Тадбиркорлар ва ТИФ
иштирокчилари учун доимий
ишонч телефони
11-08
Товарларни олиб ўтиш мақсадини аниқлаш тартиби белгиланди
552
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан 2020 йил 12 май куни “Жисмоний шахслар томонидан Ўзбекистон Республикаси божхона чегараси орқали товарларни олиб ўтиш мақсадини аниқлаш тартиби тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида” 281-сон қарори қабул қилинди.

Қарор Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 7 ноябрдаги “Жисмоний шахслар томонидан шахсий эҳтиёжлари учун товарларни олиб ўтиш тартибини янада такомиллаштириш тўғрисида”ги ПҚ-4508-сон қарори ижросини таъминлаш, шунингдек, жисмоний шахслар томонидан Ўзбекистон Республикаси божхона чегараси орқали товарларни олиб ўтиш мақсадини аниқлаш жараёнларини самарали тартибга солиш мақсадида қабул қилинди.

Қарор билан жисмоний шахслар Ўзбекистон Республикаси божхона чегараси орқали товарларни олиб ўтиш мақсадини аниқлаш тартиби тўғрисидаги Низом тасдиқланди.

Мазкур тартиб

- Ўзбекистон Республикаси божхона чегараси орқали товарларни жисмоний шахслар томонидан олиб ўтиш мақсадини аниқлаш борасида ушбу жисмоний шахсларни божхона чегарасини кесиб ўтишда божхона назоратидан ўтказиш тартиботларини соддалаштириш,

- божхона органларининг ўз хизмат вазифаларини бажаришида қонунийлик, очиқлик, шаффофликни, фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини ишончли ҳимоя қилиш кафолатларини таъминлашнинг ҳуқуқий механизмларни янада такомиллаштиришни назарда тутади.

Низомда шахсий эҳтиёжлар учун товарлар ва тижорат мақсадлар учун товарлар тушунчасига изоҳ берилган.

Шахсий эҳтиёжлар учун товарлар – жисмоний шахслар томонидан божхона чегараси орқали олиб ўтиладиган шахсий, оилавий (ота-онаси, турмуш ўртоғи ва фарзандлари) эҳтиёжлари учун мўлжалланган

ҳамда тадбиркорлик ёки бошқа тижорат фаолиятини амалга ошириш билан боғлиқ бўлмаган товарлар;

Тижорат мақсадлар учун товарлар – божхона чегараси орқали олиб ўтиладиган ишлаб чиқариш, тадбиркорлик ёки бошқа тижорат фаолияти учун мўлжалланган товарлар.

Низомга кўра жисмоний шахслар томонидан божхона чегараси орқали олиб ўтиладиган товарлар шахсий эҳтиёжлар учун товарлар тоифасига жисмоний шахс (ўн олти ёшга тўлмаган жисмоний шахслар томонидан олиб ўтиладиган товарларни уларни кузатиб бораётган шахс) томонидан декларациялаш йўли орқали киритилади.

Мазкур Низом қоидалари

- маълум тоифадаги шахслар (халқаро ташишлар билан банд бўлган ҳайдовчилар, хизмат сафари бўйича ҳаракатланаётган шахслар ва делегация аъзолари),

хорижий давлатлардан Ўзбекистон Республикасига доимий яшаш учун кўчиб келаётган шахслар томонидан олиб ўтиладиган товарларга нисбатан татбиқ этилмайди. 

Жисмоний шахслар томонидан божхона чегараси орқали товарларни олиб ўтиш мақсадини божхона органининг мансабдор шахси

  • товарларнинг миқдори,
  • товарларнинг хусусияти,
  • товарларни олиб ўтилишининг такрорийлиги,
  • сафарнинг ҳолатлари,
  • божхона чегараси орқали олиб ўтиладиган товарлар жисмоний шахс ва унинг оила аъзолари шахсий эҳтиёжлари учун мўлжалланганлигини инобатга олиб,

хавфни бошқариш тизими қўлланилган ҳолда аниқлайди.

Чегара божхона постлари орқали товарларни олиб ўтишда

 Божхона органи мансабдор шахси чегара божхона постлари орқали товарларни олиб ўтишда товарнинг олиб ўтиш мақсадини аниқлаш тўғрисида қарор қабул қилишда қуйидаги мезонларга асосланади:

- товар хусусияти – товарнинг истеъмол хусусиятлари, унинг тижорат мақсадида фойдаланиш билан боғлиқ бўлмаган, шахсларнинг шахсий, оилавий ва маиший эҳтиёжларини қондириш учун мўлжалланганлиги инобатга олинади;

- товарларнинг миқдори – товарларни олиб ўтаётган жисмоний шахс ва унинг оила аъзолари эҳтиёжларидан ортиқ миқдордаги бир турдаги (бир номда, бир ўлчамдаги, бир шакл ҳамда рангда ва бошқалар) товарларга, агар товарларни олиб ўтаётган шахс аксини исботлаб бермаса, тижорат мақсадида фойдаланиш учун олиб кирилаётган товарлар деб эътироф этилади;

- товарларни олиб ўтишнинг такрорийлиги – айни бир шахс томонидан бир турдаги товарларнинг оз миқдорда бўлсада бир неча бор олиб кирилишига, агар товарларни олиб ўтаётган шахс аксини исботлаб бермаса, тадбиркорлик фаолиятида фойдаланиш учун товарларни олиб кириш деб эътироф этилади. Чегара хизмати органлари томонидан фуқаролик паспортига қўйиладиган белги (штамп) Ўзбекистон Республикаси Давлат чегарасидан ўтказиш пунктидан ўтиш такрорийлигини аниқлаш учун асос ҳисобланади;

- сафарнинг ҳолатлари – сафарнинг мақсади ва давомийлиги, келиш давлати инобатга олинади;

- бошқа ҳуқуқ-тартибот органларидан товарлар ва уларни олиб ўтаётган шахслар тўғрисида келиб тушган маълумотлар.

Товарнинг олиб ўтиш мақсадини аниқлаш тўғрисида қарор қабул қилишда оила таркиби (товарларни олиб ўтаётган шахс томонидан тасдиқланган тақдирда), кўрсатиб ўтилган товар турларига шахснинг одатий эҳтиёжи ва олиб ўтиладиган товарлар турлари ҳам инобатга олинади.

Халқаро почта ва халқаро курьерлик жўнатмалари орқали, шу жумладан хорижий давлатларнинг интернет-дўконларида харид қилинган товарларни олиб ўтишда

Божхона органи мансабдор шахси халқаро почта ва халқаро курьерлик жўнатмалари орқали, шу жумладан хорижий давлатларнинг интернет-дўконларида харид қилинган товарларни олиб ўтишда товарнинг олиб ўтиш мақсадини аниқлаш тўғрисида қарор қабул қилишда қуйидаги мезонларга асосланади:

- халқаро почта ва халқаро курьерлик жўнатмалари олувчининг ёши унинг манзилига жўнатилган товарларнинг хусусиятлари билан мувофиқлиги;

- бир манзил бўйича яшовчи бир ёки бир неча жисмоний шахс томонидан олиб ўтиладиган бир хил турдаги товарларни олиб ўтишнинг такрорийлиги;

- декларацияда кўрсатилган товарларни қабул қилувчи манзилнинг жисмоний шахс ҳақиқатда рўйхатдан ўтган жойи билан фарқлилиги.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Жисмоний шахслар томонидан божхона чегараси орқали товарларни олиб ўтишни янада тартибга солиш чора-тадбирлари тўғрисида” 2018 йил 6 февралдаги
ПҚ–3512-сон қарорига 1-иловада назарда тутилган божхона тўловлари ундирилмайдиган айрим турдаги товарлар олиб ўтилганда,
шу билан бирга, жисмоний шахслар томонидан тадбиркорлик ёки бошқа тижорат мақсадларида товарлар божхона чегараси орқали олиб ўтилганда уларнинг миқдори олиб кириш меъёрлардан ортган тақдирда, уларга нисбатан божхона қонун ҳужжатларида белгиланган божхона расмийлаштирувининг умумий қоидалари олиб ўтилаётган товарларнинг умумий миқдорига нисбатан қўлланилади.

Божхона ҳудудига кузатиб борилаётган ва (ёки) кузатиб борилмаётган багажларда товарларни олиб ўтишда

Ўзбекистон Республикаси божхона ҳудудига кузатиб борилаётган ва (ёки) кузатиб борилмаётган багажларда шахсий эҳтиёжлар учун бўлган товарларнинг олиб кириш чекланган нормалари, йўналиш ва етиб бориш манзилида зарур ҳамда илгари фойдаланишда бўлган шахсий эҳтиёжлар учун мўлжалланган товарларни ҳисобга олмаган ҳолда қуйидаги мезонлар асосида аниқланади:

- йўналиш ва (ёки) етиб бориш манзилида анъанавий (одатда) тартибда фойдаланиш амалиёти, шу билан бирга мавсумийлигини,

- саёҳат мақсадини, транспорт турини, божхона чегарасидан ўтиш такрорийлиги;

- эскириш ва бошқа ишлатилганлик белгилари (қирилиш, букилиш ва бошқа механик шикаст) мавжудлиги;

- биркалар, ёрлиқлар, ишлаб чиқарувчи ўрови йўқлиги;

- товарларни одатий тартибда фойдаланиш учун етарли бўлган даражада битта ёки бошқа миқдорда, шу жумладан мавсумийлигини, саёҳат мақсадини, транспорт турини, йўналиш давомида ёки етиб бориш манзилида объектив заруратлилиги.

Жисмоний шахс божхона органи мансабдор шахсининг божхона чегараси орқали товарларни олиб ўтиш мақсадини аниқлаш бўйича қабул қилган қарори юзасидан қонунчиликда белгиланган тартибда юқори турувчи мансабдор шахсга ҳамда судга шикоят билан мурожаат қилиши мумкин.

Жисмоний шахслар томонидан Ўзбекистон Республикаси божхона чегараси орқали товарларни олиб ўтиш мақсадини аниқлаш тартиби  тўғрисидаги Низом қоидалари жисмоний шахслар томонидан шахсий эҳтиёжлари учун товарларни олиб ўтишда икки йўлакли тизимдан фойдаланганда ҳам қўлланилади.

Жисмоний шахслар томонидан шахсий эҳтиёжлари учун товарларни “яшил” йўлак орқали олиб ўтилишининг қонунийлиги назорати божхона органларининг мансабдор шахслари томонидан танлов асосида (объектлар танлови ва (ёки) уларни назорат қилиш усуллари) ва ушбу Низомда белгиланган шартларга риоя этилмаган ҳолларда амалга оширилади.

Қарор расмий эълон қилинган кундан эътиборан уч ой ўтгач, яъни 2020 йилнинг 14 августидан кучга киради.

14.05.2020

Эшитиш учун матнни белгиланг ва ушбу тугмани босинг