Тадбиркорлар ва ТИФ
иштирокчилари учун доимий
ишонч телефони
11-08
Тил – миллат рамзи
300
Ҳар бир мустақил давлат борки, унинг ўзлигини англатувчи рамзлари, тимсоллари, қадриятлари бўлади. Халқимизнинг кўп асрлик маданий, илмий-маърифий ва бадиий тафаккури, интеллектуал салоҳиятининг ёрқин ва бебаҳо маҳсули бўлган ўзбек тили жаҳондаги бой ва қадимий тиллардан биридир.

Ўзлигимизнинг, буюк тарихимизнинг рамзи ҳисобланган ўзбек тилига давлат тили мақоми берилганлигига ҳам 30 йилдан ошди. Ушбу давр мобайнида она тилимизнинг софлигини сақлаш борасида бир қатор ишлар амалга оширилиб, ижобий натижаларга эришилди.

Бугунги глобаллашув даврида ҳар бир халқ, ҳар қайси мустақил давлат ўз миллий манфаатларини таъминлаш, бу борада аввало ўз маданиятини, азалий қадриятларини, она тилини асраб-авайлаш ва ривожлантириш масаласига катта эътибор бермоқда.

Шунингдек, “Ўзбекистон Республикаси Давлат тили ҳақида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни, “Ўзбек тилининг давлат тили сифатидаги нуфузи ва мавқеини тубдан ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Президентининг Фармонининг қабул қилиниши она тилимизнинг нуфузини ошириб, луғавий бойишига замин яратди.

“Тилга эътибор — элга эътибор” жумласининг моҳиятини чуқур тушуниб етган ҳолда, бугунги кунда, мамлакатимиз ижтимоий ҳаётининг барча соҳаларида, жумладан, давлат бошқаруви, замонавий ва инновацион технологиялар, саноат, банк-молия тизими, ҳуқуқшунослик, дипломатия, ҳарбий,  тиббиёт ва бошқа соҳаларда давлат тилининг имкониятларидан тўлиқ ва тўғри фойдаланишга эришиш энг олий мақсадлардан ҳисобланади.

Бошқа давлат идора ва ташкилотлари, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар қаторида божхона органларида ҳам она тилимизнинг софлигини сақлаш, луғавий бойитиш, шунингдек божхона ходимларининг нутқ маданиятини янада ривожлантириш борасида қатор чора-тадбирлар амалга оширилмоқда. Хусусан, Қорақалпоғистон Республикаси божхона бошқармасида  ўзбек тилида тўғри ва соф ҳолда, бадиийлик мезонларига амал қилинган ҳолда иш юритилиши қатъий назоратга олинган.

Соҳага оид ҳужжат алмашинувини таъминловчи қатор электрон дастурларнинг ўзбек тилида яратилганлиги ўзбек тилининг давлат тили мақомини янада ошириб, тилимизнинг келгусида тараққий этишида катта омил бўлади.

31.03.2020

Эшитиш учун матнни белгиланг ва ушбу тугмани босинг