Тадбиркорлар ва ТИФ
иштирокчилари учун доимий
ишонч телефони
11-08
Темир йўл транспорти йўловчиси 1.5 дақиқа ичидан божхона назоратидан ўтказилади
318
Темир йўл транспорти йўловчиларининг қўл юкини, багажини, валютасини ва валюта бойликларини божхона назоратидан ўтказиш ва расмийлаштириш тартиби тўғрисидаги низом тасдиқланди ва Адлия вазирлиги томонидан 2020 йил 2 май куни 3233 рақам билан рўйхатга олинди.

Мазкур Низом Ўзбекистон Республикасининг Божхона кодексига мувофиқ темир йўл транспортида Ўзбекистон Республикаси божхона чегарасини кесиб ўтаётган вагон кузатувчилари ҳамда йўловчиларнинг қўл юки, багажи, валюта ва валюта қимматликларини божхона назоратидан ўтказиш ва расмийлаштириш тартибини белгилайди.

Низомга кўра, темир йўл вокзаллари ва темир йўл станцияларида божхона назорати зоналари белгиланади.

Божхона назорати зонасига йўловчиларни киритиш (божхона назорати зонасидан йўловчиларни чиқариш) уларда шахсни тасдиқловчи ҳужжат ва чипта ҳамда Йўловчи божхона декларациясини тўлдириш ва расмийлаштириш тартиби тўғрисидаги йўриқномада (рўйхат рақами 2606, 2014 йил 5 август) назарда тутилган ҳолларда белгиланган тартибда тўлдирилган (расмийлаштирилган) йўловчи божхона декларацияси мавжуд бўлган тақдирда қатъий равишда божхона расмийлаштирувининг белгиланган жойларида амалга оширилади.

Темир йўл станцияси ходимларининг божхона назорати зонасига кириши ҳамда йўловчи ташиш поездларини қабул қилиш, жўнатиш, уларни техник кўрикдан ўтказиш ва йўловчиларга хизмат кўрсатиш билан боғлиқ бўлган мажбуриятларини бажариши божхона органига темир йўл станцияси маъмурияти томонидан тақдим этилган ходимлар рўйхатлари асосида амалга оширилади.

Темир йўл станцияси ходимлари божхона назорати зонасига тегишли гувоҳномалар ва кўкрак белгиларини кўрсатган ҳолда хизмат йўли орқали киритилади.

Ўзбекистон Республикасидан жўнаб кетаётган ва Ўзбекистон Республикасига кириб келаётган йўловчилар, уларнинг қўл юки, багажи, валюта ва валюта қимматликларини божхона назоратидан ўтказиш ва расмийлаштириш божхона назорати зонасидаги махсус хоналарда (кўрикдан ўтказиш жойлари) ёки йўловчи ташиш поездларида уларнинг тўхтаб туриш вақтида амалга оширилади.

Йўловчилар, уларнинг қўл юки, багажи, валюта ва валюта қимматликларини божхона назоратидан ўтказиш ва расмийлаштириш темир йўл маъмурияти билан келишилган ҳолда темир йўл вокзаллари ёки Давлат чегарасида жойлашган темир йўл станцияларида амалга оширилиши мумкин.

Йўловчиларнинг қўл юки, багажи, валюта ва валюта қимматликларини божхона кўздан кечируви ва божхона кўриги учун мазкур Низомда белгиланган вақт меъёрларидан келиб чиққан ҳолда, божхона назорати ва расмийлаштирувидан сифатли ва ўз вақтида ўтказиш мақсадида божхона органлари темир йўл станцияси (вокзали) маъмурияти билан биргаликда ўзаро ҳаракат тартибини белгилайдилар. Бунда ушбу тартиб қуйидаги талабларни ўз ичига олиши лозим:

а) Давлат чегарасида жойлашган темир йўл станцияларида божхона назорати ва расмийлаштирувини амалга ошириш учун туриш давомийлиги божхона органлари билан келишилган ҳолда темир йўл станцияси маъмурияти томонидан белгиланади. Бунда ўтказиш пунктларида божхона назорати ва расмийлаштируви йўловчи ташиш поездининг темир йўл станциясига кириб келиши вақтида бошланиши ва унинг ҳаракатланиш графигига кўра жўнаб кетишига 5 дақиқа қолганида тугаши лозим. Бу ҳақда йўловчи ташиш поездининг бригадири ёки темир йўл вокзалларида, станцияларида ва темир йўл чипталарини сотиб олиш вақтида йўловчилар огоҳлантирилади;

б) темир йўл вокзали ходимлари ва йўловчи ташиш поезди бригадаси аъзолари божхона органлари томонидан тақдим этилган маълумотлар асосида темир йўл вокзали ва йўловчи ташиш поездларида йўловчиларга келгусидаги божхона назорати ва божхона расмийлаштирувини амалга оширишнинг тартиблари (шу жумладан, бошланиш вақти) тўғрисида хабардор этилади.

Темир йўл транспорти йўловчиларининг қўл юкини, багажини, валютасини ва валюта бойликларини божхона назоратидан ўтказиш ва расмийлаштириш тартиби тўғрисидаги низомга кўра

божхона кўздан кечируви ва божхона кўриги учун белгиланган вақт меъёрлари, бунда:

  • битта йўловчининг қўл юки, багажи, валюта ва валюта қимматликларининг божхона кўриги, божхона кўздан кечируви ҳамда йўловчи божхона декларациясини расмийлаштириш вақти 1,5 дақиқа ичида амалга оширилади,
  • зарур ҳолларда мазкур муддат божхона органи томонидан 5 дақиқагача узайтирилиши мумкин;
  • йўловчини шахсий кўрикдан ўтказиш вақти 30 дақиқа ичида;
  • битта багажнинг божхона кўриги ва (ёки) божхона кўздан кечируви 10 дақиқа ичида
  • алоҳида кузатиб бориладиган (багаж, почта ва (ёки) почта-багаж вагонларидаги) багажни — 30 дақиқа ичида амалга оширилади.

Божхона кўриги ва/ёки божхона кўздан кечирувининг амалга ошириш давомийлиги ҳуқуқбузарлик ҳолати аниқланганда темир йўл станцияси навбатчиси билан келишилган ҳолда узайтирилиши мумкин.

Йўловчиларнинг божхона назорати йўловчи божхона декларацияси (Йўриқномада тўлдирилиши мажбурий ҳисобланган ҳолларда), шахсни тасдиқловчи ҳужжат ва чипта асосида амалга оширилади. Шахсни тасдиқловчи ҳужжатсиз ҳаракатланаётган йўловчиларнинг божхона чегарасини кесиб ўтишига йўл қўйилмайди.

Божхона назорати ва расмийлаштирувидан ўтган йўловчилар ўтиб кетаётган йўловчи ташиш поезди темир йўл станциясига келгунига қадар божхона назорати зонасида бўлади ва божхона назорати зонасини асоссиз тарк этишга йўл қўйилмайди.

Қўл юкини йўловчилар учун мўлжалланган жойларга, шунингдек ўтирғичлар ўртасидаги ўтиш жойлари, йўлаклар, вагон майдончалари (тамбурлар)га жойлаштиришга йўл қўйилмайди.

Багаж йўловчининг чиптасига кўра борадиган манзилидан узоқ бўлмаган жойгача ҳамда багажни қабул қилиб олиш ва топшириш бўйича операцияларни амалга оширадиган темир йўл станциясигача ташилади.

Қўл юки сифатида кўздан кечиришдан ўтмаган ҳамда вагон ва йўловчиларга зарар етказиши ёки уларни ифлослантириши мумкин бўлган буюмлар, шунингдек қонун ҳужжатларида белгиланган хавфли моддалар ва буюмлар рўйхатига киритилган буюмларнинг йўловчи томонидан ташилишига йўл қўйилмайди.

Божхона назорати ва расмийлаштирувини амалга оширишда темир йўл маъмурияти ва унинг ходимлари божхона органлари тақдим этган маълумотларга кўра Ўзбекистон Республикаси ҳудудидан чиқиб кетаётган йўловчилар учун қўл юки, багажи, валюта ва валюта қимматликларини расмийлаштириш тартиби тўғрисидаги ахборот кўрсатилган эслатмалар ишлаб чиқилади ва ахборот пештахталарига жойлаштирилади.

Бунда,

  • чипталарни сотиш жойларида, темир йўл вокзаллари ва темир йўл станцияларида йўловчиларни бу тўғрисида хабардор бўлишини;
  • йўловчиларнинг валютаси, валюта қимматликлари ва қўл юкини божхона назоратидан ўтказишни амалга ошириш учун йўловчи поездларининг Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 1998 йил 24 ноябрдаги 489-сон қарорининг 1-иловасида кўрсатилган темир йўл станцияларида келишилган ҳаракат жадвалига мувофиқ йўловчи ташиш поездларининг тўхташини;
  • хорижга чиқиб кетаётган ва хориждан кириб келаётган темир йўл таркибини божхона кўздан кечирувидан ўтказиш учун темир йўл станцияси ёки вокзалидаги божхона назорати зонасига етказилишини;
  • йўловчиларнинг қўл юки ҳамда багажига асосли шубҳа туғилганда, шунингдек йўловчи поезд таркибида эгасиз (тегишли ҳужжати бўлмаган) тижорат товарлари мавжудлиги аниқланганда, бу тўғрисида божхона органи ходимлари хабардор қилинишини;
  • бир вақтнинг ўзида битта темир йўл станциясига икки ва ундан ортиқ поезд таркибининг кириб келиши ёки чиқиб кетишини истисно қиладиган йўловчи ташиш поездларининг ҳаракат жадвали ишлаб чиқилишини;
  • кўзда тутилмаган тўхташларни ва тезликнинг камайишини истисно қиладиган чораларни (бундан енгиб бўлмас куч ҳолатлари мустасно) кўришни;
  • йўловчи ташиш поездлари ҳаракатланганда йўловчиларнинг тушиб қолиши (чиқиб олиши) ва товарларнинг юклаб ортилишига (юклаб туширилишига) йўл қўймасликни;
  • темир йўл станцияси ёки темир йўл вокзалидаги божхона назорати зонасида банк хизматлари ва валюта айирбошлаш учун алоҳида хоналар ажратишни;
  • темир йўл вокзали ва станцияларида йўловчилар оқимидан келиб чиқиб, йўловчилар учун юк ташувчилар ва перрон назоратчилари сифатли хизмат кўрсатишини ташкиллаштиришни;
  • йўловчилар томонидан ташилаётган қўл юки ва багажини тортиш учун темир йўл станциялари ва вокзалларида тарозилар ўрнатилиши ҳамда ушбу тарозилардан бепул фойдаланилишини;
  • йўловчиларнинг қонун ҳужжатларида белгиланган нормадан ортиқча қўл юкини ташиш учун йўловчи ташиш поездлари таркибига қўшимча багаж вагонлари киритилишини таъминлаши шарт.

Мазкур Низом 2020 йил 2 майдан эътиборан кучга кирди.

 

14.05.2020

Эшитиш учун матнни белгиланг ва ушбу тугмани босинг