Тадбиркорлар ва ТИФ
иштирокчилари учун доимий
ишонч телефони
11-08
Халқаро конвенциялар ва уларнинг миллий божхона тизимидаги аҳамияти
325
Сўнгги йилларда мамлакатимизда ташқи савдони янада эркинлаштириш, тадбиркорлик субъектларининг ташқи иқтисодий фаолиятда кенг иштирок этиши учун тенг ва қулай шароитлар яратиш ҳамда инвестицион жозибадорликни янада ошириш мақсадида тизимли равишда ислоҳотлар амалга оширилиб келинмоқда.
Халқаро конвенциялар ва уларнинг миллий божхона тизимидаги аҳамияти

Биргина божхона соҳасида ҳавфни бошқариш тизимининг ишга туширилиши, “Ягона дарча” божхона ахборот тизимининг амалиётга жорий этилиши натижасида божхона расмийлаштируви учун сарфланган вақтни бир неча баробарга қисқартиришга эришилди.

Шу билан бирга мамлакатимиз иқтисодиётини жаҳон ҳамжамияти билан самарали интеграциялашуви учун нафақат миллий қонунчиликни тизимли равишда такомиллаштириб бориш, балки халқаро шартнома ва конвенцияларга миллий манфаатларимиздан келиб чиққан ҳолда аъзо бўлиш зарурати туғилади.

Биз бугун амалиётда тобора кенг қўлланилиб келаётган товарларни вақтинча олиб кириш ва вақтинча олиб чиқиш операциялари ва ушбу жараёнларни божхона нуқтаи-назаридан тартибга солувчи халқаро меъёрий-ҳуқуқий ҳужжат ҳисобланган “Вақтинча олиб кириш тўғрисида”ги конвенция ҳақида фикр юритмоқчимиз. Таъкидлаш лозимки, Конвенция Жаҳон божхона ташкилоти ҳомийлигида, вақтинча олиб кириш бўйича барча халқаро ҳуқуқий ҳужжатларни унификация қилиш ва халқаро савдони ривожлантириш мақсадида 1990 йил 26 июнда Истанбул шаҳрида қабул қилинган бўлиб, мамлакатимиз ушбу конвенцияга Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 24 апрелдаги ПҚ-4694-сон Қарорига асосан аъзо бўлди.

Қарорда 2 ой муддатда конвенцияни қўллаш тартиби тўғрисидаги Низом қабул қилиниши белгиланганлигини инобатга олган ҳолда биз бугун ушбу конвенцияни қўллаш тартиби ҳақида эмас балки унинг мазмун-моҳияти борасида фикр юритишга ҳаракат қилдик.

Мамлакатимизнинг ташқи савдо айланмаси ортгани сари, ушбу жараёнларга ҳамоҳанг равишда товарларни турли мақсадларда (халқаро кўргазма ва ярмаркалар, турли лойиҳалар, техник-иқтисодий ва коммуникацион тизимларнинг асбоб-ускуналарини олиб ўтиш билан боғлиқ равишда) вақтинча олиб кириш ва вақтинча олиб чиқиш операциялари ҳам кўпаймоқда.

Бироқ, бугунги кунга қадар товарларни ушбу божхона режимларига расмийлаштириш йўналишидаги миллий қонунчилигимизни хорижий тажрибалар асосида такомиллаштиришни талаб этарди. Масалан:

- Божхона кодексида вақтинча олиб кириладиган товарларга қўйилган умумий талаблар келтириб ўтилган;

- олиб кирилаётган ва олиб чиқилаётган барча товарлар ТИФ божхона постларида декларацияланиши лозимлиги сабабли, ушбу жараён бир мунча узоқ вақт ва харажат талаб этади;

- вақтинча олиб кирилган товарлар учун даврий божхона тўловлари тўланмаган ёки тўлаш кечиктирилган тақдирда, қисқа муддатда ундириб олиш механизми мавжуд эмас;

- хорижий фуқаролар томонидан вақтинча олиб кирилган автотранспорт воситалари ўз вақтида олиб чиқилмаган тақдирда, уларни қидириб топиш ҳамда кечиктирилган (90 кундан ортиқ) кунлар учун белгиланган йиғимларни ундириб олиш кўп куч ва воситаларни тақозо этарди.

Юқоридагиларни инобатга олган ҳолда, “Вақтинча олиб кириш тўғрисида”ги (Истанбул, 26.06.1990 й.) конвенцияга аъзо бўлиш ҳамда унинг нормалари асосида “Carnet ATA” (барча турдаги товарлар учун)ва “Carnet СРD” (транспорт воситалари учун) тизимларини миллий қонунчилигимизга жорий этиш муҳим вазифа саналар эди.

Эндиликда ушбу конвенция қуйидаги афзалликларни тақдим этади:

- Жаҳон банки ва Халқаро молия корпорациясининг “Doing business” ва транспорт ҳамда логистика хизматлари бўйича баҳоловчи индексларида (LPI) Ўзбекистон Республикасининг рейтингини янада яхшилаш имкони туғилади;

- “Carnet ATA” ва “Carnet СРD” – бу божхона юк декларацияси ўрнини босувчи ва барча аъзо давлатлар ўртасида тан олинадиган халқаро миқёсдаги  ҳужжат бўлиб, бунда тегишли давлат миллий қонунчилигида назарда тутилган бошқа ҳужжат талаб этилмайди;

- товарлар бевосита чегара божхона постида божхона назорати ва расмийлаштирувидан ўтказиш орқали ушбу режимга жойлаштирилади;

Яъни, товарларни ТИФ божхона постига божхона назорати остида етказиб бериш ва ТИФ божхона постида тегишли расмийлаштирув жараёнлари ўтказилмаслиги ҳисобига, тадбиркорларнинг харажатлари ва вақти тежалади.

- вақтинча олиб кирилаётган товарлар бир йил муддатга импорт божлари, божхона тўловлари ва божхона йиғимларидан озод қилинади;

- барча аъзо давлатлар ҳудудида халқаро кафолатловчи ташкилот томонидан божхона тўловларининг тўланиши таъминланади;

- конвенция иловаларига мувофиқ вақтинча олиб кириладиган аксарият товарлар рўйхати тасдиқланган бўлиб, мазкур нормаларнинг бир хилда талқин этилишини таъминлайди;

Масалан: Конвенциянинг В1 иловаси билан ярмарка, кўргазма, конгресс учун олиб кириладиган товарлар, В2 иловаси билан касбга оид технологик
асбоб-ускуналар, В3 иловаси билан ташқи савдо операциялари жараёнида юкларнинг контейнер, паддон, упаковкалари) рўйхати тасдиқланган.

- олиб кирилаётган автотранспорт воситаларини божхона ҳудудида қолдириб кетиш билан боғлиқ қонунбузилиши ҳолатларини олдини олиш имкони яратилади.

- “Carnet ATA” ва “Carnet СРD” воситасида олиб ўтиладиган товарлар бутун ёки бир нечта партияларда олиб чиқиб кетилиши ва олиб кириш мумкин бўлади.

Қарорда, вақтинча олиб кириш тўғрисидаги ҳужжатларни бериш учун масъул бўлган ҳамда вақтинча олиб кириш шартлари бузилган тақдирда божхона тўловлари тўланишини кафолатлайдиган ваколатли ташкилот этиб Ўзбекистон Республикаси Савдо-саноат палатаси ва мазкур халқаро шартномани амалга ошириш учун масъул бўлган ваколатли орган этиб Давлат божхона қўмитаси белгиланган.

29.04.2020

Эшитиш учун матнни белгиланг ва ушбу тугмани босинг