Тадбиркорлар ва ТИФ
иштирокчилари учун доимий
ишонч телефони
11-08
Божхона соҳасининг ривожланиш тарихи
223
Мозийга назар солсак ҳар бир соҳанинг ўз келиб чиқиш тарихи борлигига гувоҳ бўламиз. Дастлаб инсонлар минг йиллар давомида деҳқончилик, чорвачилик, овчилик билан кун кўрган. Тараққиётнинг кейинги босқичларида эса янгидан-янги соҳалар пайдо бўлиб борган.

Биз бугун ана шундай қадимий соҳалардан бири бўлган божхона иши ва унинг ривожланиш босқичларига тўхталиб ўтишни мақсад қилдик.

Тарихий манбаларга кўра, божхона ишининг дастлабки элементлари эрамиздан олдинги 2-3 минг йилликлардан шакллана бошланган. Ўша пайтларда давлатлар ўртасида савдо алоқалари ривожлана бошлаган. Бироқ, вақт ўтгани сари маҳсулотлар ортилган карвонларни қароқчилар томонидан талаш ҳолатлари кўпайган. Аксарият ҳолларда мол-мулклар тўлиқ тортиб олиниб, карвон эгалари ўлдирилган. Бунинг оқибатида савдо карвонлари камайиб, давлатлараро муносабатларга путур ета бошган. Шу сабабли савдо карвонларини ҳимоя қилиш ва савдо алоқаларини тиклаш мақсадида хукмдорлар томонидан карвонларга махсус қуролланган қўриқчилар ажратилган. Аммо қўриқчиларни қуроллантириш, маош тўлаш ва бошқа зарур харажатларни қоплаш давлат хазинасига жуда қимматга тушар эди. Шу сабабли ушбу сарф-ҳаражатларни қоплаш учун савдогарлардан махсус йиғимлар ундирила бошланган.

Бундан ташқари карвонларнинг маълум бир ҳудуддан ўтгани учун ҳам тўловлар ундирила бошланган. Бу каби тўловлар эса божнинг дастлабки кўринишлари бўлган.

Кейинчалик, мамлакатлар ўз ғазнасини тўлдириш учун бож тўловларининг бир неча турларини жорий этганлар. Масалан, эрамиздан  аввалги 3-2 минг йилларда Ассирия подшоҳи Ашшур фармон чиқариб, савдога олиб келинган барча товарлар учун бож жорий этган ва у “Ашшур божи” номи билан тарихга кирган.

Ўз навбатида, бож салмоғи ошгани сари товарларни яширинча олиб ўтиш авж олган. Контрабандага қарши кураш ҳам айни ўша пайтларда вужудга келган.

Божлар асосан денгиз портлари ва бозорларда йиғилган. Секин аста ушбу божларни йиғувчи махсус шахслар пайдо бўлган.

Ватанимиз мустақилликка эришгач, 1991 йилнинг сентябрида Республика Ички ишлар вазирлиги ҳузурида “Ўзбекистон Республикаси ҳудудидан товар-моддий бойликларнинг ноқонуний олиб чиқиб кетилишининг олдини олиш бўйича Инcпекция” ташкил этилди. Сабаби - эндигина мустақил бўлган давлат ҳудудий чегараларининг очиқлиги ва назоратнинг йўқлигидан фойдаланиб, кўплаб зарур истеъмол товарлари ташиб олиб чиқиб кетила бошланган эди.

1997 йил 8 июль санасида эса Давлат божхона қўмитаси қайта ташкил этилиб, божхона органларига “Ҳуқуқни муҳофаза қилувчи орган” мақоми берилди.

2018 йил 22 декабрда Ўзбекистон божхонаси учун яна бир тарихий қонун қабул қилиниб, 26 январь мамлакатимизда давлат божхона хизмати органлари ходимлари куни этиб белгиланди.

Божхона органларига Ўзбекистон Республикаси Давлат божхона қўмитаси, Давлат божхона қўмитасининг Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар, Тошкент шаҳар бўйича бошқармалари, “Тошкент-АЭРО” ихтисослаштирилган божхона комплекси, божхона постлари, Божхона институти, шунингдек Миллий кинология маркази киради.

Ҳозирда республикамизда 57 та чегара ҳамда 53 та ташқи иқтисодий фаолият божхона постлари фаолият юритмоқда.

Р.S: Мақолада “Божхона ишига кириш” дарслигидаги маълумотлардан фойдаланилди.

 

5.05.2020

Эшитиш учун матнни белгиланг ва ушбу тугмани босинг