Тадбиркорлар ва ТИФ
иштирокчилари учун доимий
ишонч телефони
11-08
Карантин талабларини бузганлик учун жавобгарлик кучайтирилди
319
Ўзбекистон Республикасининг 2020 йил 26 март кунги ЎРҚ-613-сон Қонуни билан Ўзбекистон Республикасининг Жиноят, Жиноят-процессуал кодексларига ҳамда Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига ўзгартиш ва қўшимчалар киритилди.
Карантин талабларини бузганлик учун жавобгарлик кучайтирилди

Хусусан, Жиноят кодекси янги 2445-моддаси (Карантинли ва инсон учун хавфли бўлган бошқа юқумли касалликлар тарқалиши ҳақида ҳақиқатга тўғри келмайдиган маълумотларни тарқатиш) билан тўлдирилиб, карантинли ва инсон учун хавфли бўлган бошқа юқумли касалликларнинг пайдо бўлиши ҳамда тарқалиши шароитида карантинли ва инсон учун хавфли бўлган бошқа юқумли касалликлар тарқалиши ҳақида ҳақиқатга тўғри келмайдиган маълумотларни тарқатганлик учун жиноий жавобгарлик белгиланди.

Модданинг иккинчи қисмига кўра шундай маълумотларни нашр қилиш ёки бошқача усулда кўпайтирилган матнда ёки оммавий ахборот воситалари, шунингдек Интернет бутунжаҳон ахборот тармоғи орқали тарқатган шахслар эндиликда уч йилгача озодликдан маҳрум қилинишлари мумкин.

Шу билан бирга, Жиноят кодексининг 2571-моддаси матни (Санитарияга оид қонун ҳужжатларини ёки эпидемияга қарши кураш қоидаларини бузиш) тўлдирилиб, унга кўра санитарияга оид қонун ҳужжатларини ёки эпидемияга қарши кураш қоидаларини бузиш, шу жумладан карантинли ва инсон учун хавфли бўлган бошқа юқумли касалликлар пайдо бўлиши ҳамда тарқалиши шароитида давлат санитария назорати органларининг тиббий текширувдан ўтиш ва даволаниш, карантинни ўташ учун белгиланган жойларга етиб бориш ва ушбу жойларни белгиланган муддат давомида тарк этмаслик, касаллик юқиш хавфи мавжуд бўлган даврда мулоқотда бўлинган шахслар ва борилган жойлар ҳақидаги маълумотларни ошкор қилиш тўғрисидаги ёки бошқа қонуний талабларини узрли сабабларсиз бажармаслик одамларнинг оммавий касалланишига олиб келса жиноий жавобгарлик белгиланди.

Бундан ташқари, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 54-моддасига (Эпидемияларга қарши кураш қоидаларини бузиш)  қўшимчалар киритилиб, унга кўра карантинли ва инсон учун хавфли бўлган бошқа юқумли касалликлар пайдо бўлиши ҳамда тарқалиши шароитида ваколатли органнинг махсус талабларига зид равишда жамоат жойларида ниқобсиз бўлиши базавий ҳисоблаш миқдорининг беш бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади.

Таъкидлаб ўтиш лозимки, ушбу Қонун 2020 йил 27 март куни расмий эълон қилинган кундан эътиборан кучга кирди.

  Суриштирув ва маъмурий амалиёт бошқармаси

2.04.2020

Эшитиш учун матнни белгиланг ва ушбу тугмани босинг