Тадбиркорлар ва ТИФ
иштирокчилари учун доимий
ишонч телефони
11-08
Божхона чегарасидан олиб ўтилаётган автотранспорт воситаларини божхона расмийлаштирувидан ўтказишнинг янги тартиби муҳокамага қўйилди
125
Ўзбекистон Республикаси Давлат божхона қўмитаси томонидан Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари муҳокамаси порталида “Божхона чегарасидан олиб ўтилаётган автотранспорт воситаларини божхона расмийлаштирувидан ўтказиш тартиби тўғрисидаги низомга ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш ҳақида”ги ҳужжат лойиҳаси эълон қилинди.

Сўнгги вақтларда қўшни давлатларда рўйхатга олинган автотранспорт воситалари, шу жумладан автобуслар Ўзбекистон Республикаси ҳудудига тадбиркорлик субъектлари ўртасида имзоланган шартномалар доирасида таъмирлаш, қайта тиклаш ва таркибий қисмларини алмаштириш мақсадларида олиб кирилмоқда.

Бу каби ҳолатларда автотранспорт воситаси автотранспорт воситаси хорижий давлатларда рўйхатга олинганлиги сабабли унга чегара божхона постлари томонидан “Автотранспорт воситасини қайтариб олиб чиқиш тўғрисида мажбуриятнома”лар расмийлаштиришга тўғри келмоқда. Бу эса ўз навбатида автотранспорт воситасини ТИФ божхона постига етиб бормаслиги ҳамда уни (товар) тегишли божхона режимига расмийлаштирилмай қолишига сабаб бўлиши мумкин.

Юқоридагиларни инобатга олган ҳолда, амалиётда мавжуд муаммодан келиб чиқиб, Низомдаги “хорижий автотранспорт воситалари” тушунчасига қўшимчалар киритилмоқда.

Бугунги кунда исталган божхона постида “Автотранспорт воситасини қайтариб олиб чиқиш тўғрисида мажбуриятнома”нинг нусхасини чиқариб олиш имконияти мавжудлиги ҳамда ушбу хужжатнинг электрон нусхаси “Авто” ЯААТда сақланишини инобатга олган ҳолда, кириш божхона постида хужжатнинг қоғоз нусхасини сақлаш амалиёти бекор қилинмоқда.

Шунингдек, мамлакатимизга кириб келаётган хорижий давлат фуқароларига қулайликлар яратиш мақсадида, “Автотранспорт воситасини қайтариб олиб чиқиш тўғрисида мажбуриятнома”нинг давлат (ўзбек), рус ва ингилиз тилларидан бирида чоп этиш имконияти яратилмоқда.

Бугунги кунда амалиётда божхона постлари томонидан расмийлаштирилган ҳамда республика ички ҳудудида муддати ўтган ҳолда назоратда қолиб келаётган “Автотранспорт воситаларини қайтариб олиб чиқиш тўғрисидаги мажбуриятнома”ларни назоратдан ечишда, шунингдек уларни қидириб топишда муаммолар юзага келмоқда.

Жумладан, “Авто” ЯААТ дастуридан олинган маълумотларга мувофиқ, 2020 йил 10 май куни ҳолатига мажбуриятнома асосида кириб келиб, муддати ўтган ҳолда назоратда қолаётган мажбуриятномалар сони 2 985 тани ташкил этмоқда.

Шунингдек, мазкур ҳолатларнинг юзага келиши сабаблари ўрганилганда, чет эл фуқаролари томонидан олиб кирилган хорижий автотранспорт воситалари Ўзбекистон фуқаролари томонидан ички ҳудудда тасарруф этилиши ёки уларни қисмларга бўлган ҳолда сотиб юборилиши каби ҳолатлар мавжудлиги маълум бўлди.

Шу сабабли, чет эл фуқаролари томонидан “Автотранспорт воситасини қайтариб олиб чиқиш тўғрисидаги мажбуриятнома” асосида олиб кирилган автотранспорт воситаларини Ўзбекистон Республикаси фуқаролари ёки Ўзбекистон Республикаси ҳудудида доимий яшаб келаётган фуқаролиги бўлмаган шахслар томонидан республика ҳудудида бошқаришига ва тасарруф этишига йўл қўймаслик юзасидан Низомга қўшимчалар киритилмоқда.

Яъни, чет эл фуқаролари томонидан “Автотранспорт воситасини қайтариб олиб чиқиш тўғрисидаги мажбуриятнома” асосида олиб кирилган автотранспорт воситаларини Ўзбекистон Республикаси фуқаролари ёки Ўзбекистон Республикаси ҳудудида доимий яшаб келаётган фуқаролиги бўлмаган шахслар республика ҳудудида бошқариши ва (ёки) тасарруф этиши тақиқланади.

Республикамизга автотранспорт воситаларида кириб келаётган туристларга ва хорижий давлат фуқароларига янада қулайликлар яратиш мақсадида, Низомга қўшимча банд киритилмоқда.

Яъни, вақтинча олиб кириш муддати тугашидан олдин Ўзбекистон Республикаси ҳудудидан чиқиб кетаётган хайдовчи божхона органига автотранспорт воситасини вақтинча сақлаш учун ёзма мурожаат қилган тақдирда, ушбу автотранспорт воситаси божхона органи томонидан белгиланадиган жойларда вақтинча сақлаш даври учун мазкур Низомнинг 16-бандида кўрсатилган йиғим тўланмайди, бундан автотранспорт воситасини сақлаш билан боғлиқ ҳаражатлар мустасно ҳисобланади.

Эндиликда ҳудудий бошқармалар ваколатида бўлган автотранспорт воситасини қайтариб олиб чиқиш мажбуриятномасининг муддатини узайтириш, электрон шаклдаги маълумотларга ўзгартириш киритиш билан боғлиқ ҳуқуқлар божхона постларига берилмоқда.

Хорижий автотранспорт воситасини олиб чиқиш муддатини бузганлик учун тегишли чора кўрилиб, йиғим тўлиқ ундирилгунга қадар автотранспорт воситаси божхона пости томонидан белгиланадиган жойларда вақтинча сақланиши лозим.

Маълумки, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 1999 йил 30 апрелдаги 204-сон қарорида божхона йиғимлари ствакалари белгиланган. Унга мувофиқ, хорижий автотранспорт воситасини Ўзбекистон Республикасида бўлишига қайтариб олиб чиқиб кетиш муддати ўтган ҳар бир кун учун двигатель ҳажмининг ҳар куб. сантиметридан — 0,01 АҚШ доллари миқдорида йиғим ундирилиши белгиланган.

Низомда эса йиғим қуйидаги ҳолларда тўланмаслиги белгиланди:

божхона органлари томонидан белгиланадиган жойларда вақтинча сақлаш даври учун;

агар вақтинча олиб кирилган автотранспорт воситаси хатланган, мусодара қилинган, авария ёки енгиб бўлмас куч таъсири оқибатида фойдаланиш учун яроқсиз ҳолга келиб қолган ва бу ваколатли орган томонидан тасдиқланган бўлса.

Таъкидлаш жоизки, бугунги кунда ДБҚнинг “Авто” ЯААТ дастурида қайтариб олиб чиқиш муддати ўтган хорижий автотранспорт воситалари тўғрисида электрон маълумотларни шакллантириш ва уларни ДЙҲХХ реал вақт режимида тақдим этиш имконияти мавжудлиги туфайли, ДБҚ ва ДЙҲХХ ўртасида электрон маълумотлар алмашинуви йўлга қўйилмоқда ва бу орқали инсон омили чекланмоқда. Шу сабабли низомдан бир қатор бандлар чиқариб ташланмоқда.

Божхона кодексининг 22-моддасига мувофиқ, божхона тўловларини тўлаш бўйича имтиёзлар берилганлиги муносабати билан фойдаланилиши ва тасарруф этилиши чекланган товарлардан фақат божхона тўловларини тўлаш бўйича имтиёзлар бериш шартларига мувофиқ бўлган мақсадда фойдаланилиши мумкин.

Мазкур товарлардан улар нима мақсадда шартли чиқарилган бўлса, фақат ўша мақсадда фойдаланилиши лозимлиги белгиланган. Агарда товарларга берилган имтиёзлар тўланган тақдирда, ушбу товарларни бошқа мақсадларда фойдаланишга йўл қўйилиши кўрсатиб ўтилган.

Лекин, бугунги кунда тадбиркорлик субъектлари томонидан айрим турдаги махсус транспорт воситаларини олиб келиб, божхона расмийлаштируви амалга оширилгандан сўнг ушбу транспорт воситаларини ички ҳудудида шаклини ўзгартириш ҳолатлари учрамоқда.

Мисол учун: “Бетон қориш учун мўлжалланган (Автобетономешалка)” ёки “Эвакуатор” (ТИФ ТНнинг 8705 позицияларида таснифланадиган) махсус транспорт воситасини юк ташишга мўлжалланган (ТИФ ТНнинг 8704 позицияларида таснифланадиган) “Автосамосвал”га ўзгартирганлик ҳолатлари мавжуд.

Шу сабабли, Низомга киритилган тўлдиришларга мувофиқ, божхона тўловларидан имтиёз қўлланилган ҳолда “Эркин муомалага чиқариш (импорт)” божхона режимига расмийлаштирилган автотранспорт воситасини 3 йил давомида қайта жиҳозлаш божхона юк декларациясида кўрсатиб ўтилган ташқи иқтисодий фаолият товарлар номенклатураси коди ўзгаришига олиб келса, божхона расмийлаштируви вақтида божхона тўловларидан берилган имтиёзлар тўланган тақдирда ушбу автотранспорт воситасини қайта жиҳозлашга рухсат берилади.

Лойиҳа муҳокамаси 2020 йил 31 майга қадар давом этади.

Сиз ҳам муҳокамаларда иштирок этиб, ўз таклиф ва мулоҳазаларингизни билдиришингиз мумкин.

18.05.2020

Эшитиш учун матнни белгиланг ва ушбу тугмани босинг