Тадбиркорлар ва ТИФ
иштирокчилари учун доимий
ишонч телефони
11-08
Соҳа ходимлари учун масъулиятли давр
157
Дунё ҳамжамиятида жиддий ташвиш уйғотган коронавирус инсониятнинг меҳр-оқибати, ҳамжиҳатлиги ва ақлу идрокини синовдан ўтказмоқда.
Соҳа ходимлари учун масъулиятли давр

Коронавирус инфекцияси дунёнинг 170 дан ортиқ мамлакатларида тарқалди. Ҳозирги кунда Ўзбекистонда ҳам коронавирус билан касалланган беморлар аниқланган.

Мамлакатимизда ушбу хавфли вирус тарқалишининг олдини олиш бўйича самарали ишлар амалга оширилмоқда.

Ўзбекистон Республикаси ҳудудида 2020 йил 24 мартидан бошлаб коронавирус инфекцияси тарқалишига қарши кучайтирилган тартиб жорий этилди. Кучайтирилган тартиб даврида юртдошларимизнинг бирламчи истеъмол товарлари, хусусан озиқ-овқат маҳсулотларига бўлган табиий эҳтиёжларини ўз вақтида қондириш ҳамда тақчилликни юзага келтирмаслик учун барча имкониятлар сафарбар этилган.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 19 мартдаги “Коронавирус пандемияси ва глобал инқироз ҳолатларининг иқтисодиёт тармоқларига салбий таъсирини юмшатиш бўйича биринчи навбатдаги чора-тадбирлар тўғрисида”ги Фармони ижроси юзасидан тизимли ишлар амалга оширилмоқда. Жумладан, Тошкент шаҳар божхона бошқармасида ташқи иқтисодий фаолият иштирокчиларига ҳар томонлама амалий кўмак бериш, юкларни чегара божхона постлари орқали тезкорлик билан ўтказиш, уларнинг узлуксиз божхона расмийлаштирувини, шунингдек, экспорт ва импорт қилинаётган товарларга рухсат берувчи ҳужжатларнинг берилишини таъминлаш бўйича тезкор штаб ташкил этилиб, бошқарма ва сертификатловчи органларнинг тегишли ходимлари ушбу штаб таркибига киритилдилар.

Экспорт-импорт жараёнлари аввалгидек узлуксиз давом этиши натижасида ички бозорларда аҳолининг энг муҳим зарурий ва бирламчи товарларига бўлган эҳтиёжи мунтазам қондирилади.

Тошкент шаҳар божхона бошқармасининг ташқи иқтисодий фаолият божхона постларида ташқи савдо айланмасининг тўхтовсиз амалга оширилиши шароитида божхона расмийлаштируви узлуксиз давом этиб, товарларнинг экспорти ва импорти билан боғлиқ божхона процедуралари ҳеч қандай чекловларсиз амалга оширилмоқда.

Рақамларга мурожаат қилсак, 15-25 март давомида Тошкент шаҳар божхона бошқармасининг ташқи иқтисодий фаолият божхона постлари орқали хориждан келтирилган 15,7 млн.  АҚШ доллари қийматидаги 47,4 минг тонна озиқ-овқат маҳсулотлари импорт божхона режимига расмийлаштирилди. 

Шунингдек, хорижий давлатларга 22,78 млн АҚШ доллари қийматидаги салкам 25 минг тонна товарлар экспорти амалга оширилди.

Хулоса ўрнида шуни таъкидлаш лозимки, бугунги давр барчамиздан пандемияга қарши муросасиз курашни тақозо этмоқда. Амалга оширилаётган барча ишлар барчамизни янада бирлашишга, белгиланган қоидаларга амалга қилишга ундайди. Ўзбек халқининг ўзига хослиги унинг ҳамиша яхши ният, яхши ўй билан яшашидадир. Биз бир бўлиб, ҳамжиҳатликда ҳаракат қилсак, ҳар қандай офат ва бало-қазоларни албатта енгамиз.

27.03.2020

Эшитиш учун матнни белгиланг ва ушбу тугмани босинг