Тадбиркорлар ва ТИФ
иштирокчилари учун доимий
ишонч телефони
11-08
Халқимиз ҳамжиҳатликда синовли кунлардан эсон-омон ўтиб олади
297
Барчамизга яхши маълумки, тарихда халқимиз ўз бошидан жуда кўп мураккаб даврларни ўтказган бўлса-да, бу машаққатларни ҳар доим ҳамжиҳатликда енгиб ўтган.
Халқимиз ҳамжиҳатликда синовли кунлардан эсон-омон ўтиб олади

Бугун жаҳондаги кўплаб мамлакатларда коронавирус пандемияси сабабли юзага келган синовли кунларда ҳам ортиқча саросимага тушмаслик, ваҳимага берилмаслик барчамиз учун муҳим.

Аммо, айрим фуқароларимиз ортиқча саросимага тушиб, дўконлар ва бозор расталарида озиқ-овқат маҳсулотларини меъёридан ортиқ харид қилишаётганини кўриб, яқинда ўзим гувоҳ бўлган бир ҳолат кўз олдимга келди.

Кўп қаватли уй атрофидаги чиқинди қабул қилиш пунктида нон маҳсулотлари учун учун мўлжалланган қути моғор босган нонлар билан лиқ тўла эди. Бу ҳолатдан ачиниб турган вақтимда яна бир болакай бир пакет нон кўтариб келди-да,   қутининг устига қўйди.

“Укажон, бунча нонни қаердан олиб келаяпсан” - деб сўрадим. У эса,  “Биз синглим билан мактабдан таътилга чиқиб, ниқоб тақиш бошланган кунларда ойим ва дадам уйга жуда кўп нон олиб кела бошладилар, аммо буларнинг ҳаммасини еб тугата олмадик”- деб жавоб қайтарди.

Тўғри, шунча неъматни исроф бўлишида бу болакайда айб йўқ. Аммо, биз катталар синовли кунларда ваҳимага берилиб, болаларни исрофгарчиликка ўргатмаяпмизми? Менинг фикримча бундай пайтда болаларимизни аждодларимизга мос, мард ва танти, қаноатли қилиб тарбиялаш билан машғул бўлишимиз керак. Уларга боболаримизнинг қаҳрамонликлари, жасоратлари ҳақида ҳикоя қилиб беришимиз керак.

Кўп узоққа бормайлик, боболаримиз иштирок этган иккинчи жаҳон уруши даврига оид тарихий маълумотларни ўрганар эканмиз халқимиз ўз қаноати ва сабри билан фашистларни ҳам ҳайратда қолдирганлигига гувоҳ бўламиз.  

Шу каби воқеалардан бири урушнинг машъум йилларида Голландияда рўй берган. «Амерсфорт» концлагерида сақланаётган 101 нафар ўзбек аскарларини фашистлар бир неча ой мобайнида оч қолдириб, уларга ҳатто сув ичишни ҳам тақиқлаган, аскарларни руҳан ҳамда жисмонан қийноққа солиб, уларни фашистлар руҳини кўтариш учун суратга олинадиган фильмнинг бош қаҳрамонига айлантиришмоқчи бўлишган.

Шундай кунларнинг бирида суратга олиш гуруҳи «Амерсфорт» концлагерига ташриф буюради. Жуда қийин аҳволда сақланаётган 101 ўзбек аскарига бир дона буханка нон улоқтирилади. Киночиларнинг фикрича, улар бир бурда нон учун бир-бирини уриб ўлдириши керак эди.

 Ана шундай жараённи суратга олишга шай турган фашистларнинг ҳафсаласи пир бўлади. Ўзбеклар Гитлернинг барча режаларини чиппакка чиқарди. Улоқтирилган нонни аскарлардан ёши бўйича энг кичиги бориб олади, уни кўзига суриб, тавоф қилгач, ёши энг катта аскарга узатади. Ёши катта аскар эса бир нонни 101 бўлакка бўлиб, уни ҳаммага улашиб чиқади. Ўзбеклар нонни еб бўлгач, шукроналик белгиси сифатида юзларига фотиҳа тортади. Табиийки, аждодларимизнинг бу мардлиги, миллий маданияти, тартиб-интизоми фашистларни дарғазаб қилади.

Синовли кунларда мозийга қараб иш тутиб, аждодларимизнинг қандай қийин шароитларда ҳам ҳамжиҳатликда иш тутганлиги ва қаноатли бўлганлигини эсга олиш биз учун ибрат мактабидир.

Минг шукурки, бугун мамлакатимизнинг тинчлиги ва фаровонлиги сабабли дўконларимиз турфа хил маҳсулотларга лиқ тўла. Халқимиз эҳтиёжи учун зарур бўлган маҳсулотлар аввало ўзимизда етарли миқдорда етиштирилмоқда, айримлари эса четдан ҳеч қандай тўсиқларсиз олиб келинмоқда.  Демак, ваҳимага тушишга эса асло ўрин йўқ. Карантин вақтида тартибга тўлиқ риоя қилган Хитой давлати фуқаролари ҳам ўз мамлакатида коронавирусни жиловлашга эришди.

Биз ҳам албатта бу синовларни кунларни ҳамжиҳатликда ортда қолдирамиз. Буюк аждодларга муносиб авлод сифатида ўз ақлимиз ва инсонийлик фазилатларимиз билан барчасини енгамиз.

 

Нурбек Саломов

 

 

 

 

31.03.2020

Эшитиш учун матнни белгиланг ва ушбу тугмани босинг