чиқади. Бу жараёнда, аввало, молия ва хомашё бозорида беқарорлик юзага келишига йўл қўймаслик, молиявий барқарорликни сақлаш ҳамда бозорларда нарх-навонинг ўсишини олдини олиш учун зарур барча чоралар кўрилади.

Биздан эса бундай паллаларда янада жипслашиб, ваҳима ва саросимага берилмаслик талаб этилмоқда, холос.

Ҳусан Тангриев,

Давлат божхона қўмитаси

Ахборот хизмати бош инспектори

20.03.2020

Эшитиш учун матнни белгиланг ва ушбу тугмани босинг