Тадбиркорлар ва ТИФ
иштирокчилари учун доимий
ишонч телефони
11-08
Сурхондарёда ташқи савдо кўлами ошмоқда
147
Ўзбекистон ўз иқтисодиётини ривожлантиришда интеграциянинг янгича концепцияси асосида иш кўрмоқда. Бундан кўзланган мақсад ташқи иқтисодий сиёсатда марказий ўрин эгаллаш учун ўзбек экспортини янги босқичга кўтариш, яъни халқаро ишлаб чиқариш билан инвестицион ҳамкорлик қилиш ҳамда бу борада инновацион лойиҳаларни биргаликда амалга оширишдан иборатдир.
Сурхондарёда ташқи савдо кўлами ошмоқда

Бу бизга қандай наф келтиради, дейишингиз мумкин. Бундай ҳамкорлик айнан мамлакатга валюта киришига, унда ишлаб чиқариладиган маҳсулотларнинг сифати яхшиланиб, экспорт салоҳияти ошишига олиб келади. Табиийки, бу аҳолининг ҳам турмуши яхшиланишига хизмат қилади.

Яқин ва қўшни давлатлар билан интеграцияни тезлаштириш келгусида Ватанимиз иқтисодиётини кўтариш учун янада қулай имкониятларни яратади. Ҳозир Ўзбекистон Россия, Беларусь, Украина, Озарбайжон, Марказий Осиё мамлакатлари билан яхши савдо-сиёсий алоқалар ўрнатган. Шунинг шарофати ўлароқ, юртимизда кўплаб қўшма корхоналар ишлаб турибди.

Барчамизга маълумки, Сурхон воҳаси ҳам учта қўшни давлат билан чегарадош бўлиб, халқаро транзит ташувларини амалга оширишда қулай жойда жойлашган ҳудуд ҳисобланади. Шу боис, вилоятимизда етиштирилаётган маҳсулотлар экспортининг салоҳияти ортиб бормоқда. Мисол учун, пандемия сабаб эълон қилинган карантин даври бўлишига қарамай, айни пайтда воҳамизда экспорт ҳажми яна юқорилаганини кўришимиз мумкин. 

Хусусан, жорий йилнинг 4 ойи давомида Сурхондарё вилоятидан рўйхатдан ўтган ҳудудий ва тармоқ корхоналари томонидан қиймати  66,8 миллион АҚШ долларига тенг бўлган 94,6 минг тонна товарлар экспорти амалга оширилди. Бу эса ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 920,6 минг АҚШ долларига ёки 1,4 фоизга кўпайганини ифодалайди.

Экспорт қилинган маҳсулотларнинг асосий қисмини ип-калава, ловия, мош, карам, кўкатлар, пиёз ва помидор каби қишлоқ хўжалик маҳсулотлари ташкил этади. Шундан вилоятдан экспорт қилинган мева-сабзавот маҳсулотлари экспорти 33,1 миллион АҚШ долларига тенг.

Маҳсулотлар асосан, Хитой Халқ Республикаси, Афғонистон, Покистон, Қирғизистон ҳамда Россия Федерациясига экспорт қилинган.

Рақамлардан кўриниб турибдики, вилоятнинг экспорт салоҳияти пандемия шароитида ҳам ўсишга эришган. Мазкур ижобий ўсишларга вилоят божхона бошқармаси ҳам ўз ҳиссани қўшмоқда. Ҳозирда, бошқарманинг “Термиз”, “Денов”, “Жарқўрғон”, “Дарё порти” ташқи иқтисодий фаолият божхона постлари томонидан экспорт қилинаётган товарларнинг божхона расмийлаштируви куннинг исталган вақтида қисқа фурсатларда карантин қоидаларига тўлиқ риоя қилган ҳолда амалга оширилмоқда. Бундан ташқари, вилоят божхона бошқармаси раҳбарияти ва божхона постлари томонидан доимий тарзда “Божхоначи – тадбиркор таянчи” шиори остида, тадбиркорлар билан телефон орқали ҳамда масофадан туриб мулоқотлар ўтказилиб, ваколат доирасида амалий ёрдам кўрсатилаяпти.

Сурхондарёда “Бойсун фарм” ва “Термиз” эркин иқтисодий зоналари, шунингдек, 1 та “Термиз карго центр” логистика маркази фаолият юритмоқда. Уларнинг фаолиятидан кўзланган мақсад хориж инвестицияларини жалб этган ҳолда ҳудудда экспортбоп маҳсулотларни ишлаб чиқариш ва маҳаллий ишбилармонлар, чет эллик тадбиркорлар учун қулай муҳит яратишдан иборатдир.

 Феруза РАҲМОНҚУЛОВА,

“Сурхон тонги” мухбири,

Шохруз ЎРОЛОВ,

Сурхондарё вилояти божхона бошқармаси Ахборот хизмати ходими

11.05.2020

Эшитиш учун матнни белгиланг ва ушбу тугмани босинг