Тадбиркорлар ва ТИФ
иштирокчилари учун доимий
ишонч телефони
11-08
Шерободдаги мактаблардан бирига қаҳрамон божхоначи бюсти ўрнатилди
254
Яқинда Шеробод туманида хушхабар тарқалди - қаҳрамон божхоначи Ботир Давлатов ўқиган “Пошхурт” маҳалласидаги 33-сонли умумтаълим мактаби ҳовлисига эса унинг мардонавор қиёфаси акс этиб турган зарҳал бюсти ўрнатилди.
Шерободдаги мактаблардан бирига қаҳрамон божхоначи бюсти ўрнатилди

Шу муносабат билан ташкил этилган хотира тадбирида Сурхондарё вилояти божхона бошқармаси ходимлари, туман фаоллари иштирок этиб, Ботир Давлатов хотираси ва босиб ўтган ёрқин хаёт йўлини ёдга олишди. Шу куни Ботир Давлатовнинг хотира бюсти пойи гулларга тўлди.

Эндигина 28 ёшни қаршилаган Ботир Давлатов 1998 йилнинг 18 февраль куни хизмат вазифасини бажараётган вақтида “Оқтош” божхона постида содир бўлган отишмада ҳалок бўлди.

- Ўғлим Ботиржон, - дея кўзларига ёш олиб, ўз фарзандини хотирлайди Ҳайитой ая Қурбонова, - Болалигидан жуда меҳнатсевар, меҳрибон ва оқкўнгил инсон эди. У ёрдам сўраб келган муҳтож инсонлардан ҳеч қачон ёрдамини аямас эди. Хизматдан бўш вақтларида бекор юрмасди. Чорвачилик ва деҳқончилик билан шуғулланарди. Боғдорчиликни ҳам ёқтирарди. Турли дарахт ва гулларни экиб, уларни парвариш қиларди. Унинг Сайроб қишлоғида яратган боғи ҳануз бизга уни эслатиб туради.

Ботир Давлатовнинг орзуси – Ўзбекистон Республикасининг буюк келажагини кўриш ва юртимиз мустақиллигини мустаҳкамлаш ишига ўз ҳиссасини қўшиш эди.

Мактаб даврида бир партада ўтирган синфдош дўсти Тўйчибой Пардаев шундай хотирлайди.

- Ботир менинг энг яқин ўртоғим эди, у билан бирга ўтган ёшлик даврларим хануз ёдимда. Мактабда талим олиш даврида у хаммаиздан уз билими ва ўткир зехни билан бошқа боларардан ажралиб турарди. Мен ва синфдошларимиз унга хавас қилардик. Хеч кимдан ёрдамини аямасди.

Ботир Давлатовнинг устозлари Маҳмуд Ўзбеков,  Жўрабой Бурхонов, Соля Ибрагимова, Салимжон Ўроқов, Хуррам Қултўраевларнинг хотираларида ҳам қаҳрамон божхоначи ҳақида фақат эзгу ва илиқ фикрларни тингладик.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 1998 йил 27 августдаги Фармонига асосан Ботир Давлатов вафотидан сўнг “Жасорат” медали билан тақдирланди. Ҳозирда Шеробод туманидаги кўчаларнинг бирига ҳам Ботир Давлатов номи берилган.

Отаси изидан боришга аҳд қилган қизи Сабогул Маматқулова эса Давлат божхона қўмитаси Божхона институтига имтиёзли равишда ўқишга қабул қилинган.

Сурхондарё вилояти

божхона бошқармаси

Ахборот хизмати

7.05.2020

Эшитиш учун матнни белгиланг ва ушбу тугмани босинг